2017 йил 10 март куни Алишер Навоий номли киносаройда янги "Иснод" бадиий фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди. Драма жанрида суратга олинган мазкур кинокартинанинг сценарийси Рихсивой Муҳаммаджонов қаламига мансуб бўлиб, режиссёр Абдувоҳид Ғаниев билан биргаликда суратга олинган.

"Ўзбекфильм" киностудияси томонидан ишлаб чиқарилган ушбу картинада айни дамда долзарб муаммога айланиб бораётган ОИТС ва одам савдосига қарши курашиш ғояси асосий ўринни эгаллайди. 

"Иснод" фильмида бош ролларни Дилноза Кубаева, Шоҳруҳ Ҳамдамов, Баҳора Арслонова, Шаҳзода Матчонова, Раъно Шодиева, Феруза Мустафоевалар ижро этишган.

Фильмнинг қисқача сюжети: Жамила исмли тележурналист  чет элдан қайтиб келиб, шаҳримиз касалхоналаридан бирида даволанаётган қизлардан интервью олишга шошилади. Бироқ у бу мақсадга осонлик билан эришмайди. Аввалига алданган қизлар ТВга интервью бериб, омма олдига чиқишдан бош тортишади. Кейин эса ўзларининг аянчли тақдирлари ўзгаларга ўрнак бўлишини ўйлаб, барча воқеани айтиб беришга рози бўлишади. 

Жамиланинг саъй-ҳаракатлари билан содда қизларнинг осонгина алданиб, чет элга сотиб юборилгани фош этилади. Бироқ қаҳрамонимиз ўзи учун бу ҳақиқатлар ортида  яна бир мудҳиш жиноятдан хабар топади...

Фильм ҳозирги кунда суратга олинаётган бачкана, савиясиз картиналардан тубдан фарқ қилади. Унда ҳақиқий ҳаёт, чинакам муаммо ва долзарб масалалар ҳикоя қилинади. Бир сўз билан айтганда, фильм ҳар қандай томошабинни таъсирлантира олиши мумкин. 

Маълумот ўрнида: Ўзбек Миллий академик драма театрида 2010 йилдан бери айнан шу сценарий асосида "Ойдин" спектакли ҳам намойиш этиб келинади. Унда бош ролларни Шодия Тўхтаева ва Миролим Қиличев гавдалантирган.

Драма жанридаги ўткир сюжетли "Иснод" фильми 11 мартдан юртимиз кинотеатрларида намойиш этилади.