Россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши жамғармаси мухолифатчи россиялик миллиардер Алишер Усмонов ўзига "У сизга Димон эмас" фильмида қўйилган айбловларга берган изоҳларида ҳақиқатга тўғри келмайдиган фактлар борлигини маълум қилган видеороликни чиқарди.

Аввалроқ Усмонов ўзига тегишли, уйи бор ер майдонининг гўёки Россия бош вазири Дмитрий Медведев билан боғланган "Соцгоспроект" хайрия жамғармасига берилишини унинг қароргоҳига бириккан бошқа бир майдонга айирбошлангани билан тушунтирганди.

Навальний эса бунинг инкори сифатида Росреестрдан маълумотлар келтириб ўтган. Уларга кўра, жамғарма юқоридаги битимда иштирок этмаган, Усмонов айтаётган ер майдони эса тижорат фирмасидан олди-сотди шартномаси билан харид қилинган. Бундан ташқари, Навальний видеода Усмоновнинг қароргоҳининг дрондан олинган тасвирини томошабинларга намойиш қилган. 

Навальний, шунингдек, жамғармага берилган ер майдонида уй қурилиши билан бирга унинг ёнида кичкина православ ибодатхонаси қурилаётган бўлганига эътибор қаратган. У бундай хулосага қурувчилар томонидан "ВКонтакте" ижтимоий тармоғида чоп этилган суратлар асосида келган. Усмонов эса ислом динига эътиқод қилади. 

Усмановга тегишли USM холдинги матбуот хизматида Навальнийнинг айбловларига изоҳ берилди. 

"Навальний ҳар доимгидек бўҳтон ағдармоқда. У тийила олмай, Алишер Усмонов Швейцария резиденти эканлиги ва Россияга солиқ тўламаслигини айтиб, яна ёлғон сўзлади", дейилган хабарда.

Холдинг матбуот хизматида "Соцгоспроект"га ер майдони берилиши бўйича битим батафсил изоҳлаб берилгани қўшимча қилинди.