Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиб, фуқароларга эркин фикр ва очиқ муносабат билдириш учун кенг имкониятлар яратди. Ушбу имкониятдан ўз ўрнида ижодий фойдаланиш ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг бурчи ҳисобланади. Айтилган фикрнинг ҳаққонийлиги ва тўғрилиги учун ҳар бир киши масъулдир.

“Ўзбекистон” телеканали “Муносабат” кўрсатувининг 2017 йил 13 февралдаги сонида китобхонлик ва мутолаа масалалари бир қатор экспертлар иштирокида муҳокама қилинди. “Муносабат” кўрсатуви бир неча йиллардан бери эфирга узатилаётган, ўз йўналиши ва сўзига эга дастурлардан бири ҳисобланади. Кўрсатув муаллифи Қуддус Аъзамов юртимиздаги кўзга кўринган, тажрибали журналистлардан. Бироқ кўрсатувнинг бу галги сони муаллиф ва дастурнинг шунча йиллик обрўсига зид равишда, бир зумлик шов-шув кўтариш мақсадида асосланмаган, бирёқлама тарзда тайёрланган. Фикримизни исботлашга ҳаракат қиламиз.

Тўғри, кўрсатувда бугунги кун учун жуда долзарб масала кўтарилган. Фақат унинг ечимини топишда бунга манфаатдор бўлган барча томон таклиф этилмаган. Нега дарслик муҳокама қилина туриб, унинг муаллифлари чақирилмаган ёки адабиёт ўқитувчиларининг масъулиятсизлиги ҳақида гапириб туриб ўқитувчиларнинг ўзидан фикр олинмаган? Бу назаримизда оддий журналистика этикасига зид ҳолатдир.

2017 йил 13 февраль куни “Ўзбекистон” телеканалида эфирга узатилган “Муносабат” кўрсатувида психология фанлари номзоди М.Йўлдошев “Алифбе” дарслигида 16 та хатога йўл қўйилганлигини айтиб ўтди. Маълумки, “Алифбе” дарслиги илк савод ўргатишга мўлжалланган дарслик бўлиб, ҳар йили 600 000 нусхада чоп этилади. Ушбу дарслик чоп этилгунга қадар бир неча босқичда экспертизадан ўтади. Биз муаллифлар йил давомида Республикамиз вилоятларида ўқитувчилар билан учрашиб, уларнинг дарслик ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ўрганамиз. Шу асосда дарсликни такомиллаштирамиз.

Мен М.Йўлдошевга қўнғироқ қилиб, қандай хатолар ҳақида гапираётганликларини сўраганимда, у киши менга уларни айтмасликларини, бундан бир неча йил олдин набиралари ўқиган даврда шу хатоларни кўрганликларини айтиб ўтдилар. Наҳотки, миллатнинг тақдири билан боғлиқ бўлган масалалар устида фикр баён қилаётганда уни тасдиқловчи далилларни муаллифга тақдим этишдан бош тортиш мумкин бўлса. Ҳар бир одам билдирган фикри учун масъуллигини англаган ҳолда уни баён қилиши керак эмасми? Қолаверса, муаллифнинг ҳақли талабига рад жавобини беришни қандай тушуниш мумкин? Мен М.Йўлдошевдан хатоларни кўрсатишни талаб қилишга ҳақлиман. Агар қандайдир техник хатога йўл қўйилган бўлса, биз уни бартараф этишга тайёрлигимизни, фикрларини биргаликда “Муносабат” кўрсатувида иштирок этган ҳолда далиллаб беришларини талаб қилдим. Лекин М.Йўлдошев мен билан гаплашишдан бош тортди. Бу Халқ таълими вазирлиги, “Маънавият” нашриёти ходимлари ва муаллифларга ҳурматсизлик ва бўҳтон ифодаси ҳисобланади. Қолаверса, “Ўзбекистон” телеканали текширилмаган далилларни эфирга узатмаслиги, бу каби ҳолатларга дуч келганда муаллифлар ва масъулларни хабардор қилиши лозим, деб ҳисоблайман. Шуниси таажжубланарлики, М.Йўлдошев қайси муаллифлар томонидан, қайси йилларда яратилган “Алифбе” дарслиги ҳақида гапираётганини ҳам билмайди. Қўлида далиллар ҳам йўқ. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар йили дарслик ҳақида фикр билдирган экспертларга кўрсатилган камчиликлар бартараф этилганлиги ҳақида асосли жавоблар берилади ва маъқуллари қабул қилинади.

Мен, Қуддус Аъзамов билан боғланиб, яқин кунлар ичида “Муносабат” кўрсатувида раддия сифатида ўз фикрларимни далиллаб беришга келишиб олганлигимни ҳам таъкидлаб ўтмоқчиман. Бироқ М.Йўлдошев мен билан биргаликда бу кўрсатувда иштирок этиб, ўз фикрларини асослаб беришдан бош тортди. Инсон шаъни ва қадр-қимматини улуғлаш устувор бўлган бизнинг мамлакатимизда ҳар бир мутахассис етарли далилларга эга бўлгандагина ўз фикрини айтишга ҳақли эканлигини эслатиб ўтмоқчиман. Акс ҳолда бундай чиқишлар ахлоқсизлик ва масъулиятсизликдан бошқа ҳеч нарса эмас. Қолаверса, “Муносабат” кўрсатуви далилларга таяниб фикр билдиришга мўлжалланган нуфузли кўрсатув ҳисобланади. Бу кўрсатувни асосланмаган, текширилмаган фикрларни баён этиш минбарига айлантирмаслик керак.

Дарслик яратиш мураккаб жараён. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, «Дарсликларда миллат фикрининг, миллат тафаккури ва миллат мафкурасининг энг илғор намуналари акс этиши керак». Халқ таълими вазирлиги томонидан бу жараён ошкора ва шаффоф ташкил этилган, исталган олим, ўқитувчи ва педагог  бемалол иштирок этиши, ўз фикрларини баён қилишлари мумкин. Биз уларнинг дарслигимиз ҳақидаги фикрларини доимо инобатга олиб келганмиз.

Мен ҳурматли экспертимиз Маҳмуд Йўлдошевдан “Муносабат” кўрсатувида “Алифбе” дарслиги хусусида айтган 16 та хатони кўрсатиб беришларини сўраб қоламан. Акс ҳолда бу фикрлар машҳурлик учун айтилган асоссиз фикрлар деб билиб, у кишидан илм соҳиби сифатида ўз хатоларини тан олишдек бағрикенглик кўрсатишларини ва узр сўрашларини кутиб қоламиз. Зеро, биз зиёлилар ўз собитқадам сўзимиз, ҳар бир айтилган фикр учун масъулиятимиз билан жамиятнинг бошқа қатламларига ўрнак бўлишимиз керак.

Рохат САФАРОВА,

Педагогика фанлари доктори, профессор,

“Алифбе” дарслиги муаллифи