Apple компанияси техникасини ишлаб чиқарувчи асосий компания бўлган Foxconn Technology Group компанияси iPhone телефонларини йиғишни Жанубий-Шарқий Осиёдан АҚШга кўчириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда Nikkei Asian Review нашри маълум қилди. 

"Apple июнда Foxconn ва Pegatron компанияларига iPhone ишлаб чиқаришни АҚШга кўчиришни кўриб чиқишни таклиф қилганди. Foxconn бунга ўз жавобини берган, Pegatron эса буни амалга оширишга катта сарф-харажат бўлишидан хавотирланиб, бу режани муҳокама қилишни рад этган", деб маълум қилди манба.

Бошқа манбанинг маълум қилишича, "телефонларнинг АҚШда йиғилиши улар таннархини икки баробардан кўпроққа оширади". 

Foxconn заводларида ҳар йили турли моделдаги iPhone’лардан 200 млн дан кўпроқ ишлаб чиқарилади.

Apple, Foxconn ва Pegatron бунга изоҳ беришдан бош тортди.

Аввалроқ АҚШ президенти этиб сайланган Дональд Трамп Apple ва бошқа АҚШ компаниялари ўз маҳсулотларини АҚШ ҳудудида ишлаб чиқаришлари кераклигини айтганди. У бу ҳақда Де-Мойн шаҳридаги (Айова штати) нутқи давомида айтиб ўтган.