Аввал хабар берилганидек, Самарқанд шаҳрида 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг учрашуви бўлди.  

Шу куни давлат раҳбари Биринчи Президент Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Таомилга биноан Қуръон тиловат қилинди. 

Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда ёдгорлик мажмуаси барпо этилмоқда. 

Президент қурилиш ишларининг бориши билан танишди. Қурилиш лойиҳасига кўра, Ҳазрати Хизр мақбараси атрофида миллий меъморлик анъаналари асосида қўшимча айвонлар, чойхона қурилмоқда, бошқа қулайликлар яратилмоқда. Давлат раҳбарига мазкур қурилиш обеъктларининг лойиҳалари ҳақида сўзлаб берилди. 

Шавкат Мирзиёев Биринчи Президент мақбараси Ҳазрати Хизр масжиди билан уйғун бўлиши зарурлигини таъкидлади. Айвонлар мақбара билан ҳамоҳанг бўлишига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини қайд этди. 

Уни янада такомиллаштириш, зиёратчилар учун барча қулайликлар яратиш бўйича тавсиялар берди. Мажмуа атрофини кенгайтириш ва ободонлаштириш, замонавий тунги ёритиш тизими билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади.