Россия Қуролли кучларининг Тожикистон республикасидаги 201-ҳарбий базасига янги қўмондон тайинланди. Генерал-майор Олег Митяев 13 декабрда Душанбеда шахсий таркибга таништирилган. Бу ҳақда, Марказий ҳарбий округ қўмондони ёрдамчиси полковник Ярослав Рошупкин ТАСС агентлигига маълум қилган

"Генерал Митяев Омск олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини, РФ Қуролли кучлари умумқўшин академиясини тамомлаган, ҳаво-десант қўшинларида хизматни ўтаган, взвод командиридан десант-ҳужум бўлинмаси командиригача бўлган хизмат пиллапояларидан ўтган. Бешта давлат мукофоти билан тақдирланган, оилали, бир нафар қизи бор", - деган Рошупкин.

Бундан аввал, ушбу ҳарбий базага қўмондонлик қилган полковник Денис Лямин Челябинск вилоятида қайта ташкил этилган 90-танк дивизиясига раҳбарлик қилади. 

201-ҳарбий база – Россиянинг ўз ҳудудидан ташқарида жойлашган энг йирик ҳарбий қисмидир. У Душанбе ва Қўрғонтепа шаҳарларида жойлашган. 2012 йил октябрида имзоланган келишувга биноан 2042 йилгача фаолият юритади.