Ўзбекистоннинг ривожланган демократик давлатлар қаторидан жой олиши — юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсадлардан биридир. Мамлакатимиз ўтган даврда турли қийинчиликларни енгиб ўтиб, ривожланиш йўлидан дадил бормоқда. Ваҳоланки, бир пайтлар айрим эксперт доираларида Ўзбекистон тараққиёт йўли муваффақиятига ишонмаганлар ҳам бўлган эди.

Бугун мамлакатимиз халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида таълим, соғлиқни сақлаш, тадбиркорлик, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда хавфсизликни таъминлаш соҳасида улкан марраларни эгалламоқда. Бу ютуқлар жаҳоннинг етакчи рейтинг агентликлари томонидан эътироф этилаётир. Айни дамда дунё жамоатчилиги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича олиб борилаётган сайлов кампаниясини катта қизиқиш билан кузатаётгани ҳам бежиз эмас, албатта.

Мухбиримизнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси, тарих фанлари доктори, профессор Темир ШИРИНОВ билан суҳбати ана шу жараён ҳақида бўлди.
— Ҳақиқатан ҳам, дунё ҳамжамияти нигоҳи юртимизда кечаётган қизғин жараёнга қаратилган, — дейди Т. Ширинов. — Жорий йилги сайлов кампаниясини ёритиш учун биз жаҳоннинг 30 та мамлакати ахборот агентликлари журналистларини аккредитациядан ўтказдик. Бундан ташқари, 500 нафардан ортиқ халқаро ва хорижлик кузатувчилар сайловни кузатишда иштирок этиш истагини билдиришди. Улар МДҲ, Осиё, Африка, Европа ҳамда Американинг 40 мамлакати ҳуқуқшунос-олимлари, -сиёсатшунослари, жамоат арбоблари, парламент ва сайлов органлари вакилларидир. Мамлакатимизга Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроқўми цингари халқаро ташкилотлардан кузатувчилар миссиялари юборилди. 1999 йилдан бери биринчи марта ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг узоқ ва қисқа муддатли кузатувчиларидан иборат тўлақонли миссияси сайловни кузатади.

Халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бундай эътибори, авваламбор, мамлакатимизда мустақиллик йилларида шакллантирилган демократик институтлар барқарорлиги ва мустаҳкамлигидан, амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигидан, фуқаролик жамияти ривожланганидан далолатдир. Бундан ташқари, сайлов натижаси нафақат Ўзбе-кистоннинг келажак тараққиёт йўлини белгилаб беради, балки Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликнинг кафолати бўлиб хизмат қилади. Чунки Ўзбекистон минтақанинг энг муҳим давлатидир.
— Сайловнинг умумеътироф этилган халқаро стандартларга мослиги унинг демократия, ҳаққонийлик ва адолатлилик тамойиллари асосида ўтказилишини таъминлайди. Ўзбекистон сайлов тизимини шакллантиришда бу жиҳатлар қандай ўрин тутади?
— Бундан 24 йил муқаддам Ўзбекистон Республикаси Конституциясида халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган қоидалари устунлиги принципи белгилаб қўйилган. Бу ёш давлатимизнинг халқаро ҳамжамиятга интеграциялашувининг қонуний асоси бўлди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг БМТ, ЕХҲТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа нуфузли халқаро ҳамда давлатлараро ташкилотлар аъзолари қаторидан муносиб ўрин эгаллади. Умуман, мамлакатимиз бугун юздан ортиқ ташкилотлар фаолиятида иштирок этиб, кўп томонлама ҳамкорлик борасида турли тузилмалар билан алоқаларни фаол ривожлантирмоқда.

Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга интеграциялашуви жамият ҳаётининг барча жабҳасида тизимли, изчил ва босқичма-босқич амалга оширилган ислоҳотлар билан уйғун тарзда аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти, ижтимоий тафаккури юксалган -шароитда кечди. Натижада Ўзбекистон демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамияти тамойилларига асосланган мустақил давлатчилик моделини яратди.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан 2010 йил -ноябр ойида илгари сурилган ҳамда парламент томонидан қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси юртимизнинг мустақил тараққиёт йўлига содиқлигининг ёрқин ифодаси, давлат ва жамият ҳаётини энг юқори демократик талаблар асосида янгилашнинг ўзига хос стратегияси бўлди.

