Хитойнинг йирик кўмир компанияси - Shanxi Coking Coal Group Co. директорлар кенгаши собиқ раиси Бай Пэйчжун 13 ярим йилга озодликдан маҳрум этилди. У 35 миллион юань миқдорида (тахминан беш миллион доллар) пора олган. Бу ҳақда Caixin нашри ёзмоқда.

Цзянсу вилоятидаги Сучжоу шаҳри судига кўра, Бай Пэйчжун 2001-2011 йилларда кўмир шартномаларини имзолаш ва ўз шерикларини хизмат поғоналарида кўтариш учун пора олган. Суд у уч миллион юань миқдорида жарима пули тўлаб бериши кераклиги ҳақида ҳам қарор чиқарди.

Бай Пэйчжунга қарши коррупция бўйича суриштирув ишлари 2011 йилнинг ноябрида унинг уйини ўмариб кетишгач бошланди. Ўшанда уйдан 50 миллион юанлик қийматга эга қимматбаҳо буюмлар, жумладан олтин ёмбилари, нақд пуллар, заргарлик тақинчоқлари ўғирлаб кетилгани хабар қилинганди. Бироқ, полиция суд эшитувларида Shanxi Coking Coal Group Co раҳбарининг уйидан ўмарилган буюмлар қиймати атиги 10 миллионни ташкил этганини маълум қилган.

Суд дастлабки тергов жараёнини бузгани учун тўрт нафар полициячини 6 дан 12 йилгача озодликдан маҳрум этган. Таъкидланишича, қора курсига ўтирган ҳуқуқни муҳофаза қилиш орган ходимлари Бай Пэйчжунга иш кўриб чиқилиш жараёнида ўғирланган буюмлар қийматини тушириб беришга ёрдам беришган. Бу ҳукумат уни коррупцияда гумон қилмаслиги учун ўйлаб топилган найранг эди.

Бундан ташқари, суд Бай Пэйчжуннинг ўринбосари - Ляо Шуаньчжуни 16 йилга озодликдан маҳрум қилди. У 13,4 миллион юань миқдорида пора олган.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда Си Цзиньпин 2012 йилда ҳукумат тепасига келгач, коррупцияга қарши кенг қамровли кураш кампанияси бошланди. Ўшандан бери минглаб амалдорлар партия тартиб-интизомини бузгани ва коррупцияда айбланиб жазога тортилди.