Президент: «Сузук ота» масжиди реконструкция қилиниб, ободонлаштирилади

Ўзбекистон 26 Май 2017 17883
Фото: ЎзА

Шавкат Мирзиёев 26 май куни пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманидаги «Сузук ота» мақбараси ва жомеъ масжидида бўлди. 

«Истиқлол йилларида мамлакатимизда виждон эркинлиги, диний бағрикенглик тамойилларини таъминлаш, уларнинг қонуний асосларини яратиш ва ривожлантириш масалаларига устувор аҳамият берилмоқда. Имон-эътиқод, меҳр-оқибат, мурувват каби фазилатлар халқимиз маънавий ҳаётини юксалтиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида миллий урф-одат ва қадриятларимизни тиклаш, муқаддас динимизни, азиз авлиё ва уламоларимизнинг бой меросини теран ўрганиш, уларнинг қадамжоларини обод қилиш, тарихий обидаларни асраб-авайлаш йўлида беқиёс ишлар амалга оширилмоқда», дея ёзади ЎзА

Сузук отанинг асл исми Мустафоқул бўлиб, 1140 йилда таваллуд топган. У Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган. Болалик чоғида бобоси у кишини эркалаб «Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!», дегани боис атрофдагилар ҳам уни шу исм билан чақира бошлаган. Сузук ота юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳунарга, ҳалол меҳнатга ўргатган. 1363-1364 йилларда Амир Темур Яссавийнинг набираси Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган. 

Мустақиллик йиллари бу муқаддас қадамжо қайта тикланиб, ободонлаштирилди. «Сузук ота» маҳалла фуқаролар йиғинида беш мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада ҳунармандлик, дурадгорлик, ўймакорлик ривожланган. 

Муқаддас динимизга мувофиқ мақбарада Қуръони каримдан тиловат қилинди. 

«Ушбу масжид ва мақбара маънавиятимизни янада юксалтиришга, юртимизда эзгулик нурини зиёда этишга хизмат қилиши керак. Бу ерда ҳунармандлар маркази ва кутубхонаси ташкил этиш лозим», деди давлат раҳбари. 

Президент мутасаддиларга мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича топшириқлар берди.

Кўпроқ янгиликлар