— Маълумки, Концепцияда мамлакатимизда сайлов қонунчилигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Унда белгилаб берилган вазифалар халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қандай хизмат қилмоқда?

— Концепцияда миллий сайлов тизимини модернизация қилиш демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва очиқ фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг таркибий қисми сифатида алоҳида йўналиш этиб белгиланган. Шу ўринда жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳасини чуқур ҳамда ҳар томонлама ислоҳ қилиш ва тараққий топган демократик давлатларнинг тажрибасини ўрганишга устувор аҳамият қаратилганини таъкидлаш зарур. Чунончи, сўнгги олти йил давомида Концепцияда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида юртимизда ва хорижда 160 га яқин йирик халқаро тадбирлар, шу жумладан, 43 та халқаро анжуман, 33 та семинар, 81 давра суҳбати ўтказилди. Ушбу тадбирларга 700 нафардан зийод халқаро экспертлар жалб қилинди. Улар дунёнинг 47 мамлакати вакиллари бўлиб, 130 та нуфузли хорижий тадқиқот марказларида фаолият юритади. Бундан ташқари, юртимиздаги 20 та илмий-тадқиқот марказининг икки минг нафардан ортиқ вакиллари мазкур анжуманларда қатнашди.

Бу саъй-ҳаракатлар дунёнинг юздан зийод етакчи илмий-тадқиқот ҳамда таълим муассасалари билан ўзаро манфаатли ва амалий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш имконини берди. Германия, Францийа, Италия, Белгия, Буюк Британия, Испания, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Хитой, Исроил, Россия ҳамда Шарқий Европа ва Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатларининг ижтимоий-сиёсий ҳамда илмий марказ-лари шулар жумласидандир. Шунингдек, БМТ, ЕХҲТ, МДҲ, Миллий демократия институти (АҚШ), Германиянинг Ф. Эберт ва К. Аденауэр жамғармалари, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Демократия ва сайловларни ташкил қилиш халқаро институти ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар ва фондлар билан ҳам самарали ҳамкорлик олиб борилмоқда.

Бундай халқаро форум ҳамда амалий ҳамкорлик алоқалари натижалари “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Экологик назорат тўғрисида”, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Электрон ҳукумат тўғрисида”, “Парламент назорати тўғрисида”ги каби муҳим қонунлар ҳамда ўттиздан ортиқ бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда ва қабул қилишда қўл келди.
Бевосита сайлов мавзуида ўнга яқин йирик халқаро анжуманлар, давра суҳбатлари ҳамда семинарлар ташкил этилди. Уларда АҚШ, Францийа, Япония, Исроил, Германия, Жанубий Корея, Италия, Испания, Латвия, Гретсия, Туркия, Норвегия, Хитой ҳамда МДҲ мамлакатлари экспертлари иштирок этди.

Хорижий мамлакатларда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш амалиётини ўрганиш мақсадида сўнгги беш йил давомида ўзбекистонлик экспертларнинг Францийа, Испания, Полша, Дания, Буюк Британия, Корея Республикаси, Россия, Ҳиндистон цингари давлатларга йигирмадан зийод сафарлари уюштирилди.

Дунёнинг етакчи давлатлари, хусусан, Буюк Британия, Германия, Швейсария, АҚШ, Белгия, Нидерландия парламентлари вакилларининг мамлакатимизга ташрифлари ҳам сайлов қонунчилиги ва амалиётини ривожлантиришда муҳим ўрин тутди. Ушбу ташрифлар доирасида сайлов жараёнини такомиллаштириш масалалари бўйича брифинглар, давра суҳбатлари, анжуманлар ҳамда экспертлар мулоқоти ташкил этилди.

Шу ўринда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг ушбу йўналишдаги фаолиятини алоҳида қайд этиш жоиз. Институт -томонидан тараққий этган демократик давлатлар илғор тажрибаларини ўрганиш мақ-садида хорижий мамлакатлар сайловларини масофавий мониторинг қилиш амалиёти йўлга қўйилган. Унга мувофиқ, хорижий давлатларнинг сайловга оид материаллари -умумлаштирилиб, таҳлил қилиб борилмоқда. Мазкур мониторинг натижалари миллий сайлов қонунчилиги ҳамда амалиётини такомиллаштириш жараёнида АҚШ, Буюк Британия, Туркия, Тожикистон, Россия, Қирғизистон, Беларус, Озарбайжон, Қозоғистон, Австрия, Испания, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларнинг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир энг илғор тажрибаларидан фойдаланиш имконини берди.

— Юқорида айтиб ўтилганидек, Ўзбекистон Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг аъзоси ҳисобланади. Мамлакатимиз сайлов тизимини такомиллаштиришда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси билан ҳамкорлик алоқалари ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

— Сайловларнинг халқаро кузатувларини амалга оширишга ихтисослаштирилган энг нуфузли тузилмалардан бири — ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси билан тажриба ҳамда ахборот алмашиш сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштиришнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Чунончи, 2012 — 2016 йилларда Марказий сайлов комиссияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ташқи ишлар вазирлигининг
15 нафар ходими мазкур ташкилот томонидан қисқа ва узоқ муддатли кузатувчиларни тайёрлаш бўйича ташкил қилинган саккизта тренингда қатнашди.

Марказий сайлов комиссияси, парламент палаталари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вакиллари ЕХҲТ Демократик -институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссиялари таркибида Арманистон, Молдова, Буюк Британия ҳамда бошқа мамлакатларда бўлиб ўтган сайловларни кузатди. Вакилларимиз кузатув доирасида қонунчиликни, хорижий давлатларда сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказишнинг ўзига хос хусусиятларини батафсил ўрганди.
Марказий сайлов комиссияси ҳамда ЕХҲТнинг “Ўзбекистон Республикаси сайлов амалиётини такомиллаштиришга кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси доирасида Марказий сайлов комиссияси мутахассислари ЕХҲТ иштирокчи-мамлакатларининг сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, сайлов амалиётини демократлаштириш, жумладан, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини татбиқ қилиш соҳасидаги тажрибаси билан танишди.
ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссиялари Ўзбекистонда 1999, 2004, 2009 ҳамда 2014 йилларда парламент сайловини, 2007, 2015 йилларда эса Президент сайловини кузатган. Бундай ҳамкорлик натижасида сайловнинг ҳуқуқий асослари изчил такомиллаштирилди, сайлов қонунчилигимизга умумеътироф этилган халқаро стандартлар тўлиқ имплементатсия қилинди.

— Мамлакатимиз аъзо бўлган бошқа халқаро ташкилотлар доирасида сайлов қонунчилигини такомиллаштириш соҳасида ҳамкорлик қандай ривожланмоқда? 

— Марказий сайлов комиссияси ва парламент аъзолари, тадқиқот марказлари мутахассислари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, -Бутунжаҳон сайлов органлари миссиялари таркибида мунтазам иштирок этиб келади. Хусусан, улар Арманистон, Озарбайжон, Россия, Беларус, Украина, Корея Республикаси, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Литва, Молдова, Буюк Британия ҳамда бошқа мамлакатларда иш олиб боришди. Бундай кенг миқёсли ҳамкорлик алоқалари, пировардида сайлов қонунчилиги ва амалиётини изчил такомиллаштириш, бошқа давлатлар ҳамда тузилмаларнинг сайлов тизимини ривожлантириш соҳасида мамлакатимиз билан алоқаларни кенгайтиришга бўлган қизиқишининг ортишига олиб келди. Масалан, 2010 — 2016 йилларда Марказий сайлов комиссияси томонидан Латвия, Литва, Корея Республикаси марказий сайлов органлари билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.

Ўзбекистон 2013 йилда дунёнинг 94 та мамлакати билан бирга Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциациясини таъсис этиш ташаббускорларидан бўлди. Бу юртимизнинг халқаро сайлов ҳуқуқини ривожлантириш соҳасидаги муҳим ҳиссаси сифатида эътироф этилди. Мазкур тузилма айнан сайлов ҳуқуқи соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашни мақсад қилган. Бугунги кунда у дунёнинг 106 та мамлакати сайлов органлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириб, давлатларда сайловларнинг демократия, ҳаққонийлик, очиқлик ва эркинлик цингари принциплар асосида ўтказилишига хизмат қилаётган нуфузли ташкилотга айланди.

Бундай ҳамкорлик доирасида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан танишиш, ахборот алмашиш, сайлов комиссиялари аъзолари, сайлов органлари ходимларини ўқитиш ҳамда малакасини ошириш бўйича қўшма лойиҳалар ва тадбирларни амалиётга йўналтириш, сайловни ўтказишнинг ташкилий-техник жиҳатлари бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида делегациялар ташрифини уюштириш, биргаликда маслаҳатлашувлар олиб бориш, сайлов ва референдумларда иштирок этиш учун кузатувчиларни юбориш масалалари қамраб олинади.

Ҳозирги вақтда Марказий сайлов комиссияси томонидан Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва ЕХҲТ кўмагида Ўзбекистонда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини яратиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда. Бу халқаро ҳуқуқ қоидаларини миллий сайлов қонунчилигига изчил имплементатсия қилиш, фуқаролар сайлов ҳуқуқи кафолатларини мустаҳкамлаш борасида навбатдаги муҳим қадам ҳисобланади.
— Айтингчи, Ўзбекистон сайлов тизими умумеътироф этилган халқаро стандартлар ва демократик принципларга нечоғли жавоб беради?

— Мамлакатимиз сайлов қонунчилигига халқаро сайлов ҳужжатлари — Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ҳужжатлари, Инсонийлик мезони бўйича -Копенгаген кенгашининг якуний ҳужжати, МДҲга аъзо-давлатларда Демократик сайлов, сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари стандартлари тўғрисидаги конвенция, Европа Кенгаши Венетсия комиссиясининг сайлов масалаларига оид кодекси асосий қоидалари ва принциплари имплементатсия қилинган.

Конституциямиз, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунлар мамлакатимиз сайлов қонунчилигининг асосини ташкил қилади.

Сайловнинг ҳуқуқий асослари аниқ, изчил ва содда тузилган, деб бемалол айтишимиз мумкин. Мазкур соҳадаги барқарор қонунчилик эса сайлов жараёни иштирокчилари учун аниқликни таъминлаши билан жуда аҳамиятлидир. Чунончи, қонунларимизда Ўзбе-кистон Республикаси фуқароларининг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда демократик йўл билан сайланган ўз вакиллари, шу жумладан, давлат органларини демократик шакллантириш, яъни сайловлар орқали иштирок этиш бўйича асосий ҳуқуқи мустаҳкамланган. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ҳамда сайланиш ҳуқуқи кафолатланган. Бу даврий ва ҳаққоний сайловлар орқали умумий, тенг ҳамда тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан таъминланади. Фуқаролар ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ҳамда миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эга. Ҳар бир фуқаронинг сайлов ҳуқуқлари суд йўли билан ҳимоя этилиши, сайлов комиссияларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш имкониятлари ва бундай мурожаатлар тез ҳамда самарали кўриб чиқилиши кафолатланади.

Конституция ва қонунларда мазкур муҳим сиёсий тадбирни ташкил қиладиган сайлов комиссиялари мустақиллигининг кафолатлари мустаҳкамланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси доимий фаолият юритувчи орган бўлиб, у мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик принциплари асосида иш олиб боради.

Сайловлар адолатлилигининг кафолатлари ҳар бир номзод учун тенг имкониятлар яратишда, номзодлар сайлов кампаниясининг одил ҳамда очиқ молиялаштирилишида, овоз бериш ва овозларни санаб чиқишнинг ҳалоллигида намоён бўлади.
Бундан ташқари, сайлов кампанияси бошланишидан тортиб, овоз бериш якунлари эълон қилингунига қадар бўлган даврнинг халқаро ва миллий кузатуви қонуний асослари мустаҳкамлаб қўйилгани, кузатувчиларга кенг ҳуқуқ ҳамда ваколатлар белгилангани сайловнинг қонунийлиги, очиқлиги ва ошкоралигининг мустаҳкам кафолати ҳисобланади.
Ўзбекистон сайлов қонунчилиги демократик сайловларни ўтказишнинг умумеътироф этилган халқаро принциплари ва қоидаларига тўлиқ жавоб беради. Бунга халқаро ҳамжамият эътирофи, жумладан, мамлакатимизда аввалги сайловларда қатнашган хорижлик кузатувчилар томонидан тан олингани яққол мисолдир.