1 августдаги тест синовларини янада адолатли ўтказиш учун таклиф

Ўзбекистон 16 Июль 2017 41448

Юрист, блогер Хушнудбек Худойбердиев ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида 1 август куни бўлиб ўтадиган тест синовларини бирмунча адолатли ўтказиш учун ўз таклифини ўртага ташлади.

ОТМларга киришдаги тест синовларида адолатни, ҳаққонийликни таъминлаш ҳақида кўп ва хўб гапирилади. Бу масала нафақат бугуннинг масаласи, балки бу миллат, юрт келажаги билан ҳам чамбарчас боғлиқ.

1 августдаги тестлар муҳокамасидаги доимий бир савол бор: “Нима қилса, тестларда бутунлай ҳақонийликни таъминлаш мумкин?”. Бу саволга ҳамма ўз дунёқараши, тажрибасидан келиб чиқиб фикр, таклиф айтишга ҳаракат қилади. Ҳозирги постимда мен ҳам ўзимнинг кичик таклифимни айтмоқчиман.

Аввало бир нарсани келишиб олайлик. Ушбу мавзу бўйича энг оддий ҳақиқатлар борки, уларни тан олмасдан туриб, фикр юритиш ножоиз.

Биринчидан, имтиҳонларда 100% адолатни таъминлаш қийин, балки имконсиз ҳамдир. Бу кўп факторларга боғлиқ. Масалан, илмсиз бирор абитуриент таваккалига ҳамма саволга бир хил ҳарфли вариантни белгилаб чиқсаю, омади келиб ўқишга кирса, аслида бу ҳам том маънода адолатсизлик.

Иккинчидан, кириш жараёнларидаги адолатни битта таклиф билан ёки битта ислоҳот билан таъминлаб бўлмайди. Бунинг учун комплекс чора-тадбирлар зарур. Бундай деяётганимнинг боиси, ҳукумат томонидан айрим янгиликлар қилинган пайти баъзи инсонлар “бу билан ғирромлик бутунлай йўқолмайди-ку, шу ҳам янгилик бўлдими” дея асоссиз эътироз билдиришади. Худдики биттагина қарор қабул қилинсаю, шу қарор билан 100% ҳаммаси яхши бўлиб кетса, деб умид қилишади. Бундай бўлмайди. Буни тўғри қабул қилиш керак.

Энди таклифимга келсам. Аслида қуйида ёзилганлар янгилик эмас. Ўзим ўйлаб топганим йўқ. Шунчаки қоғозда бор, аммо амал қилинмайдиган бир қоида ҳақида.

Қонуний асос

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сонли қарори билан тасдиқланган Низомда ҳам, бунгача амалда бўлган Низомларда ҳам бир қоида бор. Яъни агар абитуриент тест синовларига ўзи билан шпаргалка, телефон, калькулятор ва ҳ.к. ёрдамчи воситаларни олиб киришга уринса, ўша абитуриент тест синовларидан четлатилади, имтиҳонга киритилмайди.

Тасаввур қиляпсизми, ҳали абитуриент ўша воситалардан фойдалангани йўқ, ҳали ичкарига киргани йўқ, шунчаки олиб киришга уринди холос. Лекин шундай бўлсада амалдаги қонунчилик бўйича бундай нопок йўлга уринган абитуриент тестдан четлатилиши керак.

Бизда ҳолат қанақа?

Бизда лекин бунга амал қилинмайди. Ҳаттоки ОТМдагилар олдиндан руҳан бу қоидага амал қилмасликка тайёрланади – яъни олдиндан қўлга тушадиган телефонлар учун рақамланган конвертлар тайёрлаб қўйишади.

Пойабзалининг тагида телефон олиб киришга уринган абитуриентга ҳурмат-иззат кўрсатишиб, қўлига алоҳида рақам бериб, имтиҳонга киритиб юборишади. Тестдан чиққандан кейин анави абитуриент “Телефонимни тез топиб беринглар” деб дағдаға ҳам қилади.

Таклиф қандай?

Таклифим оддий – қоидага амал қилиш керак! Тестга шпаргалка ёки телефон каби воситалар олиб киришга уринган абитуриентларни ўша заҳоти имтиҳондан четлатиш керак. Тамом! Таълимда кечириш, кўнгилчанлик, истисно бўлмаслиги керак. Қаттиққўл, қатъий қарор қабул қиладиган пайт келди!

Қандай амалга оширилади?

Бундай кескин қарорга ўтишдан олдин обдон тарғибот ишларини олиб бориш керак. Бунда:

- Телевидение орқали тест кунигача тинимсиз ижтимоий роликларни айлантириш керак. Яъни “бу йилдан бошлаб телефон олиб киришга уринганлар тестдан четлатилади. Ўз билиминга ишон! Таваккал қилиб, ғирром йўлини танлаб, 1 йил умрингни кетказма” деган мазмундаги роликни ҳар куни 20-30 марта ҳар бир телеканалда айлантириш керак. Ота-оналар ҳам кўриши лозим;

- ДТМ варағини тарқатиш пайтида тилхатга қўл қўйдириб, огоҳлантириш хати бериш керак. “Ҳой, ўзингга қара, нопок йўлни танлаб, кейин бизни бошимизни оғритиб юрма” маъносида;

- Тест куни имтиҳон бўладиган биноларнинг кириш эшиги тепасида катта қилиб эълон ёзиш керак. “Ҳалиям кеч эмас, бемаъни фикрингдан қайт ва таваккал қилма” қабилида.

