SpaceX компанияси Instagram’да ўзи томонидан ишлаб чиқилаётган Falcon Heavy ўта оғир ракета ташувчининг илк суратларини чоп этди. Унинг юк кўтариш имкони кичик таянч орбитада 54,4 тоннани ташкил этади. Бу эса айни дамда дунёдаги энг кучли ракета Delta IV Heavy’нинг фойдали вазифасидан икки бараварга кўпроқдир.

Суратда ракета ташувчининг биринчи ва иккинчи алоҳида қисмлари орасидаги парча кўрсатилган. Уни чоп этиш эса ракета ташувчи яқин орада учирилиши мумкинлигидан далолат беради, деб таъкидлайди ArsTechnica нашри. Аввалроқ унинг манбалари бу 2017 йилнинг ўрталарида рўй бериши ҳақидаги маълумотни тасдиқлаганди.

Парвоз Флоридадаги Кеннеди фазо марказининг 39А майдончасидан амалга оширилиши режалаштирилган. Ракета иккита алоҳида қисм ва бир жуфт ён томондаги тезлаштиргич билан жиҳозланган. Falcon Heavy’ни учириш қиймати 90 миллион доллар атрофида баҳоланмоқда. Бу Ой ва Марсга бўлган парвозлар қийматини сезиларли даражада камайтириш имконини беради.

Boeing томонидан НАСАнинг марс дастури учун ишлаб чиқилаётган SLS (Space Launch System) ўта оғир ракетасининг кичик таянч орбитадаги юк кўтариш ҳажми камида 70 тоннани ташкил этади ҳамда у анча қимматроқдир. SLS’нинг синов парвози эса 2018 йилнинг охирларига мўлжалланган.

Дунёда айни дамда фақатгина АҚШда янги ўта оғир ракеталарни яратиш лойиҳаси ракета ташувчини йиғиш босқичига қадар етиб борган. Ўтган асрда бундай синфдаги учта ракета яратилган. Уларнинг энг омадлиси - Saturn V америка ой дастурида ишлатилган.