Автомобилимиз ойнаси тўлиқ интерактив бўлиб қолса, қандай соз бўларди. Мисол учун, сиз йўловчи томондаги ойнани кўзингизга қуёш нури тушмаслиги учун бироз қоронғилаштиргингиз келди-ю, сиз ойна устида бармоғингизни тепадан пастга суриб бунга эришдингиз. Ва ойна кўз ўнгизда қоронғилашди.

Япониянинг Honda компанияси автомобиллар учун қоронғилашувчи сенсор ойналар учун патент олди. Яқин келажакда бу ихтиро компания автомобилларида ишлатилиши мумкинлигига умид қилса бўлади. 

Аслида, бу ғоя унчалик янгимас. Баъзи йирик автомобиль компаниялари ўзларининг автомобилларида атроф-муҳит ёритилганлиги даражасига мос равишда автоматик равишда қоронғилашадиган электрохром ойналарни қўллашмоқда. Бироқ ҳозиргача ҳеч ким бундай ойналарни одам бармоғи тегишига таъсирчан қилишни хаёлига келтирмаганди. Бу борада япон компанияси бир қадам олғалаб кетди. Бироқ ҳозирча бу технология автомобилларга қачон татбиқ қилиниши номаълум.

Honda ихтирочилари томонидан патентлаштирилган ойна бир нечта, жумладан битта сенсор ва бир нечта қоронғилаштирувчи қатламдан иборат. Улар суюқ кристалли плёнкалар тарзида ишланган. Сиз бармоғингизни ойна устида тепадан пастга юргазиб, гўёки ойнани қоронғилаштирувчи виртуал пардани туширгандек бўласиз.

Бармоғингизни чапдан ўнгга юргазиб эса туширилган парданинг қоронғилаштириш даражасини бошқара оласиз. Агар сиз икки бармоғингиз билан ойнага тегиб уни турли томонларга юргазсангиз, виртуал пардада атроф-муҳитни томоша қилиш учун ўзига хос ойнача ҳосил қилишингиз мумкин. Кўриб турганингиздек, барча гениал нарса жуда оддий.