Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Бўз туманида бўлиб, фуқаролар билан сайёр қабул ўтказди.

Аҳоли вакиллари билан мулоқотлар туман марказидаги “Халқ қабулхонаси”да ташкил этилди.  Мазкур сайёр қабулда тумандаги 15 дан зиёд фуқаролар ўзларининг мурожаат ва таклифлари билан иштирок этдилар.

- Мен, Саримсоқова Манзурахон тадбиркорман.Тикувчилик цехини юргизаман. Трикотаж маҳсулотлари, тўн, кўрпа ва ёстиқ  жилдлари ишлаб чиқарамиз. Фаолиятимиз учун жой масаласида қийинчилик бор эди. Вилоят ҳокимига мавжуд муаммони айтганимдан сўнг муаммо шу жойнинг ўзидаёқ ҳал бўлди. Бизга Охунбобоев кўчасидан бинодан жой ажратишди. Айни пайтда, 20 нафар ишчимиз бўлиб, бино қарамоғимизга ўтгач, тумандаги 50 нафар аёл ва коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш имконияти туғилади. Мурожаатим ижобий якун топганидан хурсандман.

Пиллакор маҳалласида яшовчи Олтиной Эҳсонованинг фарзанди Музаффарни ишсиз эканлиги юзасидан амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати жойида ҳал этилиб, Музаффар мутахассислиги бўйича туман автомобил йўлларига хизмат кўрсатиш корхонасига ишга қабул қилинди. Кўҳинур маҳалласида яшовчи Хуршид Мамажоновнинг замонавий сартарошхона очиш учун ер майдони ажратиш  тўғрисидаги мурожаати уч кун ичида ҳал этиладиган бўлди. 26-ихтисослашган мактаб-интернати директори Галина Цойнинг таълим муассасасида педогог ходимлар етишмаслиги боис туманда академик лицейнинг филиалини очиш ҳақидаги таклифи кўриб чиқилди. Фуқаро Ҳафиза Нуриддинованинг Сарбон маҳалласидаги ичимлик суви таъминотидаги муаммо юзасидан қилган мурожаати амалга оширилиши бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилиб, амалий ишлар бошланди .           

- Вилоятимиз ҳокимининг ҳузурига Гулшан маҳалласида болалар боғчаси ташкил этиш бўйича мурожаат билан келдим,-дейди 89 ёшли отахон Йўлдошбой ота Раҳимов. –Минг шукр, маҳалламизда кичик ёшдаги болалар кўп, ўзимни набираларим ҳам талайгина. Лекин, маҳалламизда мактабгача таълим муассасаси йўқ. Мен ҳокимимизга ҳудудимизда бўш турган бинони мослаштириб, боғчага айлантириш таклифини айтдим. У киши туман мутасаддиларига топшириқ берди. Шу бугуннинг ўзида туман архитектори ва бошқа тегишли ходимлар бориб ўша бинони ўрганадиган бўлишди.         

Қабул жараёнида кўтарилган қарийб 11 дан ортиқ масалалар жойида ҳал этилди, улардан ташқари, қолган мурожаат ва таклифлар бўйича эса шу куннинг ўзидаёқ аниқ ва амалий иш ташкил қилинган бўлиб, қисқа муддат ичида босқичма-босқич амалга оширилади.

Кун.uz мухбири Элмурод Эрматов