Ўзбекистонлик болалар гуруҳи Туркманистоннинг “Аваза” Миллий туристик ҳудудига ёзги ҳордиқ учун етиб келди. Бу ҳақда Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабар берди.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбоева бошчилигидаги делегация Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедовнинг таклифига кўра келган. Таклиф Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан май ойи бошида бўлиб ўтган телефон мулоқотида билдирилганди.

Ахборот агентлигининг таъкидлашича, ўшанда Туркманистон раҳбари Каспий денгизи соҳилидаги болалар соғломлаштириш марказлари, коттеж мажмуалари ва ҳашаматли меҳмонхоналар ўзбекистонлик мактаб ўқувчиларини дам олиш учун қабул қилишга тайёрлигини айтиб ўтган.

Бухоро, Навоий, Хоразм ва Қорақалпоғистон Республикасидан бўлган болалар “Даянч” болалар соғломлаштириш марказида жойлаштирилди. "Аваза" меҳмонлари ҳордиқ чиқариш давомида курорт бўйлаб экскурсиялар, маданий ва спорт тадбирлари, енгил атлетика ва сузиш бўйича мусобақалар, танловлар, адабий кечаларда иштирок этиши мумкин.

Ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари "Аваза"да 25 майга қадар бўлишади.