Жаҳон кўкрак сути билан озиқлантириш ҳафталиги ҳар йили август ойининг дастлабки кунлари 1-7 августда нишонлаб келинади. Ҳафта давомида фарзандларни кўкрак сути билан озиқлантириш бўйича тарғибот ишлари амалга оширилади. 

Бу йилги ҳафталикнинг шиори - “Кўкрак сути билан озиқлантиришни биргаликда қўллаб-қувватлайлик!” Бунинг боиси - кўкрак сути билан озиқлантириш биргина эмизикли аёлга тегишли бўлган иш эмас. Бунга биз ҳаммамиз – оила аъзолар, дўст-у-биродарлар, маҳалла, қолаверса, бутун жамият ва давлат – масъулмиз. Бу масалани ўз вақтида тушуниб етишимиз лозим, чунки болалар ҳаётга келишининг илк кунлариданоқ уларга ғамхўрлик кўрсатиш, яхши озиқлантириш ва парваришлаш учун оналарга шароит яратиб бериш – миллат келажаги тўғрисида қайғуриш демакдир. Буни амалга ошириш ўз қўлимизда. Биргаликда бу ижобий амалиётни қўллаб-қувватлайлик! 

Кўкрак сути билан озиқлантириш тўғрисидаги қизиқарли фактларга мурожаат қилсак:

• Она сути билан озиқлантиришнинг оптимал амалиёти ҳар йили 20,000 аёлни кўкрак саратони ёки тухумдон саратони туфайли ҳаётдан кўз юмишини олдини олишга ёрдам беради.

• Кўкрак сути орқали оналар ўз фарзандларига иммунитет улашишади. Бу еса болаларни шахсий иммунитет шакллангунга қадар турли хавф-ҳатардан ҳимоя қилади. 

• Агар дастлабки 6 ой давомида фақат кўкрак сути билан боқилган болалар билан умуман эмизилмаган ёки 6 ойга тўлмасидан олдин кўкракдан чиқарилган болаларнинг саломатлик кўрсаткичлари солиштирилса, биринчи гуруҳдаги болалар иккинчи гуруҳдагиларга нисбатан юқумли касалликларга камроқ чалиниши ҳамда ўлим кўрсаткичлари ҳам пастроқ бўлиши исботланган.

Кўкрак сути билан фарзандни озиқлантириш - бу табиат инъомидир. Келинглар, ҳар бир туғилаётган гўдак ҳаётининг илк кунларини меҳр-муҳаббатга тўла бошлаши учун оналарга биргаликда кўмаклашайлик.