Шавкат Мирзиёев навбатдаги хорижий сафарга тайёргарлик кўрмоқда

Ўзбекистон 04 Август 2017 75965

Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёевнинг кейинги хориж сафари Жанубий Кореяга амалга оширилади. Президентнинг ўзи Тошкент вилоятида ўтказилган йиғилиш давомида Корея сафарига тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида маълум қилган.

Маълум бўлишича, Тошкент вилоятининг Паркент туманида эркин иқтисодий зона ташкил этилади, ушбу туман иқтисоди ривожлантирилиши учун кореяликлар инвестицияси жалб этилади.

«Ургут тумани намунасида Паркент тумани эркин иқтисодий саноат зонаси ташкил этилади. Туманда 100та дам олиш маскани ва санаториялар барпо этилади, Паркентда битта, Оҳангарон туманида иккита сув омбори қурилади.

Очиғини айтсам, паркентликлардан қарзимиз бор. 25 йил ичида бу ерда биронта бино қурмадик, биронта корхона очмадик. Эски тос, эски ҳаммом.

Ҳозирда Корея Республикасига сафарга тайёргарлик кўряпмиз. Бу давлат раҳбарияти билан Корея инвестициясини Паркентда эркин иқтисодий зона ташкил этиш, туманни ривожлантириш учун жалб этишни муҳокама қиламиз. Паркентнинг меҳнаткаш халқи буни сабр билан кутяпти», деган президент.

Ҳозирча ташриф санаси маълум эмас.

Қайд этиш керакки, бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Корея республикаси элчиси Квон Ён У билан учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат чоғида турли даражаларда бўлажак Ўзбекистон-Жанубий Корея учрашувлари жадвали, кун тартиби ва бошқа амалий масалалари муҳокама қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев йил бошидан буён 5та давлатга борди. Президентнинг илк ташрифи 6-7 март кунларида Туркманистонга бўлганди. Кейинги ташрифлар Қозоғистон, Россия, Хитой ва Саудия Арабистонига бўлди. Президент Туркманистонга икки марта (6-7 март, 19-20 май кунларида), Қозоғистонга 3 марта (22-23 март, 29 апрель, 8-9 июнь кунлари) борди.

Кўпроқ янгиликлар