Байрамлар, тантаналар ва маросимлар... Ҳаётимизнинг нақши ва мазмунини ўзида мужассам этган бундай айёмлар қанчадан-қанча! Ҳар бирининг ўрни, ўзига хос мазмуни, аҳамияти бор. Барчаси кишиларимиз кайфияти, руҳияти ва вақтичоғлиги рамзи. Қадим қадриятларимиздан бўлган Наврўз кунида юртимиз кишилари сайилга чиқадилар, бир-бирларини шодиёна кун билан қутлаб, эзгу тилаклар билдирадилар. 

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида баҳорий айёмга ўзгача тайёргарлик кўрилди. Оммавий сайиллар давомида гўзал миллий урф-одатларимиз тараннумига гувоҳ бўлдик.  Айниқса, асрлар давомида шаклланган миллий спорт ўйинларимизнинг ёш йигит-қизлар томонидан намойиш қилиниши эътиборга молик. Ота-боболар, момоларимиз ўйнаб келган “Ўрда тўп”, “Эчки”, “Кучлилар баҳси”, “Оқ теракми, кўк терак” каби оддийдек кўринган ўйинлар асносида тамаддун фалсафаси ётибди, гўё. 
 
Туманнинг 8та қишлоғидаги 57 маҳалла вакиллари ўтказилган сайилда зўр кайфият билан иштирок этишди. Дорбозларнинг чиқишлари,  полвонлар беллашуви, қишлоқларнинг маҳоратли, ёш футболчилари ўртасида бўлиб ўтган мусобақаларга томошабинлар қизиқиши катта бўлди. Футбол мусобақасида биринчи ўринни эгаллаган жамоа туман ҳокими Бахтимурод Каримов томонидан қора қўчқорга эга чиққан бўлса, иккинчи ўринни эгаллаган жамоага эса телевизор билан тақдирланди.  
  
“Олтин соҳил” дам олиш масканида туман санъаткорлари “Наврўз ялласи” номли саҳналаштирилган дастурини намойиш қилишди.  Республикамизнинг таниқли эстрада хонандалари томонидан ижро қилинган қўшиқ, яллалар даврага файз киритди.
 
Туманнинг қишлоқ маҳаллаларида байрам тадбирлари давом этмоқда.   

 

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон.