Марк Цукерберг АҚШ президентлигини кўзлаяптими?

Lifestyle 03 Июнь 2017 18885

2017 йил бошидан Facebook раҳбари Марк Цукерберг АҚШ штатлари бўйлаб саёҳат қилмоқда. У маҳаллий аҳоли вакиллари билан мулоқот қилиб, бирга тушлик қилмоқда, шунингдек ўз ижтимоий тармоғи аудиторияси билан яқиндан танишмоқда.

Цукерберг унинг кутилмаган саёҳатидан мақсади фақатгина танишув эканини таъкидласа-да, ишбилармоннинг қарашлардаги ўзгаришлар бир саволни келтириб чиқаради: ижтимоий тармоқ раҳбари сиёсий карьерани бошлашга тайёрланяптими ёки Facebook'нинг бироз путур етган нуфузини тиклашга уриняптими? TJ шу мавзудаги мақоласи билан бўлишди.

 

Президентлик ҳақидаги миш-мишлар

Марк Цукерберг ҳар йили ўз олдига катта мақсад қўяди:

2013 йилда у ҳар куни янги инсон билан танишишга қарор қилди.
2014 йилда - ҳар куни миннатдорчилик мактубини битди.
2015 йилда у шахсий китоб клубини очди ва бир йилда 23 китобни ўқиб чиқди.
2016 йилда Цукерберг деярли 590 километр масофага югурди.
2017 йилнинг январида эса унинг ваъдалари бошқача тус олди: Facebook раҳбари йил охирига қадар Американинг барча штатларини айланиб чиқиш режаси ҳақида маълум қилди.

Ўшандан буён ғарб ОАВда ишбилармоннинг сиёсий режаларига доир мақолалар пайдо бўла бошлади. The Guardian, Vanity Fair ва The Atlantic нашрларида Цукерберг АҚШ президентлигига ўз номзодини қўйиш ҳақида ўйлаётгани ва шу боисдан ўз имиджи борасида қайғураётганига оид назария илгари сурилди.

Цукербергда очиқ диний қарашларнинг пайдо бўлиши (бусиз ҳеч бир инсон ҳали президент бўлган эмас), фаол хайрия фаолияти, президентлар кампанияларининг собиқ менежерлари билан ҳамкорлик ва амалдаги ҳукуматга танқидий муносабат натижасида бу назария янада мустаҳкамланди.

Бундан ташқари, Facebook раҳбарининг яқинда қўлга киритган нуфузли Ҳарвард университети дипломи (у 2005 йилда Ҳарварддаги ўқишини ташлаб кетган) журналистларни янада сергаклантирди. Расман олганда олий маълумотга эга бўлмаган инсон ҳам АҚШ президенти бўлиши мумкин, бироқ мамлакатнинг сўнгги дипломсиз президенти 1953 йилда ўз лавозимини тарк этган Ҳарри Трумэн бўлган.

 

Жанубий Каролинадан Висконсингача

Марк Цукеребргнинг сўзларига кўра, унинг АҚШ бўйлаб саёҳатидан мақсади - Facebook бирлаштирган кишиларнинг аслида қандай яшашини ўз кўзлари билан кўриш.

Март ойида у 2015 йилда 9 киши ўлдириб кетилган Жанубий Каролинадаги епископлар черковига борди. Бир ойдан кейин Цукерберг Оҳайода опиат ва опиоидлар истеъмол қилувчи, гиёҳвандлик моддаларига тобеъ беморлар учрашувида бўлди (2015 йилда уларнинг истеъмоли натижасида АҚШда 33 минг киши ҳаётдан кўз юмди). У Индианадаги вояга етмаганлар марказида бўлиб, қайта тарбиялашнинг маҳаллий тизимини танқид қилди. Алабамада Цукерберг креветка тутишга йўналтириган кема экипажи билан учрашди. Миссисипида тарихий қабристонда бўлди, Мичиганда мусулмонлар билан Трампнинг муҳожирлар ҳақидаги қонунини муҳокама қилди, Техасда руҳонийлар билан суҳбатлашди, Далласда эса - полиция ходимлари билан. Май ойи бошида Facebook раҳбари Висконсиндаги оилавий фермага борди: у сигирларни шахсан овқатлантириб, трактор ҳайдаб, янги туғилган мушукчалар билан ўйнади ва уйда боқилган қорамол гўштидан тайёрланган таомни тановул қилди.

Июнь ойига келиб, Цукерберг режадаги 30 штатдан 15 тасида бўлди.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан, Цукербергнинг келиши ҳақида бир неча соат аввал хабар берилади. Facebook раҳбарига қўриқчилар ва сураткашлар ҳамроҳлик қилишмоқда. The New York Times'да таъкидланишича, Цукерберг фаол демократ вакили бўлмаган ёки журналистлар эътиборидан четда қолган, Дональд Трампнинг тарафдорлари кўпроқ бўлган штатларга бормоқда.

Mashable нашри журналисти Луис Матсакис Цукербергнинг саёҳатини танқид остига олди. Унинг сўзларига кўра, Facebook асосчиси муаммолари ўрганиб бўлинган стереотип сайёҳлик масканларига ташриф буюрмоқда ва мамлакатга янгича кўз билан қарашга ҳаракат қилмаяпти. Журналистнинг фикрича, Цукерберг шу йўл билан президентлик сайловлари билан боғлиқ можаролардан кейин Facebook'нинг нуфузини қайта тикламоқчи. 

 

2016 йилги сайловларга алоқадорлик ва ҳукумат танқиди

2016 йилда Дональд Трампнинг ғалабасидан кейин Facebook'га айбловлар ёғила бошланди. Гўёки фейк янгиликларнинг кўплигидан сайловчилар номзодлар тўғрисида нотўғри тасаввур ҳосил қилишган ва бу Трампнинг ғалабасига таъсир кўрсатган.

Шунингдек Google ва Twitter ҳам ёлғон маълумот тарқатганлик учун танқид қилинди, бироқ асосий нишон айнан Цукербергнинг ижтимоий тармоғига йўналтирилди.

Facebook сиёсатчилар, жумладан Барак Обама томонидан ҳам қораланди, Трампдан норозилик ҳисси эса америкаликларнинг ижтимоий тармоққа бўлган муносабатини ўзгартирди. Цукерберг дастлаб айбловларни сохта деб атади, кейинроқ эса ёлғон маълумотларга қарши курашни кучайтиришга ваъда берди.

Сўнгги бир неча йилда Цукерберг мунтазам равишда турли мамлакатлар раҳбарлари билан учрашди. 2011 йилда у АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Барак Обама билан мулоқот қилди, 2012 йилда Москвага бориб, бош вазир Дмитрий Медведьев билан учрашди. 2014 йилда Ҳиндистон бош вазири билан Facebook'нинг аҳамиятини муҳокама қилди. 2015 йилда Бразилия президенти билан учрашди. 2016 йилнинг ёзида эса, ижтимоий тармоқнинг Хитойга қайтиши масаласини муҳокама қилди, шунингдек Ватикан раҳбари билан суҳбатлашди.

2016 йилнинг декабрида нимадир ўзгарди. Ўшанда Дональд Трамп энг йирик технология компаниялари вакиллари билан конференция ўтказди, Google, Tesla, Apple, Amazon ва Facebook шулар жумласидандир. Учрашувга асосан компаниялар раҳбарлари ташриф буюрди, бироқ Facebook номидан Цукербергнинг ўрнига директорлар кенгаши аъзоси Шерил Сэндберг қатнашди.

Нима учун Facebook раҳбари учрашувга кела олмагани борасида журналистларга аниқ жавоб берилмади. 2017 йилнинг январида эса Цукерберг Трампнинг муҳожирлар ҳақидаги фармонини танқид қилди. Ўша ойдаёқ у кенжа Жорж Буш ва Барак Обамалар кампанияларининг собиқ менежерларини ишга ёллади. Ижтимоий тармоқ раҳбари бу қарорини турмуш ўртоғи томонидан асос солинган Chan Zuckerberg Initiative хайрия ташкилоти фаолияти билан изоҳлади.

 

Сиёсий карьера салоҳияти

Қонунга кўра, АҚШ президенти камида 35 ёшда бўлиши керак. 2020 йилнинг ноябрида, яъни мамлакатда янги президентлик сайловларига старт берилганида Цукерберг 36 ёшда бўлади. Унинг ҳозирги сиёсий қарашлари номаълум.

Цукерберг журналистларнинг тахминларига жавобан 25 январдаёқ президент лавозимини кўзламаслигини маълум қилди. Ишбилармоннинг сўзларига кўра, у ўз эътиборини Facebook фойдаланувчилари ҳамжамияти ва Chan Zuckerberg Initiative хайрия лойиҳасини ривожлантиришга  қаратади.

Бироқ Facebook асосчиси келгусида қарорини ўзгартириши мумкин. 2016 йилги президентлик пойгаларидан аввал Ҳиллари Клинтон ҳам бир неча маротаба сайловларда иштирок этмаслигини таъкидлаганди. Агар Цукерберг шундай тактикани қўлласа, Vanity Fair журналисти Ник Билтон унинг президентлик кампанияси танқидчиларининг асосий тезисини башорат қилди - шахсий маълумотлар хавфсизлиги. Марк Цукербергнинг компанияси 2 миллиарддан зиёд кишиларнинг шахсий маълумотига эга ва уларнинг барчасидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар