Телеканал бир кунда 24 соат мобайнида ҳар соат аввалида янгиликлар дастурини эфирга узатади. Бироқ, бу дастурларнинг ҳозирги телеканаллар фаолиятида кузатиладиганидек, бир қолипга тушиб қолишига йўл қўйилмайди. Аксинча, янгиликлар дастури эфирга чиқиш вақти эркин бўлади. ЎзМТРК раиси биринчи ўринбосари Бобир Алихоновнинг айтишича, теле- ва радиоканал фаолияти янгиликлар пайдо бўлишига боғлиқ бўлади. 

Яъни, бирор муҳим воқеа-ҳодиса, тадбир ёки анжуман бўлиши билан, янгиликлар дастури кутилмайди, аксинча тезкорлик билан томошабинлар ва тингловчилар эътиборига ҳавола этилади. 

“O’zbekiston 24” телерадиоканали ўз фаолиятининг илк вақтларида дунёнинг 9 мамлакатида ўз мухбирига эга бўлади. Бунда, биринчи галда, Ўзбекистон жойлашган минтақа мамлакатларига эътибор қаратилади. Шу билан бирга, ЎзМТРК раисининг биринчи ўринбосари Бобир Алихоновнинг сўзларига кўра, мухбирлар тармоғи, кейинчалик, дунёнинг деярли барча қитъаларини қамраб олади.