Шаҳар ичида юриш учун мўлжалланган энг митти электрокар тақдим қилинди

Технология 14 Декабрь 2016 4038

Tesla концерни ўз электромобилларида двигателлар қуввати ва аккумулятор батареялар автоном ишлаши вақтини кўпайтиришга уринаётган бир пайтда, Швециянинг унча номдор бўлмаган Uniti Sweden компанияси бошқа йўл билан бориб, "100 км/соат тезликка 4 сонияда эриша олмасада", бироқ шаҳар шароитлари учун идеал мос келувчи ва боз устига анча вақт қайта қувватлашсиз ишлашга қодир ихчам электромобилни тақдим қилди.

Машинани яратиш лойиҳаси FundedByMe маблағ йиғиш хизмати орқали молиялаштирилган бўлиб, керакли маблағ анча тез йиғилган. Uniti икки ўриндиқли электрокар бўлиб, бир қувватланишда 150 км йўл боса олади. Машина двигатели қуввати 15 киловаттни ташкил қилади, тўлиқ қувватсизланган батареяни қувватлаш эса 30-40 дақиқадан камроқ вақтни олади. Машина вазни 400 кг бўлиб, унинг ичидаги асбоблар панели Head-Up-дисплей кўринишида ишланган бўлиб, унга барча зарурий маълумот чиқарилади. Бундан ташқари, келажакда автомобиль ҳайдовчисиз бошқарув тизими билан ҳам жиҳозланиши мумкин.

Айни вақтда лойиҳа жамоаси 1,3 млн доллар йиға олди ва бу барча муҳандислик ва техник ғояларни амалга ошириш учун тўлиқ етади. Машина яратувчиларининг айтишича, Uniti’нинг илк тажриба намуналари 2017 йилда пайдо бўлади, 2018-2019 йилларда эса автомобиль илк мижозларга етказиб берила бошланади. Кичик ўлчамдаги электрокарнинг биринчи партияси етказиладиган бирламчи ҳудуд сифатида Ғарбий Европа танланди. 

Кўпроқ янгиликлар