Россия давлат харидлари сайтида «Российские железные дороги» ОАЖ поездларни автопилот режимида бошқариш бўйича технология ишлаб чиқарувчиларини қидираётгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Ишланма кейинчалик Москва ва Октябрьск темир йўлларида жорий этилиши мумкин.

Россия темир йўллари барча ишлар 2019 йилнинг охирига қадар якунланиши кераклигини белгилаб қўйган. Дастурий-аппарат мажмуасини ишлаб чиқишга тахминан 318 миллион рубль сарф этиш мўлжалланган.

Интерфакс ёзишича, Россия темир йўллари бир қанча вақт муқаддам автопилотли технологияларни қўллай бошлаган. Ленинград вилоятининг Лужская бекатида локомотивнинг автоматик бошқарувига эга вагонларидан фойдаланилмоқда.

Автопилотли технологияни жорий этишни босқичма-босқич амалга ошириш режалаштирилган. «Российские железные дороги» катта вице-президенти Валентин Гапановичнинг аввалроқ маълум қилишича, бундай дастурларни ривожлантириш компаниянинг яқин келажакдаги режалари ичига киради. Бу кадрлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш ва машинистларнинг ишини енгиллаштириш имконини беради, сабаби қатор ностандарт вазиятларда автопилот бошқарувни ўзига олиши ёки операторга йўлнинг мураккаб қисмларида ёрдам бериши мумкин.