Сўнгги йилларда Хитой давлати квант технологиялари ишлаб чиқиш ва соҳадаги тадқиқотларга жуда катта маблағ ва захираларини сарфламоқда. 2015 йилнинг ўзида шу мақсадга 100 млрд доллардан ортиқ маблағ киритилди. Бунинг натижасида дунёдаги биринчи квантли алоқа сунъий йўлдошининг фазога учирилди. Кейинчалик, квантли радар пайдо бўлди. Эндиликда, Хитой Фанлар академияси олимлари барча замонавий суперкомпьютерларни ортда қолдирувчи квант компьютери устида иш бошлаб юборишди, деб ёзмоқда China Daily нашри.

Хитой Фанлар академияси президенти Бай Чунлининг изоҳ бериишича, квантли компьютер Хитойнинг «Тяньхэ-2» суперкомпьютери 100 йилда ҳал қиладиган масалани сониянинг 1/100 лаҳзасида ҳал қилади. ХХРнинг Ланфан шаҳрида бўлиб ўтган форумда сўзга чиққан Чунлининг қайд этишича, академия олимлари бу борадаги тадқиқотларда катта ютуқларга эришгани сабабли амалиётда қўллашга қарор қилинган. 

Хитой квант компьютерини ишлаб чиқиш Alibaba интернет савдо компаниясига тегишли Квант ҳисоблаш лабораторияси кўмагида амалга оширилади. Ҳозирча, бундай қурилма қачон пайдо бўлиши маълум қилинмаган.