Телевизор кўриб ўтирган уй бекаси тўсатдан жиринглаган эшик қўнғироғидан бир чўчиб тушди. Телевизор овозини пасайтириб, эшик ёнига борди. Секингина “Ким?” деб сўраган эди, “Электр идорасиданман. Қарзингиз бор экан”, деган жавобни эшитди. Ҳайрон бўлиб эшикни очди. Рўпарасида турган ёшгина йигитга кўзи тушиб, электр энергиясидан ҳеч қанақа қарзи йўқлигини айтди. Йигит уйда ундан бошқа яна ким борлигини сўради. Аёл бир ўзи эканлигини айтган ҳам эди, йигит тўсатдан унинг юзига уриб, ичкарига итариб юборди. Ўзи ҳам йўлакка отилиб кириб, яна бир марта уриб, қорнига ҳам тепди. Кейин бир қўли билан бўғиб, бақирмаслиги учун иккинчиси билан оғзини ёпди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Худди шу пайт юзини ниқоб билан яширган яна бир кимса кириб келдида, эшикни ичкаридан ёпди. Аёлни бўғиб турган йигит ҳозиргина кирган шеригига беканинг оёқ-қўлларини боғлаш ҳақида буйруқ берди. У шу заҳоти ўзи билан олиб кирган сумкадан арқон олиб, ишга киришди. Сўнгра икковлон уйни тинтишга киришишди. 700 АҚШ доллари миқдоридаги тилла буюмларни топиб, сумкага жойлашди. Аёлдан пулларни қаерга қўйганини сўрашди. У пулларини онасининг уйига олиб бориб қўйганини айтганидан кейингина, уриб-сўкканча яна хоналарни тинтиб чиқишди. Ниҳоят, 100 минг сўм топиб, бир соат ичида пулларни ариқ ичига ташлаб қўймаса, болаларини ўлдириш билан қўрқитиб, дағдаға қилишди-да, жуфтакни ростлашди.

Қўрқувдан эс-ҳушидан айрилаёзган аёл бир амаллаб қўлларини бўшатиб, ички ишлар идорасига қўнғироқ қилди...

Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгач, кўп ўтмай талончилардан бирининг отаси воқеадан хабар топиб, уни ИИБга бошлаб келди. Шундан кейин жиноятчиларнинг шахси ҳам аниқланди. Уларнинг ҳар иккиси Тошкент шаҳрида туғилган бўлиб, Ҳаким Собиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 27, Ҳусниддин Шарипов 25 ёшда. Ачинарлиси, уларни жиноятга бошлаган кимса эса жабрланган аёлнинг жияни – 1993 йилда туғилган Севара Ҳошимова бўлиб чиқди.

С.Ҳошимова таниши бўлган Ҳ.Собировга холасининг уйида анча-мунча пул борлигини айтиб, унга манзилини ҳам кўрсатади. Ўз навбатида Ҳаким таниши Ҳусниддинни “ёрдам”га чақиради. Улар уй атрофида айланиб, режа тузишади ва қулай фурсат келди, деб ҳисоблашгач, ишга киришишади.

Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди ҳар учала судланувчиларнинг қилмишларига яраша жазо тайинлади.