Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил" эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида" фармони имзоланди. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилган.

"Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллигини нишонлаш ҳамда давлатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни барпо этишга салмоқли ҳисса қўшган ҳарбий хизматчиларни, Қуролли Кучлар фахрийларини ва хизматчиларини қўллаб-кувватлаш мақсадида: 

1. “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишони таъсис этилсин. 

2. “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишонининг Низоми ва тавсифи 1, 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин. 

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишонлари ва уларнинг гувоҳномалари бир ой муддатда белгиланган тартибда тайёрланишини таъминласин. 

4. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.Махмудов зиммасига юклансин. 

Ўзбекистон Республикаси 
Президенти вазифасини бажарувчи                                                Ш.Мирзиёев

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил
28 ноябрь ПФ-4859-сонли Фармонига 1-илова

“Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил" эсдалик нишони тўғрисидаги
НИЗОМ
 


1. “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишони билан давлатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни барпо этишга салмоқли ҳисса қўшган шахслар, юқори профессионал маҳорати, ҳарбий ва ватанпарварлик бурчига садоқатини намоён этган ҳарбий хизматчилар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича жанговар ҳаракатларда иштирок этган, захирага бўшатилган ёки истеъфога чиқарилган ҳарбий хизматчилар, шунингдек, ҳарбий ҳамда хизмат бурчини бажаришда ҳалок бўлган ёхуд ярадор бўлган ва шикастланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари тақдирланадилар. 

2. “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишони Ўзбекистон Республикаси Президенти – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони номидан қўшилма командири ва ундан юқори лавозимдаги шахслар томонидан тантанали вазиятда топширилади. 

Мукофотланганларга эсдалик нишони билан бирга белгиланган шаклдаги гувоҳнома берилади. 

3. “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишони мукофотланганларга куч ишлатувчи тузилмалар вазирлик ва идоралари раҳбарларининг буйруқларига асосан топширилади.

4. “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишони кўкракнинг чап томонига давлат мукофотларидан кейин тақилади. 

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил
28 ноябрь ПФ-4859-сонли Фармонига 2-илова

“Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил" эсдалик нишони
ТАВСИФИ


“Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишони 0,25 микрон қалинликдаги олтин билан қопланган мис қотишмасидан тайёрланади ва диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлади. 

Эсдалик нишонининг олд томони марказида таралаётган қуёш нурлари фонида Амир Темур ҳайкали тасвирланган. Унинг орқа томонида Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган қадимги Оқсарой мажмуаси пештоқи акс эттирилган. Эсдалик нишонининг юзасида тасвирланган ҳайкалнинг ўнг ва чап томонида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилган йил ва юбилей йили 1992 – 2017 рақамлари акс эттирилган. 

Эсдалик нишонининг айланаси бўйлаб “O‘ZBЕKISTON RESPUBLIKASI QUROLLI KUCHLARIGA” сўзлари, пастки қисми марказида эса иккита саккиз қиррали юлдуз оралиғида «25 YIL» ёзуви акс этган. 

Эсдалик нишонининг орқа томонида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби, пастки қисмининг марказида “2017” ёзуви тасвирланган. 

Тасвирлар ва ёзувлар қабариқдир. 

Эсдалик нишонининг олд ва орқа томонларининг четлари қабариқ доира билан ўралган.



Эсдалик нишони Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангидаги йўллари бўлган 24 миллиметрли шойи лента билан сирилган беш қиррали қадағичга илмоқча ёрдамида уланади. Кўк, оқ ва яшил йўлларнинг эни 7 миллиметрдан, қизил йўлнинг эни эса 1,5 миллиметрдир. Қадағичнинг баландлиги 48, эни 45 миллиметр. Тўғнағичга мустаҳкамланган.