Москва шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактларнинг 50 йиллиги” мавзуига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондан ташриф буюрган делегация ҳам қатнашди.

Анжуманда БМТ экспертлари, халқаро ташкилотлар, Россия ва бошқа давлатларнинг тегишли вазирликлари ҳамда идоралари вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар маъруза қилди. 

Маълумки, 2016 йилда халқаро жамоатчилик Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактлар қабул қилинганининг 50 йиллигини кенг нишонлади. Зеро, мазкур ҳужжатлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича универсал тизимларнинг концептуал асоси ҳисобланади. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва иккита халқаро пакт давлатлар ҳамда дунё халқлари ўртасидаги умумий манфаатлар ва қадриятларга асосланган келишув самарасидир. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатларни ҳаётга татбиқ этишда БМТ аъзолари саналган жаҳондаги аксарият мамлакатлар фаол иштирок этаётгани бу борадаги муваффақиятни таъминламоқда. Декларация ва пактлардаги қоидалар кўплаб давлатлар конституциялари ва қонунларида ҳам белгилаб қўйилгани бунга бир мисолдир. Ана шу ҳужжатларда ўз ифодасини топган ҳуқуқлар ва эркинликлар халқаро жамоатчилик томонидан мукаммал, пишиқ-пухта, бир-бирига чамбарчас боғланган, деб тан олинган. Шунинг учун мазкур ҳуқуқ ва эркинликлар давлат, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамиятлари томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳамда муҳофаза қилинадиган асосий тамойилларга айланди. 

Конференцияда Ўзбекистон делегацияси халқаро жамоатчилик эътиборига  юртимизда юқорида номлари зикр этилган халқаро пактлар қоидалари ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар, республикамиз тараққиёти истиқболларига оид ахборотни ҳавола этди. Иштирокчиларда, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракат стратегиясига доир маълумотлар катта қизиқиш уйғотди.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактлар 1995 йилда парламент томонидан бир овоздан ратификация қилинди. Бугунги кунда халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъекти ҳисобланган мамлакатимизда юқоридаги ҳужжатларда ўз аксини топган халқаро мажбуриятлар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши ва шартномавий органлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссари ҳамда бошқа ҳуқуқни ҳимоя қилиш механизмлари билан ўзаро ҳамкорликда изчил рўёбга чиқарилаяпти.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактларда кўрсатиб ўтилган деярли барча тегишли ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланди, истиқлол йилларида қабул қилинган 400 дан зиёд қонунларда ўз ифодасини топди. 

Шулар қаторида Ўзбекистон 1997 йилда Ривожланишга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги декларацияни ратификация қилди. Юртимиз мазкур ҳужжатнинг 30 йиллигини нишонлаш тадбирларида фаол қатнашди. Ўз навбатида, мамлакатимиз БМТнинг Барқарор тараққиёт мақсадларини ҳам қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бинобарин, унда барқарор тараққиётнинг асосий учта таркибий қисми — иқтисодий, ижтимоий ва экологик мезонлар мувозанатини таъминлайдиган 17 та мақсад ва 169 та вазифа кўрсатиб ўтилган. Уларга эришиш ва 2030 йилгача бўлган давргача барқарор тараққиёт соҳасидаги кун тартибини амалга оширишда айнан инсон ҳуқуқлари бўйича Халқаро пактлар муҳим пойдевордир. 

Ўтган йилларда Ўзбекистон барқарор иқтисодий ўсиш борасида муайян кўрсаткичларни қўлга киритди. Юртимизда таълим ва соғлиқни сақлаш, гендер тенглигини таъминлаш каби ижтимоий жабҳалардаги дастурлар босқичма-босқич амалиётга жорий этилмоқда. Жумладан, истиқлол йилларида республикамизда ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатлар ҳажми 5 баробар кўпайтирилди. Ҳар йили Давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи соғлиқни сақлаш, таълим, коммунал хўжалик, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳаларидаги вазифалар ижросига йўналтирилаётир. Инсон тараққиёти масалаларига ҳам устувор аҳамият қаратилаяпти. Мустақиллик йилларида оналар ўлими 3,2 баробардан зиёд, болалар ўлими 3,4 баробар, яъни сезиларли даражада камайгани, ўртача умр кўриш даражаси 66 ёшдан 73,5 ёшга, аёллар ўртасида эса 76 ёшга узайгани бунинг яққол тасдиғидир. 

