Самарқанд шаҳрида ўтган йил охирида шов-шув бўлган «эшаклар қабристони» иши бўйича суд жараёни бўлиб ўтди. Бу иш бўйича айбланган 5 киши судга тортилган. Бу ҳақда самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаев ўз блогида ёзган.

Айнан шу журналист ўтган йили «Сув ҳавзасида эшаклар гўристонини ким юзага келтирди?» ва «Самарқанддаги сув ҳавзасида эшаклар гўристони қай тариқа пайдо бўлди?» номи остидаги журналистик текширувлари билан жамоатчиликни ҳодисадан воқиф этганди.

У иккинчи мақоласида Самарқанд шаҳри ташқарисидаги Хишрав қўрғони ҳудудида жойлашган марказий чиқиндихона яқинидаги сув ҳавзасида кўп миқдорда эшак жасадлари, суяклари аниқланганини маълум қилганди. Журналист иккинчи мақоласида Самарқанд вилояти ИИБ ушбу ҳолатларни содир этган шахсларни аниқлаш мақсадида суриштирув ишлари бошлагани ҳақида ёзганди.

26 январь куни Самарқанд тумани ИИБ полковниги Отабек Жалилов бу ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ишлари якунлангани ҳақида маълум қилган. У журналистнинг шу борадаги мурожаатига йўллаган жавобида эшаклар гўшти бирор-бир мақсадда ишлатилмагани айтилган. Хатда ушбу иш Самарқанд тумани жиноий ишлар судига оширилгани айтилган.

«Менимча, улар эшак гўшти жамоат овқатланиш ошхоналарига етказилмаганига алоҳида урғу қаратмоқчи бўлишган», дея ёзган мақола муаллифи.

Шундан сўнг журналист Самарқанд туман жиноий ишлар бўйича судига мурожаат қилиб, ушбу иш материаллари билан танишган.

Маълум бўлишича, «эшак бизнеси»га Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи 5 киши жалб этилган. Аниқланишича, улардан бири, Шоҳрух Алибеков исмли шахс Малайзияда Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи Азизбек Раҳмонов билан танишиб қолган. Шоҳруҳ Алибековнинг янги таниши унга муайян миқдордаги маблағ эвазига эшаклар терисини етказиб беришни таклиф қилган. Раҳмонов эса бу таклифга розилик билдирган.

Шоҳруҳ Алибеков бу ишни амалга ошириш учун ўзига ёрдамчилар ёллаб, гуруҳ тузади. У ишга ўз танишлари Даврон Раббимов, Элбек Ибрагимов, Улуғбек Тўхташев ва Дилшод Тўхтамишевни тортади.

Суд ишида қайд этилишича, Ш. Алибеков Д. Раббимовга 3 марта икки миллион сўмдан пул берган. Раббимов бу пулларга Булунғур ва Жомбой туманларидан эшакларни харид қилган ва Э. Ибрагимовнинг юк машинасида жониворларни Самарқанд тумани Дўстлик маҳалласига олиб борган. Ибрагимов ва Раббимов эшакларни сўйиб, терисини шилган, гўштни ва бошқа қолдиқларни дара ва сув ҳавзасига олиб бориб ташлашган.

Тўхтамишев эшак гўштини сув ҳавзасида етиштирилаётган балиқлар учун озуқа сифатида фойдаланган. Эшак суякларини эса майдалаб, шу ҳудудда жойлашган ертўлага ва сув ҳавзасига ташлаган ёки товуқларга едирган. Ҳужжатга кўра, Алибеков ва унинг жиноий шериклари бу бизнес билан бир ой давомида шуғулланган.

Самарқанд ИИББ тергов бўлими терговчиси М. Сафаров Ўзбекистон Республикаси Жиноят-Процессуал кодексининг 23 моддаси (Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади) асосида ушбу гуруҳнинг фаолиятида жиноят таркиби йўқлиги туфайли уларга нисбатан жиноят иши қўзғашдан бош тортган.

24 январь куни Самарқанд туман жиноят ишлари бўйича судида судья Бобиржон Абдувоҳидов раислигида суд мажлиси бўлиб ўтган.

Ш. Алибеков, Д. Раббимов, Э. Ибрагимов, У. Тўхташев, ва Д. Тўхтамишев суд қилинган.

Суд гуруҳ аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддаси асосида (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) «маъмурий жиноят содир этиш ва ҳайвонлар билан шафқатсиз муносабатда бўлиш»да айбдор деб топиб, судланувчиларга энг кам иш ҳақининг икки баробари миқдорида жарима солган.