Хитойнинг Чжэцзян провинциясидаги Нинбо шаҳрида жойлашган ҳайвонот боғида йўлбарслар қафасга ҳаддан ташқари яқин келган кишини тортиб кетиб, уни тилка-пора қилишди. 

Марказий телевидениенинг маълум қилишича, воқеа 29 январь куни маҳаллий вақт билан соат 14:00 атрофида содир бўлган ва унинг видеоси YouTube’да пайдо бўлган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, йўлбарс қафасга ҳаддан ташқари яқин келган сайёҳга ҳужум қилган ва уни йиртқичлар маконига тортиб кетган.

Интернетда тарқалган видеолардан катакда уч йўлбарс инсонга ҳужум қилгани маълум бўлган. Манбада таъкидланишича, фавқулодда ҳолат юзага келган жойда жабрланувчининг аёли ва фарзанди ҳам бўлган. Полиция ва ҳайвонот боғи ходимлари петардлардан фойдаланиб, йиртқичларни тўхтатишга уринишган. Гувоҳларнинг маълум қилишича, ҳужум қилган йўлбарс ўлдирилган. 

Манбага кўра, жабрланувчи олинган жароҳатлардан кейин ҳаётдан кўз юмган. Воқеа тафсилотлари ўрганилмоқда.