Англиянинг "Манчестер Юнайтед"и KPMG аудиторлик компанияси талқинига кўра, дунёнинг энг қиммат футбол клуби, деб эътироф этилди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида хабар берилди.

Компания маълумотига кўра, инглиз клуби қиймати 3,186 млрд еврога баҳоланган. "Манчестер Юнайтед" компаниянинг ўтган йилги ҳисоботида биринчи ўринни бўлишиб турган Испаниянинг "Реал" (€3,057 млрд) жамоасини ортда қолдирди. Рейтингнинг учинчи ўрнидан эса Испаниянинг яна бир клуби "Барселона" жой олди, унинг қиймати 2,8 млрд еврога баҳоланди.

Рўйхатнинг қолган ўринларидан Германиянинг "Бавария"си (€2,5 млрд), Англиянинг "Манчестер Сити" (2,04), "Арсенал" (2,02), "Челси" (1,7), "Ливерпуль" (1,4) жамоалари, Италиянинг "Ювентус"и (1,3) ва Англиянинг "Тоттенҳэм" клублари (1,04) жой олди. Жадвалга Франциянинг "Марсель" жамоаси якун ясаб берди – унинг қиймати 196 млн еврога баҳоланди. Компания ҳисоботида таъкидланишича, рейтингдан жой олган 32 клубнинг умумий қиймати 29,9 млрд еврони ташкил этади. Ушбу кўрсаткич ўтган йилги рейтингдаги 32 клуб умумий қийматидан 14 фоизга кўпроқ.

Тадқиқотга Европанинг 32 энг яхши футбол клубининг 2014/15 ва 2015/16 йилги мавсумлар ва 2017 йилнинг 1 январь ҳолатигача бўлган молиявий аҳволи ҳақидаги маълумот таҳлили асос қилиб олинди. Рейтинг беш мезон асосида тузилди: рентабеллик, машҳурлик, стадиондан даромад, телетрансляциялардан даромад ва спорт салоҳияти. Ушбу рейтингда клубларнинг 2016/17 йилги мавсумдаги спорт ва бизнес натижалари ҳисобга олинмаган. 

Эслатиб ўтамиз, рейтингда биринчи ўринни эгаллаган "Манчестер Юнайтед" Англия чемпионатида 2015/16 йилги мавсумда бешинчи ўринни эгаллаган ва Англия кубогини қўлга киритганди. Якунланган мавсумда эса клуб миллий биринчиликда олтинчи поғонани банд этди, бироқ Англия суперкубоги, Англия лига кубоги ва Европа лигасида зафар қучди.