«Енгилмайдиган рақибнинг ўзи йўқ». Шунга ишонишга мажбурмиз

Спорт 12 Июнь 2017 33552

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун, 12 июнь куни Теҳронда жойлашган «Озоди» стадионида Эронга қарши муҳим учрашувда майдонга тушади. Бу учрашувдаги ғалаба Ўзбекистонда ЖЧ-2018 турнирига тўғридан-тўғри йўлланма олиш учун яхши имконият ҳосил қилиши мумкин. Tribuna.uz сайтида спорт журналисти Раҳим Юсуфалиевнинг терма жамоа ўйини таҳлили ва Эронга қарши ўйиндаги имкониятлари таҳлил қилинган. Қуйида ушбу мақола ўзгартиришларсиз нашр қилинган.

Широқ

Теҳрондаги ўйин вақти яқинлашгани сайин хавотирларимиз тобора ортиб бормоқда. Даҳшатли «Озодий» стадиони ва ундаги ваҳимали атмосфера, футболдаги форс салтанатини қайта тиклашга тиш-тирноғи билан курашаётган Карлос Кейруш ва унинг ғалабага ташна гвардияси. Буларни хаёлидан ўтказаётган ҳар бир ўзбек мухлисининг ҳозирги аҳволига энг юқори таъсирга эга бўлган тинчлантирувчи дорилар ҳам фойда бериши мушкул. Манаман деган руҳшунослар ҳам уларнинг юрагидаги ҳадик ва ваҳимани йўқотишдек мураккаб вазифани бажаришга қодир эмас. Бу борада ҳар қандай методлар барибир фойдасиз бўлиб чиқаверади. 

Ҳозирда футболимиз атрофида пессимистик кайфият ҳукмронлик қилмоқда. Ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари мундиаллардан қуруқ қолишди, клублар ҳам ОЧЛда ҳеч нима қила олишмади. Бабаян бошчилигидаги миллий терма жамоа эса келгуси йили рус диёрида бўлиб ўтадиган мундиалга чиқиш учун имкониятини анча пасайтириб юборган. Тўғри, назарий томондан бор-йўғи 3та ғалаба термани жаҳон чемпионатига олиб чиқади. Аммо бунинг учун Теҳронда Эронни, Пекинда Хитойни ва Тошкентда Жанубий Кореяни мағлубиятга учратишдек мураккаб вазифа турибди.

РЕНТГЕН КЕРАК
Рауф Инилеев миллий терма жамоа бош мураббийи бўлиб ишлаган даврда бир гапни айтганди. Кучли терма жамоалар билан ўртоқлик учрашувлари ўтказиш керак. Улар рентгенга ўхшайди. Қайси чизиқларда камчилик бўлса, буни аниқлаб олиш имкони бўлади, қабилида гапирганди. Дарҳақиқат, 2007 йилда Осиёда тенгсиз мураббий деб тан олинган мутахассиснинг фикрига қўшилса бўлади. Фақат ЎФФдаги бемалолхўжа масъуллар бундай ўйлашмайди-да. Ҳар қалай шу пайтгача ўртоқлик учрашувлари учун рақиб танлаш масаласида ЎФФнинг қарашларини ижобий баҳолай олмаймиз. Нима учун Таиланд рақиб сифатида танлангани ҳақида ортиқча гапиришни истамайман. Бу шусиз ҳам кўп бор муҳокама қилинди. Саволни ўзгартирамиз: Эрон билан солиштирганда савия ва ўйин услуби орасида жуда катта фарқ бўлган Таиланд билан ўйин бизга нима берди?

Келинг, қиёслашда давом этамиз. Кучли рақиб ва ўртамиёна рақиб орасидаги фарқни рентгеннинг даражаси билан ўлчасак, Черногория замонавий, нисбатан аниқликда ишлайдиган вилоят шифохоналаридаги рентген, Таиланд эса туман шифохоналаридаги эскирган, йўқдан кўра бор қабилида ишлаётган рентген. Қай бири яхшироқ эканлигини ўзингиз яхши биласиз. Хуллас, Бабаян шогирдлари «туман диагностика маркази»да текширувдан ўтишди. 

Хулоса: Ҳимояда хатолар кўп, жамоавий ўйин ҳам яхши шаклланмаган, тезкор ва олдиндан ўйланган комбинациялар жуда кам, манзилсиз паслар кўп, яккакурашларда ҳам рақибга кўп ҳолларда устунлик бериб қўйилди. Кесиб пас бериш деган нарсалар бизнинг футболда камдан-кам, бўлса ҳам тасодифан амалга оширилади. Сэр Алекс Фергюссон ишлаган пайтда «Манчестер Юнайтед»да шундай ҳолатни кўп кузатардик. 2-3 нафар рақиб футболчиси орасидан аниқ тўп узатиш орқали шерикни яхши ҳолатга чиқариш ва ҳужумни тезлаштиришга эътибор. Бизнинг футболчиларимиз эса тўпдан тезроқ қутулишни ўйлаб, тўпни қийин вазиятда турган шеригига ошириб, вазиятни чигаллаштиришни «қойиллатишади». Яна орқага тўпни оширишлар кўп. Мураббийлар буни сезишмайдими?

Бир вақтлар Мадриднинг «Реал» клубида дарвозабонга тўпни узатиш жаримага тортилиши ҳақида эшитгандим. (Агар бизда ҳам шундай қилинса, футболчиларимиз қарзга ботиб кетишлари аниқ!).

РЕПЕТИЦИЯ САБОҚЛАРИ
Менимча, термамизнинг ўйини ушбу саралаш босқичида ҳали ҳам шаклланиб улгургани йўқ. Аксинча, аввалги босқичдаги ўйинимиз тамомила бошқача эди. Тўғри, рақиблар савиясида фарқ катта, лекин асосий жиҳат бу эмас. Шимолий Корея билан Тошкентдаги ўйинни эсланг. Ўша рақиб ҳам кучсиз эмасди. Биринчи бўлиб гол ўтказиб юбориб, кейин 3та тўп киритгандик. Ундан олдин охирги марта қачон шундай натижага эришганимизни билмайман (Албатта, ЖЧ-2014 саралашида Қатарга қарши ўйиндаги натижадан ташқари).

Бу ерда муҳими терма жамоанинг ўйин услуби анча мукаммал, комбинациялар рангбаранг, йигитлардаги иштиёқ жуда юқори эди. Сергеев, Жепаров ва Рашидовнинг ўша ўйинлари қаёққа кетди? Бунинг изоҳини Бабаяндан сўрайликми ёки футболимиздаги беқарорликка йўяйликми?

Яна 6 июндаги ўйин таҳлилига қайтамиз. Таиландликлар биринчи бўлиб дарвозамизга тўп киритишганди, фақат вазиятни ўйиндан ташқари ҳолатда деб баҳолаган ҳакам голни ҳисобга олмади. Учрашув репетиция мақомида ўтганини ҳисобга олсак, бу вазият таҳлилга арзийди. Ўша ҳолатда ҳимоячиларимиз пастроқ бўйли таиландлик футболчиларга ҳаводаги курашда ютқазишганди. Албатта нотўғри позиция танлангани учун. Эронликлар билан ўйинда бундай хатолар кечирилмайди. Форслар айнан стандарт вазиятдан Тошкентда Лобановни ожиз қолдиришганди. Яна бир ҳолат, учрашувда таиландликларга кўплаб стандарт вазиятлар учун имконият берилди. Шарқий осиёликлар бундай имкониятлардан унумли фойдалана олишмади. Бироқ бу эронликлар учун совғадек гап. Чунки Эрон терма жамоасида бўйдор, бош билан яхши ўйнайдиган футболчилар етарлича топилади.  

Самвел Бабаян учрашувга бир нечта янги футболчиларни чақирган бўлса ҳамки, кўпроқ аввалги таркибга эътибор қаратишни мақъул кўрди. Айниқса, Жавоҳир Сиддиқов майдонга тушишини кутгандим. Аслида, бизга майдон марказида ностандарт фикрлайдиган, яхши тезлик ва техника соҳиби бўлган ижрочи жуда ҳам керак. Ҳозирги ўйинимиз кўпроқ қанотда ҳаракат қилаётган вингерларга боғланиб қолган. Тўғри, айни пайтда ишонган ўйинчимиз Одил Аҳмедов айнан майдон марказида ўйнамоқда. Аммо Жепаров аввалгидек (балки шунга кўникишимиз ҳам керакдир, ахир ёши ҳам 35да. Зидан бу ёшида футболдан кетганди, Хави эса Қатарга йўл олганди) ўйнай олмаётганини ҳисобга олиб, Жавоҳирни Серверни ўрнида бемалол синаб кўрса бўларди. Сервер чиқиб келган пайтларда марказда кимсан Миржалол Қосимов ва Владимир Маминов бор эди. Жепаровга бир устунлик берган омил «Пахтакор» ўша пайтларда Ўзбекистонда гегемон, Осиёда ҳам ўз обрўсига эга эди. Сервер эса бу жамоада етакчилардан бири саналарди. Шу боис унда халқаро тажриба ҳам етарли бўлган. Шунинг учун унга бемалол ишониларди. Сиддиқов эса «Қўқон 1912»да бундай имкониятга эга бўлмайди. Таиланд билан ўйин эса унинг терма ўйинига мослашиши ва имкониятларини кўрсатиб бериши учун айни муддао эди. Россия U21 билан ўтказилган ўртоқлик учрашувида бу футболчи яхши салоҳиятга эгалигини англагандим.

Жалолиддин Машариповнинг терма жамоага чақирилишини роса кутганман. Хоразмлик бу йигит яхши ижрочи фақат «авжи»га келганда тўпни ортиқча ўзида олиб қолади. Агар бу камчилигини бартараф этса, термамиз учун жуда фойдали футболчига айланарди. Машариповда тезлик, техника, дриблинг ҳаммаси бор. Гап бу ерда мураббийлар унга керакли нуқтани топиб бера олишида. Фергюсон қўл остида «МЮ»нинг асосий таркибида ўйнаган Жон О'ши ва Флетчер ўртамиёна клубларда ҳам етакчи бўла олишмасди. Сколари «Бунёдкор»да катта иш қилиб қўйгани йўқ, ўзбек футболига ҳам арзуглик бирор наф бергани йўқ, аммо кўз ўнгимизда мураббийларимизга бемалол «шпаргалка» бўла оладиган сабоқни берганди 2009 йилги Тошкент дербисида. «Пахтакор»га қарши учрашувда бразилиялик мутахассис Жасур Ҳасановни чап қанотдан ҳужумга ўтказганди. Натижада Жас (Сколари уни шундай атарди) ўйин тақдирини ҳал қилувчи голларни урганди. Жасур одатда қанотда тезлиги эвазига рақибларни ортда қолдириб, кейин тўпни жарима майдончасига узатарди. Бу ерда ҳужумчилар ва рақиб ҳимоячиларига боғлиқ бўлиб қоларди гол уриш масаласи. Сколари вариантида эса у соф ҳужумчи ўрнида ҳаракатланиб, прессинг натижасида олиб қўйилган тўпни жамоадошидан дарҳол қабул қилиб, тезлик билан ҳимоячилардан қочиб кетиши орқали дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб гол уриши керак эди. Ривалдонинг идеал даражадаги тўпни узатишлари натижасида Ҳасанов режани аъло даражада бажарганди.  Массимилиано Аллегри ҳам ЕЧЛ чорак финалида «Монако»га қарши ярим финал учрашувларида аслида қанот ҳимоячиси саналган тезкор ва юқори техника соҳиби бўлган Даниэл Алвешни ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида майдонга туширганди. Натижада «Ювентус»нинг финалга чиқишида Алвешнинг ҳиссаси катта бўлди. Евро-2012 финалида Висенте дел Боске Испания терма жамоасини номинал ҳужумчисиз майдонга туширганди. Ўйин эса 4:0 ҳисобида унинг шогирдлари ғалабаси билан тугаганди. Испан мутахассиси танлаган ўша таркибда 5-6 нафар футболчи бор эдики, улар бемалол ҳужумлар ташкил қилишда иштирок эта олар, керак вазиятда гол ҳам ура оларди. Демоқчи бўлганим, мураббий футболчидан қандай фойдаланишни билиши жуда муҳим. Жамоани бир механизмга қиёсласак, ҳар бир футболчи алоҳида детал. Майдонда амплуаларга қараб футболчиларни қолиплаш тўғри эмас. Майдондаги асосий вазифа дарвозага тўп киритиш бўлар экан, бунинг учун доимо янгиликлар устида изланишда бўлиш лозим. Мақтайдими, гаров боғлайдими ёки бошқа ечим ўйлаб топадими фарқи йўқ, шогирдларини руҳлантириши ва имкониятларидан тўлиқ фойдаланиши керак. Гуус Ҳиддинк Жанубий Корея ва Россия термаларида, Шенол Гунеш Туркия термасида муваффақиятга эришишида футболчиларнинг имкониятларидан максимал даражада фойдалана олгани асосий омил бўлган. Мураббийликка яқинда кириб келган Самвел Бабаянга айнан шундай хислатлар етишмаяпти. Чунки бу таркиб билан катта натижалар қайд этса бўлади.

Вадим Абрамов ҳам, Самвел Бабаян ҳам бош жамоа бошқарувида турган вақтда ўзи ишлаган таркибга энг кучли таркиб деган таърифни берганди. Аслида ҳам шундайми ёки бу шогирдларига қандайдир ўзига хос руҳий таъсир ўтказишнинг йўлими билмадим-у жаҳон футболида шунга ўхшаган ҳолатни кузатишга ўрганиб қолдик. Бош мураббийнинг шогирдлари ҳақида тинмасдан ижобий фикр билдириши одатий ҳолатга айланиб улгурди. Конте ҳам, Зидан ҳам, Моуриньо ҳам шу усулни амалда қўллаяпти. Эҳтимол, замонавий дунё футболчилари жуда эркатой бўлиб кетишгандир. Ҳозиргилар бутса отиб қош ёрадиган Фергюссонларга эмас мақтовлар ёғдирадиган устозлар учун ўйнашни исташар? Ахир ҳозирги замон ёшлари илгаридагидек итоаткор эмас, балки болалигиданоқ эгоист бўлиб шаклланишяпти-ку!?

Абрамов гарчи Осиё чемпионлигини ваъда қилиб бажара олмаган бўлса-да, терма жамоада яхши натижага эришганди. Муҳими, ўйин услубини ўзгартиришга ҳаракат қилди, футболчилар ўзига ишониб ўйнай бошлади, натижалар борасида ўсишга эришилганди. Унинг тўлиқ шаклланмаган (ижрочилар етарли бўлмаганлиги сабабли) «каталонча» услуби кўпчиликка манзур бўлганди. Бабаян эса терма жамоадаги бор потенциалдан самарали фойдалана олмаяпти. Ҳозирги таркибда техник жиҳатдан анча юқори савияли ва тезкор футболчилар бор. Фақат улардан мукаммал ЖАМОА яратиш учун анча кучли мутахассисни жалб этиш керак эди. 

МУРАББИЙ ВА ФУТБОЛЧИЛАРГА МУРОЖААТ
Футболимиз атрофидагилар ҳозирги аҳволимиздан қанчалик безовта бўлишётган бўлса, футболимиз ичидаги мутасаддилар шунчалик хотиржамдек кўриняпти. Бу бамайлихотирликнинг меваси ўлароқ, «Озодий»даги ўйинни интиқлик билан эмас кучли хавотир билан кутишга мажбурмиз.  

Қорбобо борлигига ёшгина болакайлар ҳам ишонмайдиган замонда яшаб туриб ҳам футболдаги мўъжизаларга шу пайтгача ишониб келдик биз катталар. Энди эртакларга ишонмай қўйдик деймиз-у, барибир нимадир кутяпмиз. Худди муносабатларига сўнгги нуқта қўйилганини ич-ичидан ҳис этиб туриб, ҳатто ҳаммаси тамомлиги қулоғи тубида баралла янграган бўлса ҳам барибир маъшуқасидан кўнгил узиб кета олмаётган ошиққа ўхшайди ҳолатимиз. Негаки, у маҳбубасини қаттиқ севади. Биз ҳам Ватанимизни севамиз. Шунинг учун барига бор-э деб қўл силтай олмаймиз. Қалбимизнинг туб-тубида яшаётган нимжонгина умид бор ва биз уни йўқотишимиз мумкин бўлган дақиқалар томон соатлар сайин яқинлашяпмиз. Ана шу лаҳзаларда жаноб Бабаян биз сизга ишонишга МАЖБУРМИЗ. Фақат бу ишончимиз сизнинг мураббийлик салоҳиятингиз туфайли эмас, ЎЗБЕКИСТОН номидан курашаётганингиз учундир. Тўғри, биздан анча ақллироқсиз йўқса, терма жамоа бош мураббийлигини қандай қўлга кирита олардингиз. Аммо сиз менежерликдан мураббий бўла оласиз-у, биз мухлис ва журналист сифатида ҳеч бўлмаганда маслаҳат беришга ҳақли эмасмизми? Европада ўз сўзини айтаётган легионерлари бўлган Жанубий Корея гол ура олмаган Эронда ҳар томонлама (кайфият, иштиёқ, тайёргарлик, таркиб) устундек кўринаётган паллада уларни Широқ каби устомонлик билан енгиб бизни уялтириб ташланг! Доро куч қудратда тенгсиз қўшинга эга бўлиб бир ВАТАНПАРВАР, уддабурон чўпоннинг тадбири олдида ожиз қолганди. Жаҳон футболида тан олинган Италия мураббийлар мактабида бўлажак мураббийлар онгига энг аввало «енгилмайдиган рақибнинг ўзи йўқ» деган фалсафа сингдирилар экан. Сиз қолган учрашувларда айни шу фалсафага ишонган ҳолда шогирдларингизни ҳам ишонтиринг. Ўйинни ҳимоядан қуринг. Табиийки, ЖЧ йўлланмасини мухлислари қаршисида қўлга киритишни мақсад қилаётган рақиб кўплаб ҳужумлар қилишга ҳаракат қилади. Шогирдларингизга бундан чўчимасдан тартибли ҳаракат қилишни уқтиринг. Қатар билан ўйиндаги каби гол уриш учун шошилиш керак эмас. Рақиб томонда 30-40 метр атрофида бўш зона қолдиришни шогирдларингиздан талаб қилинг. Эрон юқори амбиция билан ОЛОВ бўлиб майдонга тушади. Сизникилар МУЗ каби совуққонлик билан вазиятлар кутсин. Бизда тезкор футболчилар кўп. Рашидов ҳам Машарипов ҳам Шомуродов ҳам тезлик эвазига вужудга келтирилган бўш зонага яхши бир пас орқали қочиб кетиб дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб кета олади. 90дақиқада 4-5 марта бундай имконият яратса бўлади. Йигитларимиз жарима майдончамизга яқин бўлган ҳудудда зич жойлашган ҳолда рақибни жон-жаҳди билан қарши олиш керак. Олдинга фақат кўпроқ 3-4 гол билан якунловчи ижрочилар керак. Вазият бўлди дегунча қарши ҳужумга тез ўтиб кетишга тайёрланиши керак улар. Қария Ферги Роналду, Руни ва Гиггз учлигидан муҳим учрашувларда шундай фойдаланган. Жарима майдони яқинида ҳимоялана туриб, прессинг натижасида тўпни олиб қўйганча, қўққисдан тезда ҳужумга ўтишни назарда тутяпман. Бундай ҳолатда майдоннинг рақиб дарвозаси жойлашган томонида катта ҳудуд очиқ қолиб кетади. 2009 йилги Конфедерациялар кубогида Дунга Бразилия терма жамоасида шунга ўхшаш услубни қўллаганди. Бразил мутахассиси бу борада Кака, Робиньо ва Баптистадан фойдаланганди.

Йохим Лёв ЖЧ-2010да Англия ва Аргентинани, Лушан «Бунёдкор»да «Ал Жазира»ни, сиз эса 2014 йилда «Пахтакор» билан «Локомотив»ни меҳмонда худди шундай усулда доғда қолдиргандингиз. Ўша Бабаян қаёққа кетди балки тушунтириб берарсиз?!

ЎФФ балки ЖЧга чиқиш вазифасини зиммангизга қўйиб амалда бунга шароит қилиб бера олмайдиган даражасидаги масъулиятсизлар ишлайдиган ташкилотдир, Бабаян бош мураббий бўлишга лойиқ эмасдир, энди буларни унутинг. Очколар ва қолган имкониятимиз, гуруҳдаги рақиблар, Эроннинг куч-қудрати, «Озодий»даги босим, ютсангиз, мақтовлари Аршу-аълогача етадиган, ютқазсангиз сиз билан қўшилиб йиғлаш ўрнига бутун сулолангизни ҳақоратлаб сўкадиган мухлислар ҳақида ўйламанг. Ютқазишдан асло қўрқманг! Елкангиздаги юк салобати босмасин сизни. Билингки, инсон фарзанди зиммасида бунданда ортиқ маъсулият бўла туриб шараф билан вазифасини адо этган. Лекин қўрқмаган, ўзини йўқотиб қўймаган. Минглаб учиб келаётган камон ўқларидан ҳам пульмотдан ёғилаётган ўқлар «ёмғиридан» ҳам, танкларни салобатидан ер зирилласа ҳам, тўплар овозидан ҳаммаёқ титраса ҳам, бомбалар ёғилиб улкан иморатлар портлаб, шаҳарларнинг кули кўкка соврилса ҳам, Ватан ва Озодлик учун жангга отланган мард ўғлонларни асло чўчита олмаган. 1914 йил қудратли Германиянинг ҳужумларини қайтаришга чоғланган француз аскарлари Верден қамали вақтида «Улар ўта олмайдилар» шиори остида жангга кирганлар ва душманни мардонавор қарши олиб ортга чекинтирганлар. Инсоният тарихида бундай қаҳрамонликлар кўп бўлган. Оила тинчлиги, Ватан озодлиги, инсоният эрки учун кураш бўлган фашизмга қарши урушларни кўз олдингизга келтиринг. Энди ўша давр аскари билан солиштирингчи, зиммангиздаги масъулият юки, ваҳима ва сизни тиззангизни қалтирашга сабаб бўладиган бошқа омилларни. Улар ҳам инсон эди, фақат қўрқмаган, балки қўрқувдан ҳам юқорироқ даражадаги ҳиссиётлар билан курашга кирган. Минг-минглаб душман ичида ўз вазифасини профессионал тарзда уддалаган разведкачи ёки миналанган майдондаги сапёрларнинг ҳаёти доим таҳликада аммо улар совуққонлик билан ишини тўғри бажаришига бу нарса халақит бермаган. Сиз ҳам профессионалсиз. Айни пайтда 32 миллионлик Ўзбекистонда энг сара футболчилар сифатида танлангансиз. Борингизни бериб ўйнанг, имкониятларингизни тўлалигича намоён қилинг, рақибдан ҳайиқманг, мардонавор курашинг! Унутманг, жангда тирик қолган қўрқоқлар эмас, бутун вужуди билан курашиб, жонини ҳам аямаган мардлар қаҳрамон бўлади!

Раҳим Юсуф Али

Кун янгиликлари
«Qorako'l Ziyo-Nur» ўқув маркази ўқувчиларининг 92,6 % талабалар сафига қабул қилинди
08:17 16031 Lifestyle
KUN.UZ Тошкент вилоятига ташриф буюради. Савол ва таклифлар қабул қилинмоқда
00:08 / 20.08.2017 12016 Ўзбекистон
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 47517 Жамият
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 21625 Ўзбекистон
Kun.uz Сирдарё ҳокими билан учрашади. Аҳолидан саволлар қабул қилинади
18:40 / 16.08.2017 8985 Ўзбекистон
21 августдаги қуёш тутилиши қачон бошланади
KUN.UZ хайрия акцияси: Жаҳонгирнинг бир оёғида операция ўтказилди, йигит барчадан миннатдор
19:03 147 Жамият
Анатолий Антонов Россиянинг АҚШдаги элчиси лавозимига тайинланди
19:01 231 Жаҳон
Ҳаётни мураккаблаштирувчи 10 хато
19:00 828 Lifestyle
Андижон шаҳрида 12 та байрам олди ярмаркаси иш бошлади
18:55 135 Жамият
Кўпроқ янгиликлар