Аждодларимиздан мерос миллий қадриятларимиздан бўлган – Наврўз умумхалқ байрами Андижон вилояти ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси тасарруфидаги барча муассасаларда кенг нишонланмоқда.  

Андижон туман иқтисодиёт ва транспорт  коллежи жамоасида байрамга ўзгача тайёргарлик кўрилди. Миллий анъаналарга хос сайил тарзида ўтган тадбирда йигитлар ўртасида палов пишириш, тош кўтариш, арқон тортиш,  хўроз уриштириш мусобақалари ўтказилган бўлса, дилбар қизлар баҳорий салат ва таомлар тайёрлаш бўйича беллашдилар. Таълим муассасаси тадбирни Исломобод маҳалласи аҳолиси билан ҳамжиҳатликда ўтказгани таҳсинга лойиқ. Миллий спорт ўйинлари ғолибларини муассаса директори Хондамир Алимов фахрий ёрлиқ ва совғалар билан тақдирлади. 

Андижон шаҳар педагогика касб-ҳунар коллежидаги сайилда бошида ўзбекона дўппи, белига белбоғ бойлаган навқирон йигитлар ўз қўллари билан ясаган варракларни учирдилар. Қизлар ижросидаги лапар, ўлан, келин саломлар байрамга ўзгача файз берди. Наврўзда тайёрланадиган миллий таомларнинг ўттиздан ортиқ тури дастурхонга тортилди.

Олтинкўл туман хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежида баҳор байрамини таълим даргоҳи билан биргаликда нишонлаш учун таниқли санъаткорлар, ёзувчи, шоир ва олимлардан тузилган республика тарғибот гуруҳи ташриф буюрди. 

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Абдунаби Бойқўзиев, Ўзбекистон давлат драма театри актрисаси Муҳаббат Абдуллаева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Турсунбой Парпиев, Элмурод Аҳмедов ва Фурқат Ашуралиевлар илм масканида ўқувчилар, устоз ва аҳоли вакилларига ўз санъатларини намойиш этдилар. 

- Тасарруфимиздаги 117 та касб-ҳунар коллеж, 12 та академик лицейларда  Наврўз умумхалқ байрамини алоҳида тайёргарлик билан ўтказдик,- дейди вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Фурқатбек Бузруков. – Байрам олдидан барча таълим даргоҳларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилиб, сайилларда халқимизнинг асрий қадриятлари, миллий урф-одатлармиз тараннум этилди.  

 

Элмурод Эрматов, Андижон