Танасида “иссиғи” борларнинг барчаси ВАҚТ “ҳазрат”ларини ҳам буюк неъмат деб билиб, ҳаётликларида иложи борича кўпроқ савобли иш қилишга ва шунга улгуришга маҳкам бел боғлайдилар. Бундай ишларнинг ҳаммаси хайрли бўлса-да, уларнинг, айниқса, мамлакат миқёсида, бутун бир халқ дардига малҳам бўлай деб, унинг манфаатларини кўзлаб қилинаётганлари алоҳида таҳсинга лойиқдир. Чунки бугунги кунда қилинаётган савобли иш эртага бутун бир мамлакат тараққиёти ва уни халқи манфаатларига хизмат қилишга йўналтирилган бўлса, у асрлар давомида акс-садо бериши, шубҳасиз.

Ҳар бир дақиқани қадрлаб, унинг тиллога тенглигини қалбан ҳис этиб ва ғаниматлигини ҳисобга олиб, ўта шиддатли тарзда иш бошлаган Президентимизнинг яқинда бутун ўзбекистонликларнинг тақдирида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган яна бир муҳим қарори эълон қилинди. Бошқаларни билмадим-у, лекин мен Ўзбекистон Республикаси Президенти-нинг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 20 апрелдаги қарорини телевидениеда эълон қилинаётган пайтда экрандан кўзимни узмасдан, киприк қоқмасдан, қулоғимни “динг” қилиб, нафасимни ичимга ютиб эшитдим. Ахир не қилай, анчадан бўён шундай мазмун ва инқилобий руҳдаги қарорнинг қабул қилинишини интизорлик билан кутгандим-да! Унинг айрим “пункт”ларида акс эттирилган “нарса”лардан огоҳ бўлиб, болаларча сакрадим. Қўлимни мушт қилиб, юқорига баланд кўтарган ҳолларим ҳам бўлди. Унинг бир неча “жой”ларидан ўта мамнун бўлиб, “Ва ниҳоят...”, “Яшасин! Шу кунларга ҳам етиб келдик-а”, деган фикрларни айтиб юборишдан ўзимни тийиб туролмадим.

Эртаси куниёқ қарорнинг тўлиқ матнини топиб, уни бир неча марта “ҳижжалаб” қайта-қайта ўқиган бўлсам-да, ҳамон турли оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинаётган ва шу қарорга дахлдор бўлган ҳар бир “материал” эътиборимдан четда қолаётгани йўқ. Уларни мунтазам равишда кузатиб бораяпман. Таҳлил қилаяпман. Хулосалар чиқараяпман. Мен учун бир нарса мутлақо аниқ: юртбошимиз ўзининг бу қарори билан шу кеча-кундуз ва истиқболда мамлакатимиз олий таълим тизимини ривожлантиришнинг тамал тошини қўйиб берди; қарорда илм-фан тараққиётининг йўналиши аниқ белгиланган; унинг истиқболи бехато мўлжалга олинган; бу борадаги анча йиллардан бўён “тиқилиб” қолган, “пишиб-етилган” муаммоларнинг ечими кўрсатилган.

Назаримда, мамлакатимиз бугуни ва келажаги тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон Президентимизнинг бу қарорига навбатдаги “панжа остидан” қарашга ҳақи йўқ. Менга ўхшаб “илм нони”ни “еб” юрганларнинг барчаси эса асло қўл-қовуштириб ўтирмасдан, “ҳаракат”ларини бошлаб юборишлари керак. Ҳеч бўлмаса, бу тарихий қарорнинг замирида нималар ётганлигини, ундан нималарнинг “ҳид”и келаётганлигини заҳматкаш халқимизга тушунтириб беришга ўз ҳиссамизни қўшайлик. Балки шу “хатти-ҳаракат”имиз билан унинг рўёбга чиқишига ўзига хос тарзда ёрдам берармиз?!

Гарчи Президентимиз бу қарорнинг ҳар бир бандига алоҳида тўхталиб ўтиш нияти менда бўлса-да, ушбу мақолам доирасида эътиборингизни унинг “миттигина” бир жиҳатига қаратмоқчиман, холос. Гап шундаки, қарорда мамлакатимиз олий таълим тизимини келгусида янада такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш бўйича энг муҳим вазифалар белгиланган бўлиб, уларнинг бири сифатида “олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, олий таълимда илм-фанни янада ривожлантириш, унинг академик илм-фан билан интеграциялашувини кучайтириш, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш” белгиланган.

Нима десангиз, денг! Мени лаганбардорликка айбласангиз ҳам, майли! Менимча, қарорнинг бу бандида акс эттирилган вазифанинг айнан шу шакл ва мазмунда акс этиши ёлғиз Президентимиз ўзларининг хизмати! Ишонинг, “масала”ни ўз ҳаётий “призма”сидан ўтказмаган одам уни бу тарзда қўя-олмайди. Бу “кухня”да “ўз ёғига ўзи қоврилмаган инсон” вазифани бундай қўйишга қодир эмас. Вазифани бундай аниқ ва лўнда тарзда қўйиш учун унинг “муаллиф”и бу борадаги барча “икир-чикир”лардан, аввало, ўзи огоҳ бўлмоғи лозим. Уларни ўзгалардан “эшитган”лар вазифани бу тарзда қўйиш-нинг уддасидан чиқаолмайдилар.  Уни айнан шу маъно ва мазмунда қўювчи шахс учун мавжуд муаммоларни кўришнинг ўзи етарли эмас. У уни ўз қўли билан “ушлаб” ҳам кўрган, қалбидан, вужудидан ўтказган бўлиши ҳам керак. Сохта “ғалаба рапортлари”га ишонган одамнинг хаёлига вазифани бундай тарзда қўйиш келмайди. Ҳақиқий вазиятни ич-ичидан билиб, унга фақат танқидий кўз билан дадил қараган, илм “планка”сини юқори олган шахсгина бунга қодир.

Энди, бор-йўғи 6 қатордан иборат бўлган сўзлар мажмуи сифатида қаралган вазифага бир эътибор берайлик. Шу муносабат билан, айтиб қўяй, бу ерда, аслида, фақат битта эмас, балки ўзига хос “глобал” характерга эга бўлган энг камида 5 та вазифа қўйилган. Уларнинг ҳар бири Ўзбекистон халқи “дарди”га малҳам бўладиган, Ватанимиз тараққиёти ва унинг келажак истиқболига нисбатан ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган вазифалардир.

Ана шундай вазифаларнинг энг биринчиси “олий таълим муассаса-лари илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш” тарзида жарангламоқда. Даст-лабки вазифанинг бу тарзда қўйилиши, истаймизми ёки йўқми, ҳозирги пайтдаги олий таълим муассасалари илмий салоҳиятининг мустаҳкам эмас-лигини, таъбир жоиз бўлса, унинг заифлиги, кучсизлиги, ночорлиги ва замонавий талаблар даражасида эмаслигининг эътироф этилишидан дарак-дир. Ҳолбуки, энг аввало, олий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти мустаҳкам бўлмаса, бу тизимни ривожлантиришнинг сира иложи йўқ. Бунинг устига, бу ўринда гап илмий салоҳиятни асло миқдор жиҳатдан мустаҳ-камлаш тўғрисида кетаётгани йўқ. Бир тийинга қиммат, икки оғиз гапни тузукроқ гапиролмайдиган, ҳатто талабалар аудиториясини ҳам ўзига маҳлиё этолмайдиган, фикрини илм толибларига етказолмайдиган, нима деяётган-лигига ўзи ҳам тушунолмайдиган, эскириб кетган маърўза матнидан бошини кўтаролмайдиган, кафедрадан нари кетолмайдиган, фанининг ичига кириш салоҳиятидан бебаҳра бўлган, илмга эга бўлмаса-да, илмни даъво қилаётган... “илмий даража”ли “профессор-ўқитувчилар” ҳисобидан илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш назарда тутилмаяпти.  Оддийгина айтадиган бўлсам, гап бу ўринда ўзи битта бўлса-да, ҳеч бўлмаганда, 10 та сохта “профессор-ўқитув-чи”га татийдиган ҳақиқий илм аҳли вакилларининг салмоғини кўпайтириш тўғрисида кетаяпти.

Олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини мустаҳкамлашга “Бўл! Ҳа, бўл!” тарзида иш тутиб, яна бир марта “компаниявозчилик”ни шиор қилиб, сохта диссертациялар ҳимояларини тезлаштириш ва уларнинг сонини кўпайтириш ҳам ёт. Шундай қилинса, бу билан олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини мустаҳкамлашга эмас, балки аксинча, унинг таназзулига хизмат қиламиз. Илмга эътиқод ва садоқат эмас, балки “Илмга – хиёнат!” йўлини тутган бўламиз. “Илмий жиноят”ларнинг олдини олишга ожиз бўлиб қолаверамиз. Бу борадаги илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш, ўрни келган жойларида Президентимиз қайта-қайта таъкидлаётганларидек, ҳақиқатдан ҳам “Игна билан қудуқ қазиш”ни ўзига шиор этганлар ва “Бешикдан то қабргача илм изла”шга тайёр бўлганлар сони ва сифатини кўпайтириш эвазига амалга оширилмоғи лозим. Шундай қилинса, ҳақиқий илмий салоҳият тезда ўз кучини кўрсатади. Барча жабҳаларда порлоқ келажак сари катта-катта дадил қадамлар ташланаверади. Уларнинг натижаларини эса ҳар биримиз тез орада ўзимизнинг “иссиқ тана”миз орқали сезмасдан иложимиз йўқ.

Бу ердаги 2-вазифа “олий таълимда илм-фанни янада ривожлан-тириш” керак деб қўйилмоқда. Кўриб турганингиздек, бу ерда, энг аввало, 1-вазифа 2-вазифа билан, ўзига хос тарзда, тўлдирилмоқда. Чунки олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини мустаҳкамлашни илм-фанни янада ривожлантиришдан айро ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам илмий салоҳиятни мустаҳкамлашнинг энг муҳим йўли илм-фанни янада ривожлантиришдир, дейилаяпти. Илм-фанни қандай қилиб янада ривожлан-тириш мумкин? Буни ўз онгли умрини илмга бахшида этган, “илм заҳ-матлари”дан лаззатланадиган, кунларни тунларга улаш у ёқда турсин, ҳатто ойлаб ҳам кутубхоналардан чиқмайдиган, жазирама иссиқда-ю, қаҳратон қишда ҳам тажриба-эксперимент ўтказишдан асло чарчамайдиган, узр, “илм жиннилари”сиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу номни кўтаришга ҳаммамиз ҳам тайёрмизми?! Орамизда “илм жинниси” номига эга бўлиб, ундан том маънода завқланадиган ва ҳузурланадиганларнинг сони нечта?! Борми ўзи?! Бўлса, бармоқ билан санарли эмасми?!

Олий таълим муассасаларининг кафедраларида “тирикчилик” қилаёт-ган “профессор-ўқитувчилар”нинг асосий вазифаси “зиё нурлари”ни таратиб, жумладан, илм-фанни янада ривожлантириш ҳам ҳисобланади. Бу вазифани бажаришга ўзимизнинг ҳиссамизни қандай қўшаяпмиз?! Қўшаяпмизми ўзи ёки “таралла-бедод” қилиб юрибмизми?! Шу азим даргоҳда бир умр “фао-лият кўрсатиб”, бирор марта салгина “шов-шув”га сабаб бўлган ва илм-фанни ривожлантиришга “зиғирча” ҳисса қўшиши мумкин бўлган “мақола”-ю, “тезисча”ни эълон қилиш қўлимиздан келдими?! “Тирикчилик” қилаётган фанимиз бўйича биттагина ўқув қўлланма ёки дарслик ёзиш кўчасига кираолдикми?! Буни уддасидан чиқаолмаган бўлсак, “тирикчилик” манбаи сифатида қўлга киритган даромадларимиз, аслида, “заҳар-заққум” эмасми?! Наҳотки, шу тарзда “оила боқиш”ни ўзимизга раво кўрсак?!... Бундайларнинг баҳридан тўлиқ кечмасдан ёки уларнинг сони кескин қисқартирмаслан олий таълимда илм-фанни янада ривожлантиришга йўл бўлсин! Ишончингиз комил бўлсин: “илм илдизи”га “зулук”дек бундай ёпишиб олганлар билан узоққа бориб бўлмайди; илмий тараққиётнинг янги уфқларини кўриш яна узоқ муддатга чўзилиб кетаверади; илм-фан ривожидаги тўсиқларни олиш янада мураккаблашаверади ва ҳ.к.

Ўша банддаги 3-вазифа олий-таълимдаги илм-фаннинг “...академик илм-фан билан интеграциялашувини кучайтириш” деб эътироф этил-моқда. Бу нима дегани? Гап бу ўринда олий таълим муассасаларида ҳам, жумладан, фундаментал тадқиқотларнинг амалга оширилиши ва уларнинг илмий-тадқиқот муассасаларидаги тадқиқотлар билан ўзаро алоқадорлигини  кучайтириш тўғрисида кетмоқда. Маълумки, “фундаментал тадқиқотлар” – оддий тадқиқотлар эмас. Улар ўз номи билан фундаментал тадқиқотлардир. Бундан тадқиқотларда илм-фан тараққиётининг ўзига хос фундаменти (туб асоси) яратилади. Илм-фаннинг кейинги тараққиёти шу “фундамент”нинг қанчалик мустаҳкам “қурилган”лигига боғлиқ. “Фундамент” қанчалик мустаҳкам яратилган бўлса, унинг устига қурилган “илм-фан уйи” шунчалик кўпроқ ва узоқроқ муддатга хизмат қилади. Қўрқитмоқчи эмасман-у, лекин тўғрисини айтиб қўяқолай: бундай тадқиқотларни амалга оширишга “илм тупроғи”ни ялашга тайёр турган ҳар қандай тадқиқотчининг ҳам юраги “дош” беролмайди.

Шу нуқтаи-назардан, олий таълим муассасаларидаги бу масалага нисбатан таркиб топган “аҳвол”га бир назар ташлайлик-чи, нималарни аниқлай оларканмиз? Бу муассасалар кафедраларида амалга оширилаётган илмий тадқиқотларнинг кўпчилигида уларни фундаментал тадқиқот дейилишига ҳали етти қовун пишиғи бор эмасми?! Ҳатто кафедра доираси-даги тадқиқотчиларнинг тадқиқот мавзуларини ўзаро мувофиқлаштириш масаласи ҳам кўнгилдагидек эмас. Бу ерда ҳар ким, ўз билганича, ўз “қўшиғи”ни айтиб юрибди. Ўзгаларнинг бу “қўшиқ”ни эшитиш ёки эшитмаслик масаласи уни мутлақо қизиқтирмайди. Гап факультетга тегишли бўлган кафедралардаги илмий-тадқиқот ишлари мавзуларини ўзаро мувофиқ-лаштириш хусусида кетса, муаммонинг янада ўткирлашаётганлиги маълум бўлади. Ушбу масалага олий таълим даргоҳи даражасида қаралса масала янада долзарблашади.

Кейинги йилларда анча ижобий ишлар қилинган бўлишига қарамасдан бу масалага нисбатан олий таълим муассасаларида таркиб топган вазият ҳамон менга рус ёзувчиси Крилов масалидаги оққуш, чўртанбалиқ ва қисқабақанинг юк ортилган аравани тортиш борасидаги беҳуда уринишини эслатади. Кафедра, факультет ва олий таълим даргоҳи доирасида “балиқлар” денгиз томон йўл олганлиги, “қисқичбақалар” қуриқлик сари интилганлиги ва “оққушлар” кўкка қараб парвоз қилгани учун “илм араваси”нинг ўрнидан силжиши жуда қийин кечмаяптими?! Ҳамон  у, деярли, ўз жойида турибди. Нима дедингиз?! Президентимизнинг бу борада ҳаддан зиёд нега куйиб-пишаётганларини энди тушунгандирсиз? Ул зот “фиғон”ларининг бекордан-бекорга “фалак”ка чиқмаётганлигини энди сезгандирсиз?!

Қарорнинг бу бандида акс эттирилган 4-вазифа “олий таълим муасса-салари профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фаолияти самара-дорлиги ва натижадорлигини ошириш”га тегишли. Президентимиз қаро-рида бундай вазифанинг қўйилиши олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги ва натижа-дорлигининг пастлигига нисбатан ўзига хос “сигнал”дир. Бундай “сигнал”-нинг “чалиниш”и ҳам бекорга эмас. Марҳамат, холисона ўйлаб кўрайлик “илмга ташна профессор-ўқитувчиларимиз” “илмий-тадқиқот фаолияти”нинг самарадорлиги ва натижадорлиги қандай? Улар нимада ёки нималарда ўз аксини топаяпти? “Илмий-тадқиқот фаолияти”миз самарадорлиги ва натижа-дорлигини ўзимизча, асосан, бизга “илмий даража” беришга қаратилган “диплом”ни қўлга киритиш билан ўлчамаяпмизми? Бутун диққат-эъти-боримиз шунга қаратилмаганми? Талабга эга бўлмаган “илмий маҳсулот”ни яратмаяпмизми? Ҳеч қандай эҳтиёжни қондиролмайдиган “хизмат”ларни таклиф этмаяпмизми? Нега бизга турли вазирликлар, қўмиталар, агент-ликлар, ассоциациялар, холдинглар, компаниялар ва ҳ.к.лар ўзларига тегишли бўлган муаммоларни ҳал қилишга илмий буюртма беришмайди? Улар бундай буюртма бермаслигининг сабаблари нимада? Буюртма берма-ётганларида нега уларнинг олдига бориб ўзимизнинг нимага қодирлиги-мизни, салоҳиятимизни кўрсатмаяпмиз? Ишлаб чиқариш билан фаннинг интеграциялашувидан, аслида, ҳаммамиз манфаатдормиз-ку?! Бу нарса уларга ҳам, бизга ҳам яхши-ку! Наҳотки, бутун дунёда “Тараққиётни нима белгилаб беради?”, - деган саволга бир хилда “Илму-фан!” деб жавоб берилаётганда, ҳар икки томон ҳам бир тўхтамга келолмасдан аросатдамиз?! Бундан ким ютаяпти-ю, ким ютқизаяпти? Ҳар иккала томон ҳам ютқиз-маяптими? Бу бозор иқтисодиётнинг аксиома сифатида умумэътироф этилган энг элементар асрий қоидаларига зид эмасми?!...

Ва, ниҳоят, қарорнинг шу бандида ўз ифодасини топган ва принципиал аҳамиятга молик бўлган 5-вазифа “иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш”дир. Эътибор беринг: гап бу ерда олий таълим муассасаларида таълим олаётган “учар”, “ҳожатбарор”, ҳар қандай “хизматга доим тайёр” ва ҳ.к. шунга ўхшаш “хислат”лари билан алоҳида ажралиб турадиган талаба-ёшларни бу жараёнга жалб қилиш тўғрисида кетмаяпти. Шунингдек, Президент қарорида ҳамма талаба-ёшлар-ни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш тўғрисида ҳам гап кетаётгани йўқ. Чунки талаба-ёшларнинг ҳаммаси ҳам илмий фаолият билан шуғулланишни исташмайди. Уларнинг фақат иқтидорли қисмигина шунга қодир. Бунинг устига, илмга эга бўлишнинг игна билан қудуқ қазишга баробарлиги ҳатто иқтидорли талаба ёшларни ҳам илмий фаолият кўрсатишдан яхшигина “чўчитиб” туради. Демак, вазифа янада мураккаб-лашади. Бундай шароитда иқтидорли талаба-ёшлар орасидан “илм қилиш”га мойиллиги бор, илмнинг “чақир йўлларида” “оёғи чақа” бўлганда чидай-диган, илмнинг заҳматларини роҳат деб биладиган, унинг ситамларига чидам-бардош билан сабр қиладиган, “Илм!” деганда юраги “ҳапқириб” кетадиган, баданига титроқ кирадиган, кўзлари ихтиёрсиз ёшланадиган, болаларча сакрайдиган “илм фанатлари”ни танлаб олиш алоҳида аҳамият касб этади. Бундай салоҳиятга эга бўлган иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга жалб қилиб, уларга кўзланган манзилга етиб боришнинг тўғри йўлини кўрсатиб қўйишнинг ўзи етарли. Уларнинг ҳар қандай “илм тоши”ни парча-парча қилиб тешиб чиқиб, самарадорлиги ва натижадорлиги юқори бўлган илмий фаолиятни амалга оширишга кучлари етади.

Йилнинг бошидаёқ Президентимиз томонидан кун тартибига қўйилган икки ҳолат, яъни танқидий таҳлил ва кераксиз “ғалаба рапортлари”га нисбатан қўйилган талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 20 апрельдаги қарорининг қарийб 6 қатор сўзлар мажмуасидан иборат бир бандига ана шундай муносабат билдиришни биз ўзимизга эп кўрдик. Уни навбатдаги ташланган тўғри қадамдан миннат-дор бўлган ва бир умр “илм тупроғи”ни кўзига суриб, “тўтиё” қилиб юрган оддий бир профессорнинг қалб “фарёд”и деб билгайсиз.

Тоҳир МАЛИКОВ
иқтисод фанлари доктори, профессор