«Северсталь» асосий акциядори Алексей Мордашов Forbes Real Time рейтинги биринчи поғонасидан «Новатэк» ҳаммуассиси Леонид Михелсонни тушириб юбориб, Россиянинг энг бой бизнесменига айланди, деб ёзади Forbes.

Айни пайтда Мордашовнинг бойлиги 16,8 миллиард долларга баҳоланмоқда. Михельсоннинг йиққан-тергани — 16,2 миллиард доллар. Учинчи ўринда аввалгидек, Новолипецк металлургия комбинати эгаси Владимир Лисин бормоқда (16,1 миллиард).

Forbes’нинг тушунтиришича, рейтинг етакчилигидаги ўзгариш «Новатэк» акциялари нархининг тушиши натижасида Михельсоннинг бойлиги миқдори камайгани туфайли юз берган. Агар йиллик рейтинг тузилишида газ қазиб чиқарувчи компаниянинг қимматюбаҳо қоғозларининг донаси 13,3 доллардан сотилган бўлса, 31 июль куни уларнинг баҳоси 10,2 доллардан бўлган. Натижада, Михельсон капиталининг баҳолаш қиймати 2,2 миллиард долларга камайган.

Апрель ойида Forbes «Новатэк» ҳаммуассисининг бойлигини 18,4 миллиард долларга баҳолаб, кетма-кет иккинчи йилдирки, уни Россиянинг энг бой бизнесменлари рўйхатининг биринчи поғонасига жойлаштирган эди. Иккинчи ўриндаги Мордашовнинг бойлиги 17,5 миллиард долларга баҳоланаётган эди. Учинчи ўринни ҳозиргидек Лисин эгаллаганди. 

Апрель ойидаги рейтингда Алишер Усмонов 15,2 миллиард доллар бойлик билан Геннадий Тимченко (16 млрд.) дан кейин бешинчи поғонани эгаллаб турган эди.