Мамлакатимиз Инсон ҳуқуқлари соҳасида Бутунжаҳон таълим дастури, БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тайёрлов декларацияси қоидаларини ҳаётга татбиқ этишда фаол қатнашмоқда. БМТТД, ЮНИФЕМ, ЮНФПА, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, ХМТ, ЕХҲТ ва бошқа халқаро ҳамкорлар билан биргаликда инсон ҳуқуқларига оид 120 дан ортиқ асосий халқаро ҳужжатлар ўзбек тилига таржима қилиниб, нашрдан чиқарилди. 

Айни пайтда Ўзбекистонда Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастурининг янги таҳририни тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар олиб борилаяпти. Унда фуқароларда қонунга ҳурмат туйғусини янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришда фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятини ошириш каби масалаларга алоҳида ўрин берилган. Шунга яраша Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгаш самарали фаолият юритмоқда. 

Ўзбекистон мустақил ривожланишнинг ўтган 25 йилида халқаро шартномавий органларга 35 дан зиёд миллий маърузаларни ўз вақтида тақдим этди. Давлат ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги конструктив мулоқотни йўлга қўйишни муҳим деб биладиган БМТнинг шартномавий қўмиталари томонидан мазкур ҳужжатлар сифатига юқори баҳо берилиб, алоҳида эътироф этилди.   
Конференция давомида халқаро экспертлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва БМТ Тараққиёт дастури ўртасида 2016 йил октябрь ойида Ўзаро англашув меморандуми имзоланганига ижобий баҳо бердилар. Унда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши тавсияларини амалга ошириш юзасидан Миллий ҳаракат дастурини рўёбга чиқариш йўналишидаги ҳамкорликнинг аниқ тадбирлари назарда тутилган. 

Миллий қонунчиликка инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига доир халқаро стандартларни имплементация қилиш, шартномавий органларнинг миллий маърузаларни кўриб чиқиш якунлари бўйича хулосалари ҳамда тавсиялари, инсон ҳуқуқларининг муҳим мезонларини рўёбга чиқаришга қаратилган миллий ҳаракатлар дастурини тайёрлаш юзасидан Ўзбекистон амалиёти ҳам юқори баҳоланди.
Тадбир қатнашчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2017 йил мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганини эътироф этишди. Айниқса, Бош вазирнинг Виртуал қабулхонаси ҳам катта қизиқишга сабаб бўлди. Ушбу механизм аҳоли билан доимий ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш имконини берди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Москва давлат халқаро алоқалар институтининг Европа ҳуқуқи кафедраси мудири М. Энтиннинг фикрича, бу анъанавий ёзма мурожаатлар ва ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг шахсий қабуллари қаторида ҳокимият билан аҳоли ўртасидаги мулоқотнинг янгича кўриниши саналади. У одамларга ўзларини қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоб олиш, таклифлар ва ташаббуслар билан чиқиш, фикрини очиқ айтиш имконини беради.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тажрибаси экспертларнинг алоҳида баҳосига сазовор бўлди. Қийноқлар ва ғайриинсоний ёки камситиб муомала қилиш ёки жазолашнинг олдини олиш бўйича Европа қўмитаси аъзоси О. Ноянова қайд этиб ўтганидек, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ўртасида биринчилардан бўлиб инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизимини яратди. Пировардида умумэътироф этилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро тамойиллар ҳамда қоидаларни рўёбга чиқариш, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, одам савдосига қарши курашиш бўйича миллий дастурларни бажариш борасида том маънода катта ишлар қилинди.

