«Мактаблар ободонлаштириш ишларида қатнашиш ташаббуси билан чиқмоқда. Бу ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда» — Ҳокимлик

Ўзбекистон 04 Август 2017 15013
Фото: nuz.uz

Самарқанд шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати жорий йилнинг 29 июль куни Кун.уз сайтида эълон қилинган
«Гап бошқа, иш бошқа: ўқитувчи ва шифокорлар мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда» мақоласига муносабат билдирди.

Самарқанд шаҳри ободлигига барчамиз масъулмиз

Қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳримиз Самарқанд кейинги йилларда янада чирой очиб, сайқал топиб бораётганлигига барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз. Қувонарлиси, шаҳримиздаги қурилиш-бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари нафақат юртдошларимиз, балки сайёҳ сифатида Самарқандга ташриф буюраётган хорижлик меҳмонлар томонидан юксак даражада эътироф этилмоқда. Шаҳарда довруғли халқаро анжуманлар ўтмоқда, ғарб ва шарқ архитектураси уйғунлашган мазкур қадимий кентга ташриф буюришни, уни яна бир бор келиб, томоша қилишни дилида тугган инсонлар сони ортиб бораётганини таъкидлаш жоиз.

Шаҳар кўчаларининг кенгайтирилаётгани, Президентимиз ташаббуслари билан замонавий трамвай йўллари ўтказилаётгани — бугун ҳар бир самарқандликнинг кўз ўнгида шаҳар мутлақо янгича қиёфа касб этиб бораётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Савол туғилади: бу гўзал маскан қандай сайқал топмоқда? Қандай қилиб гўзаллашиб бораётир? Уни кимлар обод қилаяпти?

Албатта, барчасига биринчи навбатда самарқандликларнинг ўз шаҳрига нисбатан муҳаббати билан эришилаяпти, деб жавоб беришимиз мумкин. Чунки барчамизнинг фахримиз бўлмиш шу азиз маскан бизнинг она шаҳримиздир. Унинг ободлигини, гўзаллигини таъминлаш самарқандликман, деган ҳар бир фуқаро ёшу-қари, аёлу-эркак, раҳбару оддий ишчи-ходим учун ҳам фарз, ҳам қарз. Шуни мамнуният билан айтиш мумкинки, бугун она шаҳрини севувчи, уни кўз қорачиғидек асровчи ҳамшаҳарларимиз жуда кўп.

Ҳозир Самарқанднинг биргина Рўдакий кўчасида эмас, қаеригаки борманг кенг кўламда қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганига гувоҳ бўласиз.

Мақола муаллифи Тўра Мурод журналистик этикага риоя қилиб, ушбу масала юзасидан шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилганида ёки бунёдкорлик ишлари олиб борилаётган кўчага борганида ҳам бунга ўзи гувоҳ бўлар эди. Муаллиф ўз мақоласида тилга олиб ўтган Рўдакий кўчасидаги ободончилик, бунёдкорлик ишларини ҳашар йўли билан амалга оширишда ҳам фидойи самарқандликлар ташаббус билан чиқишганини таъкидлаш жоиз. Чунки самарқандликман деган ҳар бир киши ўз она шаҳрида амалга оширилаётган эзгу ишларга четдан қараб тура олмайди. Бу бугун ё кеча пайдо бўлиб қолган ҳолат эмас, бу азалдан — аждодлардан авлодларга мерос бўлиб ўтиб келган, шаклланган қадрият.

Чунончи, мақолада тилга олинган вазият бўйича шаҳар ҳокимлиги девони ходимларидан 18 нафар, Самарқанд шаҳар ХТМФМТЭ бўлимига қарашли 75 та умумтаълим мактаблари орасидан ҳудудга яқин бўлган 12 та умумтаълим мактаби жамоаси июль ойи бошларида бундай хайрли ишга бош қўшиш мақсадида ташаббус билан чиқишди. Бундан ташқари, шаҳардаги айрим корхона ва ташкилотларнинг техник ходимлари ўз ташаббуслари билан шаҳарда амалга оширилаётган хайрли ишларга бош қўшишни мақсад қилиб, мурожаатларга лаббай деб жавоб беришди. Уларнинг ушбу ташаббуси қўллаб-қувватланди, шаҳар ҳокимлиги томонидан ишлар тартибли ва тез муддатда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида уларга ҳудудлар тақсимлаб берилди, холос.

Мухтасар қилиб айтганда, азиз қадамжолар маскани ҳисобланмиш Самарқанднинг мана шундай обод ва кўркам масканга айланишида бошқаларнинг эмас, қалбидарё ва меҳнаткаш самарқандликларнинг беминнат меҳнати ётибди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Кўпроқ янгиликлар