2017 йилнинг 3 август куни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТ Бош котибининг Махсус вакили, БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссияси (БМТАЁМ) раҳбари Тадамичи Ямамотони қабул қилди. 

Учрашувда Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши нуқтаи назаридан долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликнинг ўрнатилиши, ушбу қўшни давлат билан дўстона алоқаларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ташқи сиёсатнинг асосий устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон томони Афғонистон масаласини ҳал этишнинг асосий шарти Афғонистонда ички келишувга эришишдан ташқари минтақавий даражада консесус ҳамда йирик халқаро миқёсда ўзаро англаш ва умумий ёндашувларнинг мавжудлиги деб ҳисоблайди.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Афғонистон билан ўзаро манфаат касб этадиган турли йўналишларда, жумладан сиёсий мулоқотни, савдо-иқтисодий ва маданий гуманитар ҳамкорликни жадаллаштириш орқали муносабатларни фаоллаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширмоқда. Айнан шу мақсадларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили институти ташкил этилди.

Тадамичи Ямамотога Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Марказий Осиёда хавфсизлик муаммолари бўйича халқаро конференция тўғрисида маълумот берилди. Мазкур тадбирни БМТ шафелигида ўтказиш режалаштирилмоқда.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бошқа масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашувда БМТ Резидент-координатори, Тараққиёт дастурининг Доимий вакили Ҳелен Фрейзер иштирок этди.