Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, лойиҳа бошқарувининг ягона ахборот тизимини яратиш орқали давлат ва ҳудудий дастурлар, инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини, молиявий маблағлар сарфланишини бошқариш механизмларининг самарадорлиги ва шаффофлигини янада ошириш, шунингдек 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсад қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими:

  • ҳар бир ресурснинг (товарлар, ишлар ва хизматларнинг) ҳақиқий бозор қийматини шакллантириш ҳамда нотўғри техник топшириқ ва сметаларни юритишга йўл қўймаслик имконини берадиган ресурслар ягона миллий маълумотномасини жорий этишни;
  • уч ўлчамли лойиҳалаш технологиясидан фойдаланган ҳолда ресурслар ҳисобини юритиш, лойиҳа бўйича қабул қилинган қарор самарадорлигини баҳолаш, ресурслар миқдори ва турлари тўғри белгиланганлигини аниқлашни;
  • лойиҳаолди, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тегишли жараёнлардан ўтказиш, ижро интизомига риоя этиш, иш юритуви, ҳисоботлар тузиш устидан электрон назорат ўрнатишни;
  • давлат харидларининг шаффофлигини ва суиистеъмолчиликларнинг олдини олишни таъминлайдиган ягона автоматлаштирилган тизим ташкил этишни;
  • ишлар бажарилиши ва дастурлар ижросининг ҳақиқий ҳолатини акс эттирувчи календарь-тармоқ режалаштиришни жорий этишни, шунингдек хабардор қилиш тизимига эга режа ва жадвалларни шакллантиришни;
  • бошқарув қарорлари қабул қилишнинг назорат-таҳлилий таъминотини назарда тутиши белгилаб қўйилмоқда.

Фармонга асосан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ташкил этилмоқда.

Агентликнинг асосий вазифалари қуйидагилар этиб белгиланади:

  • Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини яратиш, жорий этиш ва эксплуатация қилиш;
  • Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси томонидан жалб этиладиган хорижий кредитлар, заём ва грантлар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган давлат ва ҳудудий дастурлар, инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишининг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш;
  • ресурсларнинг ҳақиқий бозор қийматини шакллантириш ҳамда нотўғри техник топшириқ ва сметаларни юритишга йўл қўймаслик имконини берадиган ресурслар ягона миллий маълумотномасини юритиш;
  • давлат харидларини амалга ошириш учун ягона ахборот майдонини яратиш;
  • Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси томонидан жалб этиладиган хорижий кредитлар, заём ва грантлар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида амалга оширишга кўмаклашишни таъминлаш, норентабелли ва самарадорлиги паст лойиҳаларни аниқлаш;
  • давлат органлари ва бошқа ташкилотларда замонавий технологияларни жорий этиш концепциялари ишлаб чиқилиши ва ҳар томонлама таҳлил қилинишини таъминлаш;
  • лойиҳаларни, шу жумладан амалга оширилаётган лойиҳаларни коррупция ва бошқа суиистеъмолчиликлар аломатлари мавжудлиги юзасидан комплекс техник-иқтисодий таҳлил қилиш;
  • Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими ишлашини таъминловчи замонавий ахборот-коммуникация технологияларини давлат органлари ва бошқа ташкилотларда жорий этиш;
  • лойиҳа бошқаруви соҳасида кадрларни ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш.

Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади. Агентлик директори мақоми, тиббий ва транспорт таъминоти шартлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчисига, директор ўринбосарлари эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси ўринбосарига тенглаштирилади.