Хитой атмосфера таркибидаги углерод икки оксиди миқдорини кузатиб турувчи TanSat сунъий йўлдошини фазога учирди. У мамлакат шимоли-ғарбидаги Гоби саҳросида барпо қилинган Цзюцюань космодромидан ҳавога кўтарилган. "Синьхуа" агентлигининг хабар қилишича, сунъий йўлдош "Чанчжэн-2-Ди" (Long March-2D) ракета ташувчиси воситасида фазога олиб чиқилган.

Вазни 620 кг келадиган TanSat 700 км баландликдаги қуёшга синхрон орбитага олиб чиқилган. У Ер атмосферасида углерод икки оксиди тўпланиши ва миқдорига оид маълумотларни Ерга узатиш вазифасини бажаради. Қурилманинг бош конструктори Инь Цзэншаннинг сўзларига кўра, қурилма иқлим ўзгаришларини ўрганишга имкон беради. У 3 йил муддат давомида ишлашга мўлжалланган. 

Худди шундай ракета ташувчи ёрдамида яна учта митти сунъий йўлдош орбитага чиқарилган, деб хабар қилмоқда "Синьхуа" агентлиги. Улар Хитой халқ хўжалиги мақсадларига хизмат қилади.