АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама 24 апрель куни Дональд Трамп Оқ уйни эгаллаганидан сўнг илк марта омма олдида чиқиш қилди. Обама Чикаго университети ёшлари билан учрашди. 

Чикаго университетининг мажлислар залида демократ Обамани 6 нафар сиёсий фаол талаба, зал тўла томошабин ва журналистлар кутиб турган эди. 

Обама ва мажлисга таклиф этилган талабалар қулай ўриндиқларга ўтириб, АҚШдаги ҳозирги сиёсий вазият ҳамда мамлакат истиқболи ҳақида фикр алмашишди. 

Обама ўзининг кириш сўзидаёқ мақсадга ўта қолди. У келгусида нима билан шуғулланмоқчи эканини айтди. 

«Мен учун янги иш жойимда энг муҳим бўлган нарса нима? Ишонаманки, энг муҳим ташаббуслардан қатъи назар, мен энг асосий нарсани ҳал қилишни истайман, у ҳам бўлса, дунёни мустақил равишда ўзгартира оладиган янги авлод етакчиларини етиштиришдир», — деган собиқ президент. 

Шу билан бирга, Обама Дональд Трамп томонидан қабул қилинаётган қарорларни изоҳламасликка қарор қилди. У, шунчаки, АҚШда зудлик билан чоралар кўрилиши керак бўлган йўналишларни санаб ўтди: иқтисодий нотенглик, ўз олдига қўйилган мақсадларга етишиш учун қўйилган чекловлар, суд тизими ислоҳоти, иқлим ўзгариши ва агрессив кайфиятларнинг ўсиши.

«Буларнинг барчаси жиддий, лекин ҳал қилиш мумкин, — деган Обама. — Ушбу муаммоларни ҳал этишга халақит қилаётган ёки тўхтатаётган жараёнларни сиёсий ҳаёт ва фуқаролик жамиятида қидириш керак». Унинг фикрича, Америка ҳокимияти манфаатлар тўқнашуви ва шахсий орзу-истаклардан воз кеча олмаяпти. Бу эса давлатнинг умумий мақсадлар йўлида ишлашига тўсиқ бўлмоқда. 

Чикаго университетида чиқиш қилган Обама у билан ҳисоблашиш зарур бўлган муҳим шахс эканини намойиш этди. Politico журналининг сайтида олиб борилган жонли эфир чоғида Обама чиқишига 6 мингдан ортиқ “ёқди” тугмаси босилган бўлса, 300 мингдан ортиқ киши бевосита томоша қилган. Трампнинг жонли эфирларини эса, ижтимоий тармоқларда 100 мингдан ортиқ киши кўрмайди. 

Обама, шунингдек, ижтимоий тармоқлар хусусида кескин фикрларини билдирди. 

«Бу сиёсат, жамият ва ОАВнинг биргаликдаги муаммосидир. Одамлар бошқа нарсани эшитишни хоҳлашмайди. Улар фақат тўғри деб ҳисоблаган нарсани тинглашни хоҳлайди, — деган собиқ президент. — Улар эса, бунинг ўрнига, фақат Fox News ёки CNN, ёхуд мушуклар олинган видеони кўришади».

Гарчи, Обама баёноти ҳазиломуз бўлса-да, сиёсий технологияларни қабул қилишдаги фикри ўзгарганини билдиради. У 10 йил муқаддам айнан интернет-технологиялар уни президентликка олиб келганини унутган кўринади. 2008 йили айнан ижтимоий тармоқлар, сиёсатчининг сайловолди кампаниясида асосий роль ўйнаганди. Обама Twitter ва Facebook тармоқларидан фаол фойдаланиш натижасида озодлик ва адолатни илгари сураётган сиёсий юлдузга айланганди. 

Эндиликда, ижтимоий тармоқлар Демократик партиянинг асосий майдони ҳисобланмайди, шунга кўра, интернетнинг сиёсий таъсир жиҳатидан кенг қамровли экани Обамани ҳам хавотирга солаётганга ўхшайди. 

Собиқ президент маърузасини якунлар экан, енгил гиёҳванд моддаларни истеъмол қилмасликни ҳамда ҳаддан ортиқ кўп селфига тушмасликни маслаҳат берди.