Курд аксилтеррорчилик кучларининг юқори мансабли вакили Лаҳур Талабанийнинг маълум қилишича, ИШИД террорчилик гуруҳи раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий, катта эҳтимол билан тирик ва Раққа шаҳридан жанубда яширинган. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар бермоқда.

Аввалроқ Ироқ ИИВнинг разведка ва аксилтеррор амалиётлар хизмати директори Абу Али ал-Басрий ИШИД раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийнинг ўлими ҳақидаги охирги хабарларни тасдиқламагани хабар қилинганди. Унинг сўзларига кўра ҳам, ИШИД етакчиси айни вақтда Сурия ҳудудида, Раққа яқинида яширинган бўлиши мумкин.

Талабанийнинг агентликка маълум қилишича, ал-Бағдодий тирик эканига 99 фоиз ишончи комил. 

Охирги марта 11 июль куни ОАВда ИШИД жангарилари ташкилот раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийнинг ўлимини тасдиқлашгани ҳақида хабар тарқалганди. Кўп ўтмасдан Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ИШИД раҳбари ҳалок бўлганини тасдиқловчи маълумотга эгалигини маълум қилди.

Қайд этиш керакки, террорчилар «халифа»си ўлдирилгани ҳақидаги жуда кўп марта хабар тарқатилган. Хусусан, Эрон телеканалларидан бири унинг жасадини ҳам кўрсатди. Россия мудофаа вазирлиги ҳам ал-Бағдодий рус авиазарбаларидан кейин ўлган бўлиши мумкинлигини айтган.

Бироқ ҳеч бир манба унинг ўлимини расман тасдиқламаган. Жумладан Пентагон ҳам.