Пекин жорий йилда шаҳар ҳавосининг ифлосланиши билан курашишга 2,7 миллиард доллар сарфлайди. Бу ҳақида 19 январь, пайшанба куни давлат ОАВ хабар берди. 

Пулларнинг бир қисми атмосферани ифлослантираётган 2000дан ортиқ заводни ёпиш ёки модернизациялаш, кўмирнинг ўрнига соф энергия манбаларидан фойдаланиш, ҳавога зарар етказаётган 300 000 эски транспорт воситасидан босқичма-босқич халос бўлишга сарфланади. Синьхуа агентлиги Пекин мэри вазифасини бажарувчи Цай Ци маълумотларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

Ҳукумат Хитой, айниқса сершовқин пойтахт ва унга яқин ҳудудларнинг ифлосланган ҳавосини тозалашда сезиларли натижага эришишни ўз олдига мақсад қилган. Сўнгги бир неча ҳафта мобайнида Пекин ҳавоси ҳаддан зиёд ифлосланиши натижасида ҳукумат бир неча заводлар фаолиятини вақтинчалик тўхтатишга, мактаб ўқувчиларини эса уйда қолишга чақирди. 

Хитой кўмирга тобеълик даражасини камайтириш ва энергия соҳасида қайта тикланувчи экологик соф манбалардан фойдаланиш йўлида катта ишларни амалга оширмоқда. Манбага кўра, Миллий энергетика маъмурияти режадаги 100 кўмир электростанцияси қурилишини бекор қилган.