Эрон парламенти раисининг халқаро ишлар бўйича маслаҳатчиси Ҳусайн Амир Абдуллоҳиённинг баёнот беришича, АҚШ президенти Дональд Трамп терроризмни қўллаётган мамлакатларни, фуқаролари Америкага кириши тақиқланган давлатлар рўйхатига киритмаган. Бу ҳақда RT (Russia Today – Россия Бугун) хабар бермоқда.

«Ўйлайманки, Трамп бирор мамлакат фуқароларига АҚШга киришни тақиқлашни хоҳлаганида, 11 сентябрь воқеаларида қатнашганлар мамлакати вакилларига тақиқлаши лозим эди. Аммо, жаноб Трампнинг рўйхати терроризмни қўллаб-қувватлаётган ҳамда «Ал-Қоида» ва ИШИДни ташкил этган мамлакатларни ўз ичига олмаган», — деган Абдуллоҳиён.

Унинг аниқлик киритишича, Америка етакчиси Саудия Арабистони фуқароларига ҳам АҚШга киришни тақиқлаши керак. 

«Саудия Арабистони — сўнгги йилларда минтақада терроризм тарқалишига сезиларли ҳисса қўшган давлат ҳисобланади. Саудия Арабистони, айниқса, унинг ҳозирги ҳукмдорлари адолатсизликка чидаб келаётган Яман ҳалқига қарши урушлар ва агрессия сабабчисидир. Баҳрайнга ҳарбий ҳужум уюштирди, Суриядаги терроризмни қўллаб-қувватлади», — деган сиёсатчи. 

Аввалроқ, Вашингтон штати Сиэтл шаҳри федерал судьяси АҚШ президенти Дональд Трампнинг иммиграция фармонини қисман тўхтатган эди.