Туркманистон аграр партияси президентликка ўз номзодини таклиф қилди

Жаҳон 18 Декабрь 2016 9800

Туркманистон аграр партияси 17 декабрда мамлакат президенти лавозимига ўзининг ҳудудий бўлимларидан бирининг раҳбари Дурдиклич Ўразов номзодини илгари сурди, деб хабар бермоқда Туркманистон телевидениеси. 

Шу тариқа, Туркманистоннинг барча учта партияси 12 февралга белгиланган президентлик сайловларига ўз номзодларини таклиф қилиб бўлди. Улардан бири, мамлакатнинг амалдаги президенти, Демократик партиядан Гурбангули Бердимухамедов ҳисобланади.

Аграр партия фаоллари Ўразовнинг ташкилотчилик қобилиятлари, профессионаллиги ва катта иш тажрибасига эгалигини қайд қилиб ўтганлар. Ўразов эса ўз навбатида, партиядошларига уларнинг ишончини оқлаш учун бор кучини беришга ваъда берган.

Туркманистон Марказий сайлов комиссияси 24 декабрдан номзодларни рўйхатдан ўтказишни бошлайди, шундан кейин номзодлар ОАВда чиқишларни ва сайловчилар билан учрашишни бошлайдилар 

Мамлакат конституциясига кўра, Туркманистон президенти этиб Туркманистонда туғилган, 40 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини биладиган, охирги 15 йил ичида Туркманистонда доимий равишда яшаган ва ишлаган фуқаро сайлана олади. Президент 7 йилга сайланади.

Кўпроқ янгиликлар