UzCard QR-код орқали тўлов тизимини ривожлантирмоқда. Ягона умумреспублика процессинг маркази мутахассисларининг маълум қилишича, янгиликни QR-код орқали тўлов механизмини жорий қилган савдо-сервис корхоналарида амалда синаб кўриш мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг «2016—2018 йилларда Ўзбекистон Республикасида электрон тижоратни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорини ижро этиш мақсадида, шунингдек, молиявий хизматларнинг онлайн-имкониятларини кенгайтириш мақсадида Ягона умумреспублика процессинг маркази савдо терминалини ишлатмасдан, QR-код орқали тўлов тизимини жорий этди.

Бу ишда банк тўлов картаси смартфондаги дастурга бириктирилади, сўнг ушбу дастурдан савдо нуқталарида тўловни амалга ошириш учун ишлатилади. Тўловнинг бундай тури барча учун оддий пластик банк картасига нисбатан қулай. Масалан, сотувчига картани қабул қилиш учун савдо терминали керак бўлмайди. Харидорда эса карталар солинган ҳамёндан воз кечиш имконияти пайдо бўлади – уни смартфон алмаштиради. Шунингдек, карта маълумотлари хавфсизлиги ҳам ортади: картани сотувчига бериш ёки ундаги маълумотларни Интернетдаги сайтларда киритиш керак бўлмайди.