2013 йилнинг 1 июлида ишга туширилган Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат идораларига йўллаган мурожаатлари сони 2017 йилнинг 8 февраль ҳолатида 1 миллиондан ошди. Мурожаатларнинг 98 фоизига давлат органлари томонидан жавоб йўлланган. Мурожаатларнинг 432,589 таси жисмоний, 567,671 таси юридик шахслардан келиб тушган.        

Ягона порталда 300 дан зиёд электрон хизмат кўрсатилмоқда.  Биргина 2016 йилда Ягона портал хизматлари сони 50 тага ошган.  Айни пайтда “Давлат идоралари раҳбарлари қабулига онлайн ёзилиш”, “Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва юбориш”, “Тадбиркорлик субектларини рўйхатга олиш учун онлайн ариза юбориш”, “Судланмаганлик (ёки судланганлик) тўғрисидаги маълумотномани олиш” каби хизматлар оммалашган. 

Ягона портал орқали аҳоли юбораётган мурожаатлар ва уларга давлат идораларининг муносабати мунтазам таҳлил қилиниб, танқидий ўрганилади ва тегишли давлат органларига тавсиялар берилади. Аҳоли томонидан уларга кўрсатилаётган интерактив хизматларнинг тезкорлиги ва сифати илиқ қарши олинмоқда. Мисол учун, “Мен яшайдиган Уйчи тумани Наманган шаҳридан 30 чақирим узоқда жойлашган бўлса ҳам, банк-молия масаласидаги мурожаатимга маҳаллий бошқарув органларидан 6 ойдан буён жавоб ололмаётган эдим. Ягона портал орқали мурожаат қилганимдан сўнг бор-йўғи 24 соат ўтиб менга Тошкент шаҳридан қўнғироқ бўлди, мен кўтарган масала ўрганиб чиқилди. Ваҳоланки, Уйчи ва Тошкент оралиғида 350 чақиримлик масофа бор!” деб ёзади портал фойдаланувчиси А.Жўраев.    

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот хизматининг хабар беришича, айни кунда my.gov.uz’нинг янги талқини ишлаб чиқилмоқда. Унда фойдаланувчилар ва давлат идоралари ўртасидаги алоқа ижтимоийлик, соддалик ва тезкорлик жиҳатлари билан янада қулайлашади.