Кетмоновнинг ишончли вакиллари сайловчилар билан алоҳида ишлашмоқда

Ўзбекистон 01 Декабрь 2016 2844

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан ҳар бир сиёсий партия, ҳар бир юртдошимиз мамлакат қонунчилиги меъёрларига мувофиқ равишда сайлов кампаниясида фаол иштирок этиши амалга оширилган демократик ислоҳотлар самарасини тўла намоён қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Хатамжон Кетмоновнинг фаолияти ҳамда унинг Сайловолди дастурида белгиланган асосий мақсад ва вазифалар билан сайловчиларни таништириш мақсадида номзоднинг ишончли вакиллари туман ва шаҳарларда очиқ ва эркин мулоқот олиб бормоқдалар.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Хатамжон Кетмоновнинг Сурхондарё вилоятидаги ишончли вакили Чори Жумағулов вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги сайловчилар билан учрашар экан, ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, сайловчиларни ўйлантираётган масалалар юзасидан  атрофлича фикр алмашди. Шунингдек, учрашувлар давомида номзоднинг Сайловолди дастури билан яқиндан танишган сайловчиларнинг мулоҳазалари, саволлари тингланди.

Бахтиёр Абашев – Ангор политехника касб-ҳунар коллежи директори ўринбосари:

  • Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Хатамжон Кетмоновнинг сайловолди дастурида таълим муассасалари битирувчиларининг бандлиги таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани ўқитувчи ва мураббий сифатида албатта, эътиборимдан четда қолгани йўқ. Зеро, бугунги ўқувчи, талабанинг эртага мана шу мамлакат тараққиёти ва обод келажаги учун муносиб ҳиссасини қўшадиган керакли кадр бўлиб етишишини барчамиз бирдек яхши англаймиз. Хатамжон Кетмоновнинг Сайловолди дастурида кўзда тутилган -  олий ва ўрта махсус маълумотга эга мутахассислар тайёрлаш йўналишларини белгилашда корхона ва ташкилотларнинг кадрларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг мустақил ўзини ўзи иш билан таъминлаш ҳамда якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш учун мақбул шароитлар яратиш мақсадида имтиёзли микрокредитлар ажратиш амалиётини кенгайтириш, ўз бизнесини очишда белгиланган йиғимлардан, фаолиятини тўлиқ йўлга қўйгунга қадар солиқлардан озод қилиш муддатини узайтириш каби масалалар, нафақат таълим тизимида фаолият олиб бораётган мен каби мутахассисларни, балки, барчани бирдек қизиқишига ва қўллаб-қувватлашига сабаб бўлди.

Хатамжон Кетмоновнинг Самарқанд вилоятидаги ишончли вакили Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Саҳобиддин Арзиқулов билан учрашувларда вилоятдаги 2 мингга яқин сайловчилар қамраб олинди. Сайловчилар томонидан ишончли вакилга Сайловолди дастурида кўзда тутилган бир қатор масалалар юзасидан саволлар берилди. Улар асосан, номзод дастурида илгари сурилаётган мамлакатимизда автотранспорт воситаларининг кўпайиб бораётганлиги натижасида йўллар, катта шаҳарларнинг кўчаларида тирбандликлар вужудга келишига барҳам бериш мақсадида тегишли инфратузилмани доимий такомиллаштириб бориш, пиёдалар йўлакларини капитал таъмирлаш, экологик тоза, соғлом турмуш тарзига замин яратувчи велойўлакларни қуриш зарурлиги масаласи билан қизиқдилар. Шунингдек, аҳоли учун мақбул тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масаласига эътибор қаратдилар.

Насиба Ғафурова – “Қизил ярим ой” жамияти Жомбой туман бўлими бошлиғи:

-Президентликка номзод Хатамжон Кетмоновнинг Сайловолди дастури билан яқиндан танишар эканман, унда аҳоли, айниқса, олис қишлоқ ҳудудларида бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланиш имкониятини таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш, имтиёзли ва бепул асосда малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг ижроси устидан тизимли назоратни кучайтириш лозим деб белгилаб қўйилгани, ўйлайманки, чекка ҳудудларда малакали тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштиради ва аҳолига ушбу йўналишда қулайлик яратиб беради.

