Тошкент вилоятида ниқобли 4 йигит хиёбонда босқинчилик қилди

Жамият 22 Май 2017 8627

Фарзанд тарбиясида тақиқ эмас, балки уларга берилаётган имкониятлардан тўғри фойдаланиш, ўз хатти-ҳаракати учун жавобгарлик туйғулари шакллантирилиши муҳим. Ҳар бир нарсанинг фойдали томонини тушунтириб, тўғри йўналиш бериш ота-оналарнинг, катталарнинг асосий вазифаси бўлиши даркор. Аммо фарзандини дарс машғулотларига юбориш ўрнига, пул ишлаб топишларини қўллаб-қувватловчи катталар ҳам йўқ эмас. Мана шу хатти-ҳаракатлар ёшларни тез ва мўмай бойлик орттиришга бўлган иштиёқи ўсишига хизмат қилади ҳамда турли ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл очади.

Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизматининг хабар беришича, Қуйичирчиқ туман ИИБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, тўрт нафар номаълум шахс бошларига ниқоб тақиб, пичоқ ва қўлбола усулда ясалган “дубинка” (таёқ) билан қуролланиб, хиёбонда ўтирган 1987 йилда туғилган Шокир Ўрмонов (исмлари ўзгартирилган) ва 1995 йилда туғилган Нодира Акиловаларни қўрқитиб, пул беришини талаб қилишади. Нодира Акилованинг нархи 1.470.000 сўмлик “Sаmsung Duos” русумли қўл телефонини ва Шокир Ўрмоновнинг 10.000 сўм пулларини зўрлик ишлатиб, қўрқитиш йўли билан эгаллаб олиб, воқеа жойидан яширинишади. 

Олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу жиноятни Қуйичирчиқ туманида яшовчи касб-ҳунар коллежининг ўқувчилари, 1998-1999 йилларда туғилган Б.З, Л.Н, З.В, Х.Ж лар содир этганликлари аниқланиб, ушланганлар. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қуйичирчиқ тумани “Қурилиш ва сервис” касб-ҳунар коллежида маҳалла фаоллари, ўқув муассасаси ўқитувчилари ва жиноят содир этган ўқувчиларнинг ота-оналари иштирокида ўтказилган муҳокамада туман ҳокимининг ёшлар бўйича ўринбосари Ғ.Шодмонов, туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси К.Эрмуҳаммедова, туман прокурори П.Баҳромов, туман ИИБ бошлиғи О.Эргашевлар қатнашиб, дарс машғулотларига қатнашмайдиган, оилавий муҳити оғир, жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган ўқувчи ёшлар орасида ҳуқуқий тарбияни кучайтириш тўғрисида мушоҳада юритдилар. 

Кўпроқ янгиликлар