Роботнинг одамга ҳамла қилишига оид илк ҳолат Жанубий Хитойнинг Гуандун провинциясидаги Шэньчжэнь шаҳрида ўтаётган IT кўргазмасида юз берди. “Сина” ахборот порталининг хабар беришича, интернет фойдаланувчилари бу воқеани “машиналар қўзғалонининг илк кўриниши”, дея таърифлашган.

Кўргазмада бир неча юзлаб компаниялар юқори технология соҳасидаги турли маҳсулотлар ва хизматлар билан иштирок этишди. Кўргазмада иштирок этганлардан бири одамларга кўриниши “Юлдузлар жанги” фильмидаги R2-D2 қаҳрамонини эслатиб юборувчи роботни намойиш қилди.

“Дроид”нинг асосий вазифаси болаларни ўқитиш ва ташриф буюрганларни хурсанд қилишдан иборат бўлган. Номаълум сабабларга кўра, назоратсиз қолган робот ўзига яқин бўлган кўргазмани буза бошлаган. Ходимлардан бири уни тўхтатмоқчи бўлганида, робот унинг оёқларини босган.