Германиялик велопойгачи Марсель Киттель Тур де Франс мусобақасининг еттинчи босқичида ғалаба қозонди. Таъкидлаш лозим, бу сафарги ғолибни аниқлаш ҳакамлар учун бирмунча қийинчилик туғдирди. Гап шундаки, финиш чизиғи яқинида унга норвегиялик спортчи Эдвальд Боассон Хаген тенглашиб олди. Улар сўнгги дамгача ёнма-ён бориб курашни сусайтиришмади. 

Пойгадан кейинги интервьюда Киттелнинг иқрор бўлишича, у ким ғалаба қозонганини хаёлига ҳам келтирмаган. Хаген ҳам ғолиб борасида ўз хулосасига эга бўлмаган. 

Иккала спортчи ҳам 5 соат 3 дақиқа 18 сонияда финиш чизиғини босиб ўтди. Ҳакамлар фотофинишни кўришга қарор қилишди ва бир неча дақиқадан сўнг Киттелнинг ғалабасини эътироф этишди. Маълум бўлишича, у рақибини атиги 6 ммга ва 0,0003 сонияга доғда қолдирган.

Тур де Франс мусобақасининг расмий каналида секинлаштириб намойиш қилинган видеолавҳада велопойгачиларнинг иккиси ҳам ғалабага қанчалик яқин бўлганини кўриш мумкин. Видеонинг иккинчи қисмида бир қарашда ғолибни аниқлаб бўлмаслигига ишонч ҳосил қиласиз. Бундан ташқари, финиш чизиғини босиб ўтиш жараёни акс этган видеонинг оригинали ҳам мухлислар эътиборига ҳавола қилинган. 

Шу билан Марсель Киттель энг яхши спринтернинг яшил либосига эга бўлди. Аввалроқ, мазкур шараф соҳиби бўлган француз Арно Демар, велопойгачиларнинг энг яхши ўнлигига ҳам кира олмади.