- Тест ўтадиган жойларда олдингидек рақамланган конвертлар тайёрланади. Фақат бу сафар ўз хоҳишига кўра телефонини топширганлар учун ишлатилади;

- Агар ўз хоҳишига кўра бермасдан, текширувчи текширгандан кейин абитуриентдан чиққан қандай восита уни тестдан четлатишга асос бўлади. Ҳеч қандай раҳмдиллик бўлмаслиги керак! Ҳеч қандай! “Вой, билмай қолибман, пушаймонман, оёқларим тагига ёки уларнинг орасига қандай қилиб телефон тушиб қолганини билмайман” деган эртаклар инобатга олинмаслиги лозим.

- Абитуриентлар йиғлайди, сиқтайди, дод солади, бирон шантажлари ўзимни ўлдираман, дейди. Қулоқ солмаслик керак, тамом! Битта истисно қилиндими, мақсадга эришилмайди.

Нима фойдаси бор?

Фойдаси кўп.

- Агар ўқишга қинғир йўл билан кирадиган усуллар ҳақида сўз кетса, аксарият абитуриентлар ўз ишларини “кўчадаги уддабурон”лар орқали ҳал қилиши, улар эса асосан ўз жавобларини телефон орқали етказиши маълум. “Паравоз”, “снайпер”, “бункер” каби усуллар ташкилий томондан бироз мураккаброқ ва шу сабабли ҳам телефонга қараганда камроқ одам бундай харажатларга маблағ топади.

- Кириш пайти минг чиғириқдан ўтказишса ҳам, барибир ичкарида телефондан фойдаланадиганлар сони жуда-жуда кўп. Чунки ҳеч ким оқибатидан қўрқмайди ва абитуриентларнинг 90%и онгли равишда ёрдамчи воситалар олиб киришга уринади. Агар таклиф этилаётган усул қўлланилса, 40-50% абитуриент таваккал қилмайди. 1-йили оммавий равишда ҳамма ғирромчилар тестдан четлатилса, кейинги йили 80% абитуриент телефон олиб киришдан воз кечади.

- Бу кўчадаги “қора бозорга” ҳам таъсир ўтказмай қолмайди. Сабаби кўпчилик “уддабурон”лар ўз таклифларини айнан телефон билан боғлашади. “биз зўр домлаларни йиғиб қўямиз, сен телефон орқали саволни ўқийсан ёки расмга олиб флешкани жўнатасан, биз жавобларини телефонда айтамиз” деган таклифлар энг кўп учрайди. Агар таклиф этилаётган усул қўлланилса, автоматик равишда мана шундай “уддабуронлар”нинг бозори ўлади.

Танганинг бошқа томони

Масаланинг яна бир томони бор. Ушбу таклиф ишга тушса, унда бошқача йўлга ўтишади. Яъни телефонларни тестдан бир кун олдин аудиториянинг ўзига олиб кириб бериш бўйича таклифлар кўпаяди. Қабул комиссияси масъул вакили, институт ходими, бино қоровули ёки имконияти бор бошқа инсонлар телефонни олиб кириб бериш шарти эвазига яхшигина пул сўрашни бошлайди. Хўш, бундай вазиятда оддий халқ жабр кўриб, пули кўпларга, имконияти борларга осон бўлмайдими?

Йўқ, аксинча! Мен бошқача фикрдаман.

Қаранг, ҳозир ҳам тест пайти телефондан фойдаланаётганлар кўп, шундайми? Ўша аудиториядаги бошқа абитуриентлар ана шундай қинғир йўлдан фойдаланаётганларга бепарво бўлади. “Ҳой, телефонингни олиб қўй” демайди ёки кузатувчи, назоратчиларга бу ҳақида хабар бермайди. Нима учун? Чунки ўзини ёнида ҳам телефон бўлади-да! Ҳамманинг кўнглида қинғир ният бўлгандан кейин, кўр кўрни қоронғуда топади деганларидек, улар ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлайди.

Энди вазият ўзгарди, мен айтган таклиф ишга тушди. Кириш чоғида қўлга тушган абитуриент аяб ўтирилмасдан четлатилди. Бундан қўрққанлар, гарчи керак бўлса ҳам, ноилож телефонини ташлаб киришди. Аудиторияда деярли ҳамма аламзада. Мана шунақа пайти биронта “крутой”га телефон олиб кириб беришган бўлса, унда қолганлар уни “талаб ташлайди”. Нега биз олиб кира олмаймизу, сен фойдаланасан, дейишади. Ичкарида жамоатчилик назорати табиий йўл билан кучайди. Бу оддий психология.

Кейинчалик бундай назорат бункер, паравоз, снайпер кабиларга ҳам ўтади. Телефондан омади келмаганлар, ҳеч нарсасиз тестга кирганлар қолганларни ҳам ҳалол бўлишини хоҳлайди ва биргн қинғирликни кўргач, жанжал қилади, курашади.
Ҳозир ҳалоллардан қинғирлар кўплиги учун уларнинг овози чиқмай қоляпти холос.

Якуний фикрлар

Яна бир бор айтаман, бу усул муаммони тўлиқ ечмайди. Қисман ёрдам беради холос. Лекин вазиятга реал кўз билан қарасак, мана шу оддийгина қарор орқали муаммонинг катта фоизи ечилади.

Қатъийлик пайти келди. Кескин қарорларни қабул қилиш лозим. Бой берилган ҳар бир кун йилларга тенг бўлиши мумкин.

Сизчи? Сизнинг бу борадаги фикрингиз қандай?

Хушнудбек Худойбердиев.
блогер

Таҳририятдан: "Қайта алоқа" шаклимиз орқали ёки info@kun.uz электрон манзилимизга масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларингизни жўнатишингиз мумкин. Энг сара фикрлар сайтимизда ёритилади.

Кўпроқ янгиликлар