О. Кутафин номидаги Москва давлат юридик университетининг халқаро ҳуқуқ кафедраси мудири К. Бекяшев инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда муҳофаза қилиш бўйича навбатдаги одимларни муҳокама этар экан, жумладан, шундай деди: “Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг  2011 йил 16 июндаги резолюцияси қоидаларини биринчилардан бўлиб муҳокама қилди. Қувонарлиси, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича омбудсман тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш борасида фаол ишлар олиб борилаётир. Ўзбекистонда ушбу институтнинг тузилиши ишбилармонлар ҳуқуқларини муҳофаза қилишнинг самарали механизмини янада шакллантиришда янги босқични бошлаб беради”. 

Илмий-амалий анжуман иштирокчилари, шунингдек, Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш ва демократлаштириш, хусусан, давлат раҳбари томонидан “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши мамлакат сиёсати мазкур йўналишда сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилаётганидан дарак беради. Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Бош комиссари бошқармасининг Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Х. Цедеванинг сўзларига қараганда, мазкур саъй-ҳаракатлар судларнинг ҳақиқий мустақиллиги ва эркинлигини таъминлашга йўналтирилгандир. 

Конференцияда Ўзбекистон делегацияси вакиллари мамлакат БМТ Бош Ассамблеясининг 2014 йил 9 апрелдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича шартномавий органлар тизимлари фаолият юритиши самарадорлигини мустаҳкамлаш ва ошириш резолюциясини тўлиқ маъқуллашини билдирди. Айтиб ўтилганидек, бутун дунёда глобаллашув шароитида хавфсизлик, барқарор иқтисодий тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш бўйича миллий моделларни жадал излаш тенденциялари рўй бермоқда. Ҳар бир давлат тарихий, миллий ва бошқа ўзига хосликларидан келиб чиқиб ўз йўлини танлаётир. Ўзбекистон халқаро тинчликни сақлаш ва қўллаб-қувватлаш, ҳамкорлик ва хавфсизлик, қолаверса, умумий тараққиётга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқлари ҳамда халқаро ҳуқуқ устуворлигини таъминлашда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ролини алоҳида эътироф этади.

Анжуман очиқ фикр ва амалий тажриба алмашиш муҳитида ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактлар ва бошқа халқаро шартномаларда белгилаб қўйилган ҳуқуқларни амалга ошириш мураккаб ҳамда узлуксиз жараён экани, унинг доирасида давлат турли маданий ва диний асослари билан глобал миқёсда ҳамкорлик қилиш илгари сурилганини яна бир бор намоён этди. Конференцияда сиёсатда ва турли минтақавий ташкилотлар фаолиятида инсон ҳуқуқларининг умумий қоидаларини англаш даражаси ошиб бораётгани таъкидланди. 

Қайд этилганидек, маданий ва диний ўзига хосликларни инобатга олган ҳолда, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги хабардорлик даражасини юксалтириш муҳим аҳамиятга эга. Бунда давлатлар ва халқлар ўртасидаги доимий мулоқот, миллий қадриятлар ҳамда ривожланишнинг турли йўлларини ҳурмат қилиш муҳимдир. Тадбир қатнашчиларининг умумий фикрига кўра, бундай ёндашув сайёрамиздаги миллий ранг-барангликни сақлаш, турли қарама-қаршиликларнинг олдини олиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида минтақавий механизмларни такомиллаштиришга хизмат қилади. Бу, айниқса, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Араб давлатлари лигаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги мавжуд механизмларни ривожлантириш йўлидаги олдинга қўйилган муҳим қадамга айланади. БМТ саммитида қабул қилинган Барқарор тараққиёт мақсадлари эса дунёда изчил ривожланишга эришиш учун инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган ҳаракатларнинг комплекс режасига айланиши лозим.

Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори