Санкт-Петербургда рўй берган воқеалардан кейин теле ва радиобошловчи, журналист, жамоат арбоби Ксения Собчак Россия президенти Владимир Путинга видеомурожаат билан чиқди. 

Собчак «Дождь» телеканалидаги муаллифлик кўрсатувида 3 апрелдаги воқеа унинг оиласи учун ҳам фожиага айланиши мумкинлигини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, шу куни холаси терактдан 10 дақиқа олдин "Технологическая" станциясидан ўтган бўлган. 

Собчак мурожаати давомида шу куни Владимир Путин она шаҳрида бўлгани ва теракт деярли унинг "кўз ўнгида" содир  бўлганини таъкидлаб ўтади. 

"Нима учун бу сиз Федерал хавфсизлик хизматининг барча олий офицерларини шахсан танийдиган шаҳарда содир бўлди?", - дея савол билан юзланади телебошловчи.

"Питерга ҳужум қилиш буюк держава тарихи ва сизнинг кўп йиллик президентлигингизга қасд қилишдир. Улар сизнинг уйингизда оммавий қотиллик содир этишди", - дейди у. 

Видеомурожаатда Ксения Собчак давлат раҳбарини махсус хизматлар эътиборини мухолифат билан бемаъни курашлардан кўра мамлакат хавфсизлигига қаратишга чақириб қолади.