Шунингдек, фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти ҳамда дори-дармон воситалари нархи устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, дори воситалари рекламасини чеклаш, асосий дори воситалари рўйхатидаги дори воситаларининг давлат тиббиёт муассасаларида мавжуд бўлиши ва айрим тоифадаги шахсларга дори воситаларининг имтиёзли берилишини таъминлаш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш масаласи бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири дейиш мумкин ва шу жиҳатдан номзоднинг дастуридаги таклифларни ўринли ва асосли деб биламан.

Пойтахт вилояти бўйлаб ташкил этилган ишончли вакил учрашувлари ҳам юқори савияда, қизғин савол-жавоб ва кўтаринки руҳда ташкил этилди. Номзоднинг Тошкент вилоятидаги ишончли вакили Меҳрож Дархонов вилоятнинг Бекобод тумани сайловчилари билан бўлган учрашувда тумандаги саноат корхоналари, ҳудуддаги аҳоли меҳнат манбаалари хусусида алоҳида тўхталди ва Сайловолди дастурида айнан бекободликларни ўйлантираётган муаммолар учун ечим бўлишга арзирли таклифлар илгари сурилаётганини таъкидлаб ўтди. Барча учрашувларда бўлгани каби, сайловчиларнинг номзоднинг таржимаи ҳоли ва дастури билан танишиб чиқиш асносида юзага келган фикр-мулоҳазалари тингланди.

Матлуба Ҳожимуратова - “Бекобод ишчиси” газетаси муҳаррири ўринбосари:

-Номзод дастурида илгари сурилган маҳаллий хомашё ва материалларни қайта ишлаш корхоналарининг ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, юқори қўшимча қийматга эга истеъмол товарлари ишлаб чиқаришини молиявий ва иқтисодий рағбатлантириш, имтиёзли кредитлаш самарадорлигини ошириш, ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот ҳисобига ички бозорни тўлдириш, нарх-наво ошишининг олдини олишга қаратилган товар ва хизматлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари масъулиятини кучайтириш лозимлиги масаласи бекободликларни бефарқ қолдирмади, албатта. Зеро, саноат корхоналари, ишлаб чиқариш обьектлари туманимиз аҳолисининг асосий меҳнат манбааларидан бири десак, янглишмаймиз. Шу жиҳатдан ҳам мазкур масала биз сайловчиларнинг эътиборимизни тортди ва алоҳида долзарб аҳамият касб этди.

Кичик бизнес, уй меҳнати, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш, меҳнат қонунчилигида аёлларга берилган ҳуқуқ ва қўшимча имтиёзлардан кенг фойдаланишлари учун янада мақбул шароитларни яратиш лозимлиги масаласи президентликка номзоднинг Андижон вилоятидаги ишончли вакили Абдулҳамид Нурматовнинг Бўз туманидаги сайловчилар билан бўлган учрашувида алоҳида тилга олинди. Номзоднинг ишончли вакили Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Хатамжон Кетмоновнинг Сайловолди дастури билан йиғилганларни таништирар экан, вилоят аҳли учун муҳим бўлган масала – аҳоли бандлигини таъминлашнинг мутлақо янги ва замонавий усулларини жорий қилиш, иш ўринларини ташкил этиш дастурининг сўзсиз бажарилиши устидан парламент назоратини кучайтириш масаласига эътиборни қаратди.

Ёрмуҳаммад Абдураҳимов,

Бўз тумани, Бўз шаҳарча фуқаролар йиғини раиси:

  • Биз сайловчилар учун бугунги сайловолди учрашувида иштирок этиш ва номзоднинг дастури билан яқиндан танишиш, албатта, ниҳоятда муҳим масаладир. Сайловолди дастурида илгари сурилаётган иқтисодиётнинг жадал ривожланиши ва янги иш ўринлари яратишнинг муҳим омили сифатида қурилиш соҳасини модернизация қилиш, қурилиш ташкилотларини кенг ривожлантириш, замон талабига жавоб берадиган мутахассислар, техник воситалар билан таъминланиш мақсадида таклиф этилган вазифалар албатта, долзарб ва ўринлидир. Жумладан, қурилиш ташкилотларининг моддий-техник таъминотини яхшилаш, соҳага янги технологияларни жорий қилиш, малакали мутахассисларни ёллашга имконият берувчи шароитлар яратиш мақсадида солиқ юкини камайтириш зарурлигини албатта, муҳим деб ҳисоблаймиз.

Президентликка номзоднинг Жиззах вилоятидаги шончли вакили Носир Сиддиқов сайловчилар билан бўлган учрашувларда вилоятда мустақиллик йилларидаги ўзгаришлар ва янгиланишлар хусусида тўхталиб, бой табиий шарт-шароитга эга бу ҳудуд гўзал ва мафтункор табиати билан энг аввало, экотуризмнинг ривожланишига хизмат қилишини эътироф этди.

Бахмал туманида бўлган учрашувида мафтункор табиат, мусаффо ҳаводан нафас олиб яшаётган халқнинг сиёсий онги ва тафаккури,  мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, юрт келажагига нисбатан дахлдорлик туйғуси ниҳоятда юксак бўлиши табиий эканлигини ва бу ўз навбатида очиқ фуқаролик жамиятининг асосий шарти бўлиб, фуқароларнинг ҳоҳиш иродасини ифода этувчи сайловлар жараёнида муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.

Жумагул Каримова – Бахмал тумани, Ўсмат шаҳарчасида яшовчи пенсионер:

-Президентликка номзоднинг Сайловолди дастури билан танишиш мобайнида айниқса, биз кекса авлод вакилларига алоҳида эътибор қаратилганига гувоҳ бўлдим. Дастурдаги нафақалар ва моддий ёрдамни асосан, кам таъминланган оилалар, моддий ёрдамга муҳтож кексалар ва болаларга йўналтириш, ижтимоий адолат, меҳр-оқибат, очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида маҳалланинг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш маркази сифатидаги ролини ошириб бориш чора-тадбирларини кўриш бўйича берилган таклифлар аҳолининг кекса вакилларига, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламларига берилган алоҳида эътибор намунаси деб биламан.

Президентликка номзод Хатамжон Кетмоновнинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили Дилором Абдураҳимова вилоятдаги мавжуд 12 та шаҳар ва туманнинг ўнтасида сайловчилар вакиллари билан учрашув мулоқотлар ўтказди. Ҳозиргача ўтказилган учрашув мулоқотларда икки мингдан зиёд сайловчилар қамраб олинди.

Учрашув мулоқотлар сайловчилар вакилларининг фаол иштирокида кўтаринкилик касб этмоқдаки, унда Президентликка номзоднинг ЎзХДП дастурий мақсадларига асосланган сайловолди дастури сайловчилар томонидан эътироф этилиб, астойдил қўллаб-қувватланмоқда.

Сайловчилар, айниқса, аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш тарифларининг давлат томонидан тартибга солинишини такомиллаштириш орқали коммунал хизматлар нархларини мақбуллаштириш, янги иш ўринлари яратишнинг муҳим омили бўлган қурилиш соҳасини модернизация қилиш масалаларига кенг эътибор қаратилгани юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этмоқдалар.

Мавлуда Маҳкамова - Мингбулоқ туманидаги 43- умумтаълим мактаби директори:

-Хатамжон Кетмоновнинг сайловолди дастуридаги тараққиёт мезонлари жуда ҳаётий ва бизларни ўйлантираётган масалалардир. Номзодимизнинг айниқса, бепул ва имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган давлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, коллежлар ва академик лицейларни ўқув адабиётлари билан тўлиқ таъминлаш чораларини кўриш тўғрисидаги мақсадларини биз педагоглар астойдил қўллаб-қувватлаймиз.

Қорақалпоғистон диёри ва Қорақалпоқ аҳли ҳақида, Нукус шаҳридан бошлаб, туманлар марказлари, шаҳар ва қишлоқлар, ҳатто чекка овулларгача етиб борган ривожланиш ва ютуқларнинг асосий омили саҳро қуёши, гармсел ва изғирин шамолларида тобланган, оғир табиий шароитда ҳам ўз юртининг тупроғини кўзига тўтиё қилиб, келажакка ишонч билан яшаётган Қорақалпоғистон халқи эканлигини Президентликка номзод Хатамжон Кетмоновнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги ишончли вакили Ҳалилла Ешимбетов туманларда ўтказган сайловчилар билан учрашувларида эътироф этди.

Йирик корхоналарга касаначилик иш жойларини ташкил этиш бўйича мажбурий квоталар белгилаш орқали жисмоний имкониятлари чекланган шахслар (ногиронлар)ни касаначилик фаолиятига жалб қилишни кенгайтириш масаласи Элликқальа туманида бўлиб ўтган учрашувда қизғин муҳокама қилинди.

Айша Матниязова – Элликқалъа тумани Археология ва тарих музейи директори:

-Номзоднинг Сайловолди дастури билан танишганимизда шунга амин бўлдикки Сайловолди дастурдаги асосий устувор йўналиш, авваламбор, аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Айниқса, ногиронлар меҳнат қилиши учун ихтисослашган корхоналарни ташкил этишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш, жумладан, ушбу мақсадда давлатнинг марказлашган сармоялари ҳисобидан бундай корхоналар тармоғини ривожлантириш масаласи диққатимизни тортди.

Сайловолди дастуридаги яна бир муҳим жиҳат – ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини тузишда жорий ва истиқболдаги ривожланиш йўналишларини тўғри ва аниқ белгилаш масаласидир. Чунки бизнинг ҳудудда сўнги йилларда янги соҳалар жорий этилмоқда, кўплаб янгидан янги корхоналар фолият бошламоқда. Мазкур корхоналарда эса ишлаш учун ўзига хос талаблар мавжуд бўлади. Бунинг учун ўзимизнинг йигит-қизларимиз орасидан малакали мутахассисларни етиштириб чиқариш лозим бўлади.

Номзод Сайловолди дастурида жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг ижтимоий ҳаётда тўлақонли иштирок этишларини таъминлаш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш учун ижтимоий объектларда ногиронларга махсус кириш йўлаги – пандуслар ҳамда уларга мослаштирилган пиёдалар йўлакчалари бўлишини таъминлаш, мавжуд барча бино ва иншоотларни ногиронлар кира олишлари нуқтаи назаридан хатловдан ўтказиш ҳамда йўлакчаларни ногиронларга мослаш бўйича махсус давлат дастурини қабул қилиш вазифаси келтириб ўтилганлиги билан аҳамиятлидир.

Буюк Ипак йўлининг Марказий тармоқлари кесишган нуқталардан бири бўлган, дунё тамаддуни учун аҳамиятли қатор оламшумул ва буюк кашфиётлар замини Хоразм вилоятида ишончли вакил Раимберган Сабуровнинг сайловчилар билан учрашувлари ҳам кўтаринки руҳда ўтди.

Хоразм элининг бугунги тараққиёти ва улуғлигининг асосий омили ушбу замин халқи азалдан фақат бугунги кунни эмас, балки узоқ келажакни кўзлаб иш тутиши ва бу олдимизда турган муҳим сиёсий жараён Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловлар кунида муҳим аҳамият касб этиши ҳақидаги фикрлар ишончли вакилнинг Хива тумани сайловчилари билан бўлган учрашувда алоҳида тилга олинди.

Вера Пак – Ўзбекистон қаҳрамони, партия фаоли:

-Мен партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан танишиб, шуни айтмоқчиманки, Сайловолди дастурда партия электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим жиҳатлар билан бирга, бугунги ва эртанги иқтисодий тараққиёт учун муҳим бўлган жиҳатлар инобатга олинганлигини айтиб ўтмоқчиман. Айниқса, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларда меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, ушбу соҳаларга мамлакатда мавжуд бўлган бўш меҳнат ресурсларини фаол жалб этиш масаласи бугунги кунда албатта долзарб масаладир.

Тижорат банкларининг инвестициявий лойиҳаларни молиялаштиришдаги иштирокини янада кенгайтириш, хўжалик юритувчи субъектларни кредитлаш тизимини соддалаштириш, макроиқтисодий вазиятдан келиб чиқиб, фоиз ставкаларини минимал даражада белгилаш, муаммоли қарзлар юзага келишига йўл қўймаслик ва банк хизматлари сифатини яхшилаш орқали уларнинг инвестициявий фаоллигини кучайтириш бўйича берилган таклифларни қўллаб-қувватлайман.

Қашқадарё вилоятининг барча туман ва шаҳарлари сайловчилари билан Хатамжон Кетмоновнинг вилоятдаги ишончли вакили Олим Равшанов иштирокидаги учрашувларда сўзга чиққанлар номзоднинг сайловолди дастурига устувор масалалар юзасидан ўз фикрларини билдиришди. Жумладан, учрашувларда сўзга чиққанлар уй-жойларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш мақсадида, давлат мулкини хусусийлаштиришдан олинадиган маблағларнинг бир қисмини тураржой фондини шакллантиришга йўналтириш механизмини такомиллаштириш бўйича илгари сурилган таклифларни қўллаб қувватладилар.

Зебо Шодиева - Деҳқонобод туманидаги Агробизнес ва транспорт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси:

Номзоднинг сайловолди дастурида ёшлар масаласига устувор вазифа сифатида ёндошилгани билан бир қаторда, аҳоли, айниқса, олис қишлоқ ҳудудларида бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланиш имкониятини таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Шунингдек, одамларни ташвишга солаётган муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш механизмларини янада такомиллаштириш, бу борада янги лойиҳалар, ташаббуслар билан чиқишни мақсад қилиб қўйилганлигини аълоҳида таъкидлаш лозим.

Бухоро вилоятидаги ишончли вакил билан бўлган учрашувларда сўзга чиққанлар Номзод Сайловолди дастурида миллий манфаатларга содиқлик, мамлакат мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини таъминлаш, фуқаролараро ва миллатлараро ҳамжиҳатлик, ижтимоий барқарорликни сақлаш, Ўзбекистонни ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшилиш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашга қаратилган қатор эзгу мақсадлар ўрин олганлигини алоҳида тилга олдилар.

Саодат Юсупова - Шофиркон туман “Гулистон” МФЙ диний маърифат ва маънавий- ахлоқий тарбия масалалар бўйича маслаҳатчи:

-Хатамжон Кетмоновнинг дастурий ғояларидан келиб чиқиб, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий тараққиётнинг муҳим масалалари тўғрисида ўз қарашлари, ёндашув ва тавсияларни жамиятга таклиф этиб келмоқда.

Мамлакатимизда сиёсий партиялар ўз ҳаётий ғояларини илгари суриши, мамлакатни ривожлантириш стратегиясига нисбатан аниқ позицияга эга бўлиши демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётни жадаллаштиришда муҳим ўрин тутмоқда.

Хатамжон Абдураҳмановичнинг сайловолди дастурида бозор иқтисодиёти ижтимоий йўналтирилган ва энг аввало, жамият манфаатлари химоясига қаратилган бўлиши кераклиги қаътий белгилаб қўйилган. Хусусан, иш билан таъминланмаган аҳоли бандлигини таъминлаш, саноат, ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришга кўмаклашиш, коммунал хизматлар кўрсатишнинг самарасини янада ошириш, таълим ва соғликни сақлаш соҳаларини янада такомиллаштириш ҳамда яна бир қатор долзарб вазифалар белгиланган.

Хулоса ўринда алоҳида эътироф этиш жоизки, мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб дунё тажрибасини ҳар томонлама ўрганиш асосида мамлакатимизда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган очиқ демократик давлат барпо этиш  борасида амалга оширилган ишлар фуқаролар томонидан қўллаб-қувватланаётгани ҳамда бу борадаги ислоҳотлар истиқболига эътибор юқори эканини ўтказилаётган учрашувларда яна бир бор ўз исботини топмоқда.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Матбуот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида

Кун янгиликлари
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 35553 Жамият
Қўшимча-контракт асосида ўқишни истайдиганлар нима қилиши керак?
11:30 / 18.08.2017 74706 Ўзбекистон
Миллий бренд — Fratelli Casa кийимларининг тарихи, бугунги ютуқлари ва келажак режалари ҳақида
11:05 / 18.08.2017 11258 Жамият
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 140010 Жамият
Ироқ бош вазир: Талл-Афорда ИШИДга қарши ҳужум бошланди
09:12 9 Жаҳон
БМТ бош котиби Финляндиядаги терактни қоралади
09:07 24 Жаҳон
АҚШда юк машинасининг музлатиш камерасидан 60 нафар мигрант топилди
09:03 226 Жамият
Хитой соҳиллари яқинида иккита балиқ овловчи кема тўқнашиб кетди
08:53 231 Жамият
Исроил бош вазири Владимир Путин билан яқин кунларда учрашишни мўлжалламоқда
08:43 397 Жаҳон
Тинч океанида 1945 йилда чўктириб юборилган АҚШ крейсери топилди
08:34 1788 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар