Бир неча кун давомида 9 май Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Андижон вилоятидаги ҳарбий қисмлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари махсус бўлимларидан иборат жамоалар ўртасида учкураш бўйича вилоят чемпионати бўлиб ўтди.

Унда спортнинг сузиш, югуриш, ўқ отиш турлари бўйича спортчилар биринчилик учун ўзаро кураш олиб бордилар. Тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалари вилоят ҳокими Шухратбек Абдураҳмонов ҳамда ташриф буюрган меҳмонлар томонидан тантанали тарзда топширилди.

Шундан сўнг вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов тадбирда иштирок этган Андижон фарзанди, бокс бўйича жаҳон чемпиони Руслан Чагаевга миллий тўн ва дўппи кийдирди.

Тадбирда сўзга чиққан Р.Чагаев мусобақа ғолибларини муборакбод этди ва барча иштирокчиларни 9 май Хотира ва Қадрлаш куни билан табриклади.

Маълумот учун, Кун.uz Руслан Чагаев билан эксклюзив суҳбат уюштирди. Яқин вақтларда ушбу интервью сайтда тақдим этилади.