Ой 4,51 миллиард йил аввал ташкил топган. Бу Қуёш тизими шаклланганидан 60 миллион йил ўтиб рўй берган. Бундай хулоса Калифорния университети олимлари томонидан Science Advances ("Илм-фан тараққиёти") журнали саҳифаларида эълон қилинган мақолада келтирилди. Аввалги тахминларга кўра, Ер йўлдоши Қуёш тизими шаклланганидан 150-200 миллион йил ўтиб, Ернинг ҳажми Марс сайёраси каби бўлган фазовий объект билан тўқнашувидан сўнг ташкил топган, деб ҳисобланарди. Мақолада таъкидланишича, "Ойнинг ёши ҳақидаги маълумотнинг муҳимлигига қарамай, аввал бунга жавоб берилмаган".

"Биз Ой бундай ёшда экани ҳақидаги фикрлар ўз исботини топган, деб ҳисоблаймиз", - маълум қилди Калифорния университети мутахассислар гуруҳи раҳбари Мелани Барбони. Унинг сўзларига кўра, мақолага 1971 йилда Американинг "Аполлон-14" кемаси экипажи астронавтларининг Ой юзасидан олган намуналари таҳлил натижаси асос қилиб олинган. 

"Аниқ ҳисоб-китоблар учун циркон минералидан фойдаландик, у энг яхши “вақт капсуласи” саналади", - деди олим. Унинг сўзларига кўра, бу модда Ой юзасидаги магманинг музлаб қолишидан пайдо бўлган. Олимлар ўрганиш чоғида ушбу минералда бўлган ураннинг қанча миқдори қўрғошинга айланганини ўлчашди. Бу услуб геологик объектлар ёшини аниқлашда энг ишончлидир. Олимларнинг хулосасига кўра, Ернинг йўлдоши 4,51 миллиард йил аввал шаклланган.

Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, Ойнинг ёши ҳақидаги маълумот - "Ернинг ташкил топиш ва ривожланиш жараёнини тушунишга ёрдам берувчи